Дайжест
14 сентябр 2016

«Намунали яккаҳоким»

Немис ОАВларида Ўзбекистон президенти вафотига оид эълон қилинган мақолаларда, асосан, Каримовнинг қаттиқўлликка асосланган узоқ йиллик ҳукмронлигининг зиддиятли мероси, бу унинг Ғарб мамлакатлари, айниқса, Германия билан илиқ муносабатларига таъсир этмагани, шунингдек, ворисга тааллуқли ҳал этилмаган масалалар тўғрисида фикр юритилади.

Немис ОАВлари август ойининг охирги кунларида Ўзбекистондан келаётган янгиликларнинг бир-бирига зидлиги ва Ислом Каримовнинг соғлиғи ҳолатига оид ноаниқликларга эътибор қаратди. Каримовнинг ўлими ҳақида расман эълон қилингунига қадар немис ОАВлари бу мавзу юзасидан чуқур таҳиллар ва шарҳларга кўп ҳам ўрин бергани йўқ. Энг нуфузли немис газетаси бўлмиш Die WELT ўзбек диктатурасини ишончли маълумотларни фақат муайян муддат ўтгандан кейингина олиш мумкин бўлган «қора қути»га менгзади.

«Қаттиқўлликка асосланган авторитар бошқарув»

Немис матбуотидаги Ўзбекистондаги воқеалар шарҳланган барча мақолаларда Каримов ўрнатган ва Ўзбекистон президенти лавозимидаги 25 йиллик ҳукмронлиги давомида ривожлантириб келган авторитар ва репрессив тузум ҳақида эслатилади. Масалан, Deutsche Welle Ўзбекистондаги сайловларда рақобат, тўла фаолият юритадиган ҳокимият тақсимоти ва сиёсий мухолифат йўқлигини хабар берди. У сиёсатшунос Уве Хальбахдан («Фан ва сиёсат» жамғармаси вакили) иқтибос келтириб, Каримовни «постсовет ҳудудидаги намунали автократ президент», Ўзбекистондаги сиёсий тизимни эса «Россиядагидан ҳам ёрқинроқ намоён бўлган тўлиқ президентлик бошқаруви», дея таърифлади.

SPIEGEL Online Ўзбекистон ҳеч қачон демократик мамлакат бўла олмаганини, бу давлат ғирром сайловлар, ҳар қандай мухолифатга нисбатан шафқатсиз қатағонлар ва тизимли қийноқларга асослангани тилга олди. Тузумни танқид қилганлар жим бўлишга мажбурланди ёки кўпинча терроризмда айбланиб қамоққа тиқилди.

ZEIT Online Каримов мамлакатда хавфсизликни қатағон ва зўравонликлар воситада таъминлаган Ўзбекистонни «минтақадаги энг шафқатсиз диктатура» ўлароқ Туркманистон билан бир сафга қўйди.

TAZ.de ҳам шундай нуқтаи назарда бўлиб, Ўзбекистонни сўз эркинлиги ёки бирорта ҳуқуқий мухолифат бўлмаган, аммо қийноқлар кенг кўламда қўлланиладиган «дунёдаги энг шафқатсиз диктатуралардан бири», деб атади. Немис тилида энг кўп нусхада чоп этиладиган BILD нашри Каримов бошқарувини «Freedom House» ташкилоти индексига кўра 180 мамлакат орасида 166-ўринни эгаллаган «қатиққўликка асосланган авторитар бошқарув» сифатида таърифлади.

Каримов бошқарувининг репрессив ҳаракатлари ҳақида гапирилар экан, немис ОАВларидаги кўплаб мақолаларда, масалан, Süddeutsche Zeitung, Tagesschau.de, Frankfurter Allgemeine Zeitung ва Deutsche Welleда 2005 йилги Андижон воқеаларига ишора қилинади.

Süddeutsche Zeitung, Frankfurter Allgemeine Zeitung ва SPIEGEL Online пахта секторидаги мажбурий меҳнатга оид давлат сиёсатига урғу беради.

«Сўнгги совет динозаври»

Süddeutsche Zeitung Ўзбекистонда совет даври тузилмалари шу кунгача қанчалик даражада сақланиб қолганини кўрсатиб берди: ворислик масаласи ҳал этилмай туриб, етакчининг нафақат ўлими, балки касаллиги ҳақида ҳам очиқ гапириш диктатураларга хос эмас. Шу боис, Ўзбекистон халқи фақат Каримовнинг ўлимидан сўнггина бу мавзуга оид янгиликлардан хабардор этилди ва ворис масаласини ҳал этишда иштирок этишдан четлаштирилди. Бошқа постсовет мамлакатлари каби Ўзбекистон ҳам эркинлик ва демократиянинг ярим йўлида тўхтаб қолди ва унга етиша олмади. Бу каби давлатлар Совет Иттифоқи меросига асосланиб яшайди. Каримов каби ҳокими мутлақлар ўзлари яратган тизимни бошқаради ва бунда ўзларининг шахсий манфаатларига мослаштирилган эски ҳокимият тузилмаларига суянади.

Ўзбекистон совет тузуми шароитларида яшашда давом этаётгандек таассурот уйғотиши ҳақида немис матбуотида эълон қилинган бошқа мақолаларда ҳам айтиб ўтилади. Масалан, TAZ.de да чоп этилган мақолада Каримов Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев билан бирга «сўнгги совет диназаврлари» сифатида тилга олинади.

Элита киборларча ҳаётдан роҳатланаётган бир пайтда халқ қашшоқликда яшамоқда

Немис ОАВлари Каримов коррупция чуқур ва кенг даражада қулоч ёзган ҳамда сезиларли иқтисодий муваффақиятларга эришилмаган, таназзулга учраган мамлакатда қандай яшаганини баён этади. SPIEGEL Online, ZEIT Online ва Süddeutsche Zeitung мамлакат табиий захираларга бой бўлса-да, аҳолининг катта қисми қашшоқликда яшаётган бир пайтда ҳукумат элитаси киборларча ҳаёт тарзидан лаззат олаётганини билдиради.

«Халқаро майдонда жавлон уриш»

Немис ОАВларидаги аксарият мақолаларда инсон ҳуқуқлари мунтазам бузилиши ҳақидаги айбловларга қарамай, Ғарб мамлакатлари, аввало, Германия ва АҚШ бу тузум билан ҳамкорлик қилиб келгани эслатилади. TAZ.de Ўзбекистон кўп йиллар давомида «халқаро ҳамжамият эътиборидан исиниб келгани»ни таъкидлайди. Гарчи Германия ва АҚШ яқинда мамлакатдаги ҳарбий иштирокини тўхтатган бўлса-да, терроризмга қарши кураш борасидаги янги ҳамкорликка дебоча яратмоқда. Глобал миқёсда ҳаракат қилувчи Россия ва Хитой каби «ўйинчилар» Deutsche Welle ва Tagesschau.de да минтақадаги таъсир доираси энг юқори ҳамкорлар сифатида тилга олинади ҳамда Ўзбекистоннинг стратегик ва иқтисодий ҳаётида рақобатли манфаатларга эгалиги таъкидланади.

Ҳал этилмаган мерос масаласи

Немис ОАВларидаги барча мақолаларда Ислом Каримовнинг вориси ким бўлиши мумкинлиги муҳокама этилди ва минтақадаги эҳтимолий беқарорлик таҳдиди масалаларига тўхталиб ўтилди. Бошқа немис ОАВларидаги каби Tagesschau.de да мамлакатда ҳокимиятнинг адолатли алмашинуви эҳтимоли жуда камлиги айтилди. Аксарият ОАВлар, хусусан, BILD, Deutschlandfunk, Tagesschau.de ва Deutsche Welle ҳокимиятдаги бўшлиқни минтақадаги беқарорликнинг эҳтимолий манбаи сифатида кўрмоқда.

Ўзгаришларга умид кам

Немис ОАВлари ворис сифатидаги уч нафар эҳтимолий номзодни тилга олди: куни-кеча президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланган амалдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев, молия вазири Рустам Азимов, Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) раиси Рустам Иноятов. Оилавий можаролар эътиборга олиниб, Ислом Каримовнинг қизлари отасининг ҳокимиятига реал номзод сифатида кўрилаётгани йўқ. Кўплаб немис ОАВлари (масалан, Die WELT ва SPIEGEL Online) Каримовнинг ўрнига унинг яқин атрофидан чиққан, «ота» ролини бажарадиган бошқа бир кучли етакчи – «иккинчи Каримов» келишини башорат қиляпти. Унинг ким экани муҳим эмас, бирорта немис ОАВси мамлакатда ўзгаришлар бўлишига некбинлик билан қарамаяпти. Гарчи энг сўнгги «совет аппаратчилари»дан бирининг кетиши минтақадаги муайян даврнинг тугашини белгилаб берган бўлса-да, унинг кетидан либералроқ кунлар келишини кутиш учун асослар йўқ (Die WELT).

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 март 2019
Одамлар эски пайтда турлиликка тоқатли бўлган. Эски фотографияларда одамлар бошларидаги дўппилар ҳам ҳар ҳил эканлигини кўрамиз. Кейинчалик бир хиллик ...
16 январ 2022
1992 йилнинг 16 январида Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида стихияли намойиш Ислом Каримов буйруғи билан шафқатсиз бостирилган эди. Шу куни мен ...
9 январ 2017
Шўролар даврида бир фантастик фильм бўларди. Ерликлар яхши ўзга сайёраликларга ёмон сайёрадошлари устидан ғалаба қозонишига ёрдам бериши ҳақида эди ...
10 март 2023
Германиядаги YUZUK ташкилоти таниқли ўзбек рассоми  Вячеслав Охуновни немис жамоатчилиги ва Германиядаги ўзбек дипломатларига тақдим қилди.  Вячеслав Охунов рассом, ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...