Дайжест
28 январ 2016

Лоланинг нияти, “овга чиққан” камолотчилар ва одам ёққан дўкондор

Президентликни хоҳламасангиз, биринчи хонимликка нима дейсиз?

Sputnik интернет нашри Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова Instagram даги расмий саҳифасида келажакда давлат раҳбари бўлиш нияти йўқлигини маълум қилгани ҳақида ёзди.

Айтилишича, Лола давлат бошқарув органларида фаолият юритишни, давлат арбоби бўлишни хоҳламайди.

Лола Каримова сўнгги вақтларда интернетда эри Тимур Тиллаевнинг баъзи гуруҳлар томонидан Ўзбекистон президенти лавозимига тайёрланаётгани тўғрисидаги миш-мишларга, демакки ўзининг мамлакатнинг биринчи хоними бўлишга муносабатини очиқламаган.

ТИВнинг “тезкор”лигига куласизми, куясизми?

“Жаҳон” ахборот агентлиги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг КХДРда навбатдаги ядро синовлари ўтказилгани расмий Тошкентда ташвиш билан қабул қилингани ҳақидаги баёнотини тарқатди.

Унда айтилишича, Ўзбекистон “Пхеньянни кескинлик кучайишига олиб борадиган ҳамда минтақадаги ва умуман, дунёдаги хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳлика ҳисобланадиган бузғунчилик ҳаракатларини тўхтатишга чақиради”.

КХДР водород бомбасини синовдан ўтказганини шу йилнинг 6 январида эълон қилганини, дунёнинг аксарият давлатлари бунга муносабатини бир-икки кун ичида билдирганини ҳисобга олсак, Ўзбекистон ТИВнинг “кучукнинг кейинги оёғи” бўлишини қандай баҳолайсиз?

Мухолифатчилик кайфияти даҳшатли ҳодисами?

“Ҳуррият” газетаси яна ижтимоий тармоқлар ва “оммавий маданият” ваҳимаси мавзусини кўтаради.

“Телеграмм, Одноклассники, Твиттир, Вконтакте, Whats up, Facebook, Viber ва бошқа ижтимоий тармоқлар…дан диний ақидапарастлик, мухолифатчилик кайфияти, ахлоқий бузуқликларнинг жуда ёрқин талқин этилаётгани даҳшатли ҳодисадир”, дея хулоса қилади газета.
“Интернет ҳам бугун номи тез-тез тилга олинаётган маданиятсизликнинг, “оммавий маданият”нинг бир бўлагидир”, дейди газета.

“Камолотчилар” овга чиқади

Sputnik интернет нашрининг билдиришича, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вояга етмаганларнинг дарс вақтларида ва тунги вақтларда интернет кафеларда бўлиши олдини олиш учун махсус гуруҳлар ташкил этган. Бу гуруҳлар тизимли равишда рейдлар уюштиради.
“Биз у ерда нафақат дарс қолдираётган ўқувчилар борлигини, балки компьютерларда нималар сақланаётганини ҳам текширамиз”, деган ёшлар ташкилоти вакили.

ЎзА ёлғонни ошкор қилиб қўйдими?

Сўнгги кунларда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мамлакат вилоятларида йил якунларига бағишланган фаоллар йиғилишлари ҳақида хабарлар тарқатяпти.

Наманганда ўтган шундай йиғилиш тўғрисидаги хабарда вилоятда қўлга киритилган сон-саноқсиз муваффақиятлар қаторида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 14 фоиз ўсгани айтилади.

Кейинги ўринларда агентлик вилоятдаги йирик корхоналарнинг 30 фоизида саноат ишлаб чиқаришида пасайиш кузатилганини ёзади. Биргина Наманган шаҳридаги 7 корхонада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 24 миллиард сўмга камайган. Бундай ҳолат Норин, Поп, Чортоқ, Чуст туманларида ҳам қайд этилган.

Агар шу гап рост бўлса, ялпи ҳудудий маҳсулотда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 14 фоиз ўсгани ёлғон бўлиб чиқмайдими? Чунки энг йирик, демакки асосий ишлаб чиқарувчи корхоналар тузук ишламаётган бўлса, ўсиш қаердан бўлсин!?
Агентлик бошқа вилоятлардаги фаоллар йиғилишлари ҳақидаги хабарларида яна ҳушёрликни қўлга олиб, юқоридаги каби рақамлардан қочади ва “йўл қўйилган баъзи камчиликлар” билан чекланади.

300 минг сўм учун одам ёққан дўкондор

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Самарқанд вилоятининг Иштихон туманилик дўкондор ўз дўконидаги савдодан тушган 300 минг сўм йўқолгани учун қотилликка қўл урган. У бу ишда ўзи гумонлаган шахсни уйидан чақириб олиб, аввал роса калтаклаган. Гумонланувчи ўғирликни бўйнига олмаганидан кейин уни дарахтга боғлаб, тагига ўтин тахлаган ва ёқиб юборган. Жарбланувчи шифохонага олиб борилгандан сўнг куйиш натижасида олган жароҳатлардан вафот этган. Қотил 18 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Еltuz.com

Тағин ўқинг
23 май 2017
23 май куни Марказий Банк Бошқаруви раиси Муллажонов Файзулла Мақсуджонович 67 ёшида оламдан ўтди. 1950 йил Сирдарё вилоятида туғилган, ...
12 апрел 2017
Эркакларнинг доялик қилишига қарши маърузаси билан танилган тошкентлик 42 ёшли имом Сайфуддинов мавзуни ёритган журналистларни фитнада айблади. «Эркак кишини ...
7 июл 2016
«Ўзбекистон овози» газетаси Халқ демократик партияси етакчиси, партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмоновнинг Бўз туманидаги сайловчилар билан ...
4 феврал 2016
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, 1 февраль куни – ўзбекистонлик таниқли хонанда Тамила (Эсмеральда Рахматова)нинг лицензиясиини бекор қилди. Тамиланинг лицензияси бекор ...
Блоглар
21 сентябр 2017
Бўлмади. Кўпчилик зиёлиларнинг кутгани бўлмади. Ўзини 26 йилдан буён мустақил деб биладиган, кўксига уриб бу ...
18 сентябр 2017
Мамлакатимизда ўзгаришлар бошлангандан сўнг матбуотда «нима қилсак мамлакатимиз юксалади» мазмунидаги кўплаб мақолалар чоп этилди, этилмоқда. ...
18 сентябр 2017
Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида 19-25 сентябрда ўтадиган олий сиёсий музокараларида маъруза ...