Сас
4 ноябр 2015

Мухлисларни лол қилган ашула

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Абдулазиз Каримнинг янги “Ғариб оғоч” ашуласини тингларкан қандайдир кайфият мени ҳеч тарк этмади, на қўлим ишга борди, на ёзишга. Кун бўйи такрор ва такрор тингладим. Бугун сал ўзимга келдим

Айни пайтда эса фейсбукдаги гуруҳларда ашула қизғин гап сўзларни ҳам қўзғай бошлади. Бунинг бир сабаби ашуланинг Муҳаммад Солиҳ шеърига басталанганида.

“Албатта ашуламнинг яхши чиқишига асосий сабаб матн бўлди. Солиҳ ака масаллиғини бердилар, мен эса пишириб бердим ҳолос”, – дейди мен билан суҳбатда хонанда оддийгина қилиб.

Абдулазиз Карим қўшиқ чиқишидан ўн кун илгари бу ҳақда фейсбукдаги саҳифасида хабар қолдирган ва унинг яқин мухлислари буни шодлик изҳорлари билан қаршилаганди.

Бугун эса улар ҳам қўшиқни эшитиб том маънода “лол” қолишди – шеър матни муаллифи ким эканлигини билишганларидан сўнг…

“Ўзбекистондагилар қўшиқни эшитиб жииииим булиб ўтиришибди. Нечтаси бугуннинг ўзида мени дўстлар сафидан ўчириб юборибди”, – дея ёзади хонанда менга ёзган чатида.

Лекин ҳамма ҳам ашулани жимгина тинглаб ўтиришгани йўқ, айниқса илгари хонандага мухлис бўлмаганлар.

“Ажойиб! Бўлар экану. Абулазиз Каримга ижодий баркамоллик тилайман!”

“Бу шеър ҳудди Абдулазиз Карим ижро этишига бағишлаб ёзилгандай, ажойиб! Маза қилиб тинглаяпман!”

“Гап йўқ! Яхши композиция!!!”

“Xoфизлардан чиққан халқпарвар экансиз. Ижодингизга парвозлар тилайман”

Булар социал тармоқлардаги мақтовларнинг бир қисми.

Бироқ, ашулачига заҳрини сочишга тайёрлар ҳам анчагина экан.

Кимлардир хонанданинг бир вақтлар ўзбек мафияси ёнида бўлганию, энди мухолифат лидери атрофида пайдо бўлганини киноя остига олади, бошқаси эса қўшиқ қийматини пулга чақиб, “Бир тийинга қиммат” дейишдан нарига ўта олмайди.

Бошқа бировлар эса шунчаки Абдулазиздан мутлақо бошқача қўшиқ кутганини билдиради.

“Менга ёқмади. Бу мен севиб ўқийдиган шеър эди. Бир йил ичида шу қўшиқни бошқача қилиб тайёрлайман”, – дея ёзади яна бир фейсбукдош.

Хуллас ашула Муҳаммад Солиҳ ижодини, ҳаётини ва унинг сиёсатини чуқур билган, юзаки билган ва мутлақо билмаган одамларда турлича таассурот уйғотмоқда.

Масалан ўзим бу шеърни ашула жанрида тасаввур қилмаганман, уни оғир рок жанрига яқин оҳангда ижро этиш мумкин деб ўйлаганман, бошқа дўстларимиз эса сиёсий марш ёки бошқа оҳангларда тасаввур қилишган.

Шеър ўз ички оҳангларига эга, ҳар ким уни ўз ботиний оҳангида ўқийди, мени лол қолдирган нарса эса Абдулазиз ижросида янги оҳангнинг топилгани, унинг ҳеч ким кутмаган шаклда янграганидадир.

Бир замонлар Муҳаммад Солиҳ шеърларини ҳеч ким тушунмагани каби, буни тушуниш қийин, бироқ энди бу оҳангларни тинглаш мумкин…

Баъзан кўзда ёш билан… мен каби.

Тағин ўқинг
2 сентябр 2022
Бундан 31 йил олдин Ўзбекистоннинг оз сонли интелегенцияси мустақиллик тарафдори эди. Аксар авом эса, қачон ароқ яна арзон бўлар, ...
20 апрел 2017
18-19 апрел кунлари Тошкент шаҳар ҳокимларининг ярмидан кўпи алмашгани сабабларини таҳлил қилган Kun.uz нашри энг аввало буни аҳолидан тушаётган ...
6 сентябр 2016
Синглим кичкина раҳбар. Тўғриси Ўзбекистонда порасиз, илми, маърифати ва одамгарчилиги туфайли тайинланган саноқли боғча мудираларидан. Кечаси иккида ҳокимликдан телефон ...
10 сентябр 2019
Қорақалпоғистон ИИВ тергов бошқармаси маҳаллий ҳуқуқ фаоли Азимбой Отаниёзов, шунингдек, унинг қизи ва аёлини 7 сентябрь куни шоир Маҳмуд ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...