Дайжест
18 январ 2016

Милиция ниқобидаги фирибгарлар ва Самарқанддаги ўғирлик

Режалар зўр, аслидачи?

Расмий нашрларда ёзилишича, Ўзбекистон президенти Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотини 2030 йилгача 2 баробар ошириш режасини эълон қилган.

Ислом Каримовнинг айтишича, мамлакатда ЯИМнинг 2016-2030 йилларда 2 баробар кўпайишига эришиш учун ўртача йиллик ўсиш суръатлари 4,8 фоиз даражасида бўлишини таъминлаш зарур.

“Агар кейинги 11 йилда бу кўрсаткич 8 фоиздан юқори бўлиб келганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу вазифани амалга ошириш учун мустаҳкам асос ва замин борлиги яққол аён бўлади”, дейди президент.

Бирорта нашр: “Агар 11 йилдан бери узлуксиз равишда 8 фоиздан ошиқ ўсишга эришиб келаётган бўлсак, демак бу даврда ЯИМ камида 3 баробар ошган бўлиши керак эди-ку. Нега бу ҳаётда кўзга ташланмаяпти”, дея мулоҳаза қилиб кўрмаган.

Шунингдек, И.Каримов 2020 йилгача мамлакатда пахта хомаёшси етиштириш ҳажми 3 миллион 350 минг тоннадан 3 миллион тоннага босқичма-босқич қисқартирилишини ҳам маълум қилган.

Ойлик ошиши нарх-навога қандай таъсир этади?

“Тасвир” газетаси мамлакатда бюджет ташкилотлари ходимлари маошини ошириш тўғрисидаги фармон чиқар-чиқмас бозордаги нарх-наво бирдан кескин ошиб кетишига муносабат билдиради.

“Бу савдо соҳасидаги юртдошларимизнинг инсофи билан боғлиқ масала. Қолаверса, бозорда ҳақиқий деҳқонни учратиш маҳол бўлиб қолди. Растаю пештахталарни олибсотарлар эгаллаб олган”, дейилади газетада.

Шунингдек, газета қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бозорга етиб келгунга қадар учта қўлдан ўтишини ҳам ёзади.

Милиция ниқобидаги фирибгарлар

Шунингдек, “Тасвир” газетаси ўзини ички ишлар ходими дея таништирган ҳолда фирибгарлик билан шуғулланган жиноятчилар қўлга олинганини ҳам маълум қилди.

Газетанинг ёзишича, жиноятчилар ўзларининг милицияда ишлашини айтиб, ИИБда сақланаётган Павел Чехирёв исми шахсни озод қилиш учун унинг танишларидан аввал 100 АҚШ доллари, сўнг эса 670 минг сўм ундирган.

Жиноятчиларнинг ҳар бири беш йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ижтимоий тармоқлар ким учун хавфли?

“Адолат” газетаси ижтимоий тармоқлар “қармоқ”қа айланиб қолмаслиги ҳақида қайғуради.

Газетанинг мутахассислар хулосасига таяниб ёзишича, “Facebook”, “Odnoklassniki”, “Twitter”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқлар “домига тушган” ёшларда бегоналарга ишониш даражаси юқори бўлади.

“Бугун терроризм, одам савдоси, фоҳишабозлик, гиёҳвандлик, қурол-яроғ савдоси сингари умуминсоний иллатлар иштирокчилари айнан шундай ишонувчан болалар бўлгандир”, дея мулоҳаза қилади газета.

“Исломий давлат” жангари фильмларни яхши кўрадими?

“Ҳуқуқ оламида” газетаси зўравонлик, жангарилик саҳналари намойиш этиладиган фильмлар, айниқса, ёшлар руҳиятига салбий таъсир этиши ҳақида мақола эълон қилди.

“Одамлар руҳиятини яхши ўрганган, ўзларини “Исломий давлат” деб атайдиган террор ташкилоти Ироқнинг Мосул шаҳрида фақат зўравонлик акс этган фильмлар намойиш этиладиган кинотеатр очди. Шафқатсиз фильмлар намойиш этиш орқали террорчилар ўз сафларига янгидан янги каллакесарларни жалб қилишга уринмоқда”, деб ёзди газета.

Ўзбекистоннинг ҳарбий харажатлари ўсишда давом этади

Sputniknews-uz.com интернет нашрининг Strategicdefenceintelligence.com га асосланиб ёзишича, Ўзбекистон ҳарбий бюджети 2007 йилдан бери тўхтовсиз равишда ўсиб келмоқда. 2014 йилда республика ҳарбий бюджети 2,2 млрд долларни, 2015 йилда 2,4 млрд долларни ташкил этган. 2019 йилга келиб ушбу кўрсаткич 3,4 млрд доллларга етиши тахмин қилинган.

Ўзбекистон Қуролли кучларида тахминан 65 минг аскар ва зобит хизмат қилмоқда, деб хабар беради нашр.

Самарқандда давлатнинг катта миқдордаги маблағи талон-торож қилинган

Sputniknews-uz.com нашрининг “Самаркандский вестник” газетасига таяниб ёзишича, 2015 йилда прокуратура томонидан ўтказилган текширувлар натижасида, йўл қўйилган қоидабузарликлар, хусусан, ижтимоий тўловларни белгилаш, ойликларга қўшиб ёзиш, ўз вақтида тўламаслк, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловларини банклар, жавобгар шахслар ва ташкилотлар томонидан ўғирлаш ҳолатлари аниқланган.

Бюджет ташкилотларини текшириш вақтида бир қатор молиявий қоидабузарликлар аниқланган. 2015 йилда бюждет маблағларини ишлатиш борасидаги қоидабузарликлар 16,5 млрдни ташкил қилган, улардан 2,2 млрд сўми ўғирланган. Биргина Самарқанд шаҳрининг ўзида 1 миллиард 185 миллион сўм бюджет маблағи ўмарилган.

Вилоятдаги мазкур қонунбузарликлар юзасидан вилоят прокуратураси 2015 йилда 125 та жиноят иши қўзғатган.

Тағин ўқинг
16 январ 2017
Мирзиёевнинг тадбиркорлик ривожи ҳақидаги оташин сўзларига қарамай Ўзбекистонда кичик бизнес назорат идоралари босими остида танг аҳволда қолмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг ...
8 март 2017
1910 йили немис коммунисти Клара Цеткина 8 мартни аёллар куни дея нишонлашни таклиф қилди. Яъни, бу кун аёллар ва ...
15 апрел 2016
Тадбирда терроризм, экстремизм билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр ...
5 январ 2017
Биз 2016 йил давомида ўзбек матбуотини имкон қадар кузатиб боришга ҳаракат қилдик. Мазкур кузатишларимиз асосида матбуотимизнинг ўтган йилги фаолиятини ...
Блоглар
16 октябр 2017
Ҳар дам олиш кунлари Тошкентдаги турли вазирликлар, давлат қўмиталари, сон-саноқсиз бюджет ташкилотлар олди эрта тонгдан ...
13 октябр 2017
9 октябр куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева, (фото: чапдаги расм) nuz.uz нашри орқали ...
9 октябр 2017
«Талқончи» нон ушатишда давом этади… Ўзбек махбуслари учун чақимчи камерадош билан яшаш қандай ёқимсиз… Собиқ ...