Дайжест
7 сентябр 2017

Қайноқ август: Ҳеч бўлмаса ТВдаги сўз эркинлигини ҳимоя қилиш керак эди

Август ойи Ўзбекистон телеканаллари учун ҳар доим қайноқ бир давр бўлиб келган. Қайноқлиги шундаки, мустақиллик байрами арафасида ҳамду сано ўқиш бўйича пойгалар энг авжига чиққан.

Гарчи жорий йилда ҳам бу “мусобақалар” давом этган бўлса-да, ТВдаги сўнгги вақтлардаги “иқлим исиши” таъсирида турли муаммолар, жамиятда ҳақиқатда кечаётган долзарб жараёнларга оид кўрсатувлар ҳам эфир юзини кўрди.

Шу билан бирга, бу йилги август нафақат ТВ, балки Ўзбекистондаги эндигина эркинлик нафасини туяётган бошқа оммавий ахборот воситаларининг ҳам этагини куйдирадиган воқеалар билан кечди.

Гап Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги “раҳбар-раҳбар” ўйинлари ҳақида бормоқда. Бу ўйин мамлакатдаги матбуот эркинлиги масаласига бевосита алоқадорлиги билан аҳамиятлидир.

От айланиб қозиғини топадими, деган гап тўғри чиқди. Лекин қозиғини топган “от” шу пайтгача Афанди минадиган жониворга менгзалар эди. Бу “от” ўз вақтида ТВдаги ижодий муҳитни бўғиб келгани билан ном қозонганди.

Эркинлик эпкинлари эса бошлаганда эса лавозимидан олиниб, ТВдан сал узоқроқ далага ҳайдалганди. Аммо «қозиғи» барибир ЎзТВда қолиб кетган экан…

Август ойида МТРКда рўй берган воқеалар ривожидан хабардорлар ҳаммаси Халқаро пресс клуб фаолияти ортидан бошланганини яхши билади.

Биз ўз вақтида бу клуб фаолиятининг яхши жиҳатлари ҳақида ҳам, кўнгилга ўтирмайдиган томонлари ҳақида ҳам бир-икки оғиз тўхталиб ўтгандик.

Хусусан, кўп ўринларда клуб раиси Шерзод Қудратхўжаевнинг сиёсий ҳушёрликлари сабаб кўрсатув майда мавзуларга ўралашиб қолаётгани, долзарб муаммоларга имкон қадар юмшоқлик билан муносабатда бўлинаётганини тилга олгандик.

Лекин шахсан президентнинг ўзи пресс клуб тадбирларида иштирок этишини билдиргандан сўнг унинг илиги бир қадар кўтарилгани сезилганди. Ҳатто амалдорлар ҳам бу гаплардан кейин тадбирларда мулла минган жонивордек ўзини тутгани, журналистлар, халқдан тушаётган саволларга имкон қадар ечим топиш оҳангида гапираётган эди.

Шунга қарамай, ҳали пресс клуб тадбирларини ҳақиқий журналистика намунаси сифатида кўришга вақт эрталиги билиниб турарди.

Аммо Ўзбекистондаги ҳокимият тизими сўз эркинлигидан шунчалик узоқлашган эканки, ҳатто мана шу юмшоқлик ҳам уни чўчитиб қўйди. Бош вазир ва президент давлат маслаҳатчисининг шахсан ўзлари ТВга келиб, эркинлик нафаси кираётган туйнукларни бекитишга тушди.

Улар Ш.Қудратхўжаев олиб бораётган жонли кўрсатувларни танқид қилиб, журналистни ҳаддан ошганликда, халқ олдида амалдорларнинг обрўсини тўкишда айблади.
ЎзТВга бу “юксак ташриф”дан кейин амалдорлар ҳам ўз «ҳуқуқ»ларини билдириб қўйиш ҳаракатига тушиб қолди. Олий Мажлисда ўтирадиганлардан бири ҳатто Шерзодни давлат ҳокимиятининг обрўсига соя солишда айблаб чиқди.

Ҳолбуки, унинг ўзи президентнинг депутату унга монандларни ижтимоий тармоқлар орқали халқни ўз фаолиятидан хабардор қилиб бориш тўғрисида кўрсатмасидан кейин интернетда фаол бўлиб қолган эди…

Бундай амалдорларга сўз эркинлигини чеклашга куч берган омил эса, шубҳасиз, ТВ раҳбарларининг кетма-кет ўзгартирилиши бўлди.

Аввалига «қозиқ» атрофидан узоқлаштирилган А.Хўжаев ўрнига қўйилган Т.Мирзоҳидов ишдан ҳайдалиб, «маддоҳТВ»ни янги форматдаги «пахтакор»ликка ўтказаётган янги раис Б.Алихоновнинг тагига сув қўйилди.

А.Хўжаевнинг ўнг қўли бўлган Х.Нуриддиновнинг биринчи ўринбосарликдан мосуволиги бор-йўғи уч кун давом этди.

Кўринмас қўлларнинг бундай саъй-ҳаракатлари сиёсий ўйинларнинг бир қисми эканига шубҳа йўқ. Биз бу ўриндаги сабабларга тўхталиб ўтиш фикримиз йироқмиз.
Лекин бир нарса аниқ – сўз ва матбуот эркинлиги тарафдори сифатида ўзини кўрсатиб келаётган янги президентнинг нуфузига кучли зарба бўлиб тушди ТВдаги бу ўйинлар.

Ҳокимиятнинг бундай юзсизлиги аслида янгилик эмас. Мамлакатни сиёсий-иқтисодий янгилаш тарафдорлари ва унга қарши кучларнинг тўқнашуви шубҳасиз эди. ТВ тимсолида бу жангда ўзбек журналистикаси қотиллари бўлган эски кучларнинг қўли баланд келди.

Халқ жонли эфирда, цензурасиз бир шароитда пресс клуб тадбири орқали, эндига «тили чиқаётган» кўпгина кўрсатувлар орқали ўз муаммоларини амалдорларга, қолаверса, кенг жамоатчиликка очиқ-ойдин етказиш имкониятидан маҳрум этилди.

Аслида масаланинг муҳим жиҳати ҳам шунда. Сўз, фикр, матбуот эркинлиги минбарининг устунларидан бири синдирилди. ОАВни эски қолипга солиш илинжидаги кучлар МТРКда ғолиб бўлди.

Яна бир муҳим жиҳат. Афсуски, эркинлик ҳавосидан нафас олиб, кучга тўлиб бораётган ўзбек журналистикаси мана шу эркинликни ҳимоя қилишга келганда яна думини қисди.

Гап бу ерда Ш.Қудратхўжаевни ҳимоя қилишда эмас. Балки унинг баҳонасида ҳужумга учраган сўз ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилишда эди. Ҳатто анча ҳурфикр бўлиб қолган маҳаллий интернет сайтлари ҳам айни шу масалада мум тишлаб ўтирди.

Энг ачинарлиси ҳам шу. Ўзбек журналистлари ҳамжамияти яна бир бор ўз ожизлигини намойиш этди. МТРК майдонидаги мағлубият ҳали ўзбек журналистикасига жуда қимматга тушиши мумкин.

Бу воқеалар август ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек зиёлилари – ёзувчи ва шоирлар, ижод аҳли ва журналистика вакиллари билан учрашув фонида юз берди.

Мазкур учрашувда давлат раҳбари одатдагидек зиёлиларнинг мамлакат ва жамият тараққиёти йўлида халқ дардини баралла айтиши кераклиги, муаммолар ва камчиликларни очиқ-ойдин очиб ташлаши, замонамиз қаҳрамонларини тараннум этиш тўғрисида гапирди.

Бунга жавобан эса Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али ТВ орқали қилган чиқишида эски касбини давом эттирди.

«Президентимиз бизнинг муаммоларимизни ўзимиздан ҳам яхши билишини кўрсатди. Энди ишлайдиган пайт келди. Замонамиз қаҳрамонларини яратамиз», деди у оғзини тўлдириб.

ЎзТВдаги воқеалар тадрижида назар солсак, аслида замонамиз қаҳрамонлари бўлишга Муҳаммад Али каби маддоҳлар, мансаб ошуфталари даъвогарлик қилаётгани яққол намоён бўлмоқда.

Афсуски, жамият, сўз, фикр, матбуот эркинлиги йўлида амалдорларнинг ноҳақ қаршилигига дуч келаётган, таъқиб-тазйиққа учраётган замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари яна четда қолиб кетадиганга ўхшаб турибди.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 декабр 2015
Улуғбек Ашур Eltuz.com Бугунгача олинган маълумотларга кўра, Арамаис Авакян ва унинг 4 нафар ўртоғига “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз ...
5 сентябр 2017
Самарқандлик икки ака-ука ҳақида эшитгандим. Ҳужра кўрган, исломий даъвоси кучли йигитлар эди. Тақдир тақозоси билан улар Суриядаги жангарилар сафига ...
3 феврал 2016
Мустақил журналист Малохат Эшонқулова навбатдаги видеолавҳасида яқинда ўзбек турмасидан озод этилган маҳкум ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевга микрофон тутади. “Ўзбек ...
17 феврал 2016
Авария чоғида икки нафар йўловчи ҳалок бўлган, тағин тўрт нафари шифохонага ётқизилган. Тошкентнинг Нукус ва Шевченко кўчаси чоррахасида 11 ...
Блоглар
21 сентябр 2017
Бўлмади. Кўпчилик зиёлиларнинг кутгани бўлмади. Ўзини 26 йилдан буён мустақил деб биладиган, кўксига уриб бу ...
18 сентябр 2017
Мамлакатимизда ўзгаришлар бошлангандан сўнг матбуотда «нима қилсак мамлакатимиз юксалади» мазмунидаги кўплаб мақолалар чоп этилди, этилмоқда. ...
18 сентябр 2017
Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида 19-25 сентябрда ўтадиган олий сиёсий музокараларида маъруза ...