Асосий мавзулар
10 июл 2019

«Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли…»

Муҳаммад Солиҳ шоир ва сиёсатчи. 1949 йил 20 декабрда Хоразмнинг Урганч туманида дунёга келган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультети ва Москвадаги Олий адабиёт курсларида таҳсил олган.

1977 йилда илк шеърий китоби чоп этилган Солиҳ XX аср ўзбек шеъриятига Ғарб авангардчилигини олиб кирган шоир сифатида шуҳрат козонди.

Муҳаммад Солиҳнинг 20 дан ортиқ шеърий ва публицистик китоби чоп этилган. Солиҳ сиёсий фаолиятини 1985 йилда бошлади. У «Бирлик» халқ ҳаракатининг асосчиларидан бири.

1989 йил «Бирлик»даги бўлинишдан сўнг Солиҳ “Эрк» партиясини қурди.

1991 йил 29 декабрда ўтган илк президент сайловида Ислом Каримовнинг рақиби бўлган. 1992 йилда ҳибсга олиниши ва мухолифатга қарши қатағонлар ортидан Ўзбекистонни тарк этган.

Каримов режими уни 1999 йилдаги Тошкент портлашларида айблаб, ўн беш ярим йилга сиртдан қамоқ жазосига ҳукм этган.

«Элтуз» «Озодлик оҳанглари» аудиотўпламига кирган шеърларни тақдим этишда давом этади.

2007 йили Сорос жамғармаси томонидан Лондонда чоп этилган бу китобга ўз юртида аксар тақиқланган турфа шоирларнинг ижтимоий шеърлари ўрин олган.

Шундай Ватанинг бўлатуриб

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Ёзасан юлдузлар ҳақида,
Чароғон кундузлар ҳақида,
Қошлари қундузлар ҳақида.

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Сен гуллар ҳақида куйлайсан.
Онангнинг ҳам кўзёшини сен
Шабнам дея ўйлайсан.

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Коинот ҳақида сўзлайсан.
Тошга уриш керак бўлган бошни
Гулчамбар учун шайлайсан.

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Қурол йўқ қўлингда.
Шундай ватанинг бўлатуриб,
Қўрқасан ўлимдан!

На гўзал

Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли
кураш бошланаркан тарафма-тараф,
ожизнинг ёнини олганинг учун
«хоин» деб ном олмоқ нақадар шараф!

На шараф, халқини қул этган подшоҳ
«менинг душманим» деб сени атаса,
жазавага тушса, исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!

На шараф-ки зулмга «зулм!» дея олсанг,
бошингда ҳар куни синса-да таёқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!

Муҳаммад Солиҳ
«Озодлик оҳанглари»

Тағин ўқинг
27 сентябр 2021
Дунёдаги энг йирик “Ernst & Young“ (EY) аудиторлик компанияси Швейцария тарихидаги иккинчи йирик банкротликдан кейин жиддий текширилмоқда.  EY аудиторлари ...
5 январ 2018
Очиқ манбалар асосида суриштирув олиб борувчи Open source investigations журналистик гуруҳи, 29 декабр куни Шариф Иноятовнинг Россиядаги йирик бизнесига ...
23 май 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 50-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган) «Соф санъат» ҳақидаги «Фикрларнинг шиддатли ...
1 сентябр 2021
“Элтуз” таҳририяти фейсбук мессенжери орқали ваҳимали, айни пайтда хавотирли бир мурожаат олди. У ўзини “ИИВнинг халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминловчи ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...