Cатира
29 апрел 2016

Туя кўрдингми? ёки трамвай….

Ўзбек ҳукумати тепасидагиларга трамвайнинг асло кераги йўқ, ўзбек мулозимининг трамвай ёки велосипед миниши – уни кўчага чиқазиб сазойи қилиш билан баравар.

Трамвайни темир терсакка топшириб озроқ фойда қилиш мумкин. Зотан арзимаган йўлкираси ҳам, депо хизматчиларига ойлик ёзиш ҳам, қоғоз тўлдириш, унинг ишчиларига декрет пули тўлаш, ҳукумат учун бир дардисар. Арава синса ўтин деганларидек, бу масаланинг ечими, чинорларни йўқ қилиш билан донг чиқарган Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмоновга ҳамирдан қил суғурган каби жуда ҳам осон.

Қолаверса, президент кортежи учун йўл очилади, ҳурмати бор коттаконларнинг болалари пойтахт кўчалари бўйлаб мошиналарида дрифт қилишганида, трамвай йўллари ҳалақит бермайди. Бунинг устига, темир йўллар таъмирига ажратилган пуллар ҳам чўнтакка урилади.

Тугатилган трамвай депоси мол мулкларичи? Трамвай бекатларию, идора бинолари, у ердаги жиҳозларни кимошдига қўйиб сотишдан, тўғрироғи уларнинг келишилган эгасидан закалатини олиб пуллаб, фойдасини арра қилиш, йўқсулларнинг улови – трамвайни сақлашдан минг бора афзал.

Нима фойда бўларди, эски темир терсакдан, нари борса, трамвайнинг дўнгалагию, йўлларининг шпали билан рельси ўртамиёна мулозимнинг молхонасига бостирма бўлар, деб ўйларсиз…

Эҳ, бу бостирманинг тагида гап кўп…  Масалан 2012 йили ўз нархидан 4 баравар юқори нархга ҳарид қилинган трамвайлар билан боғлиқ биргина афёранинг ўзини айтмайсизми…

Ўшанда 20 трамвайнинг ҳар бири бир миллиондан олинганди. Албатта, бош вазир Мирзиёв амри, шаҳар ҳокими Усмонов буйруғи билан.

Ўша 20 миллионни ҳоким тўра ўз чўнтагидан берган деб ўйлайсизми. Солиқдан ортган пули ишга трамвайда боришга зўрға етадиган солиқ тўловчилар чўнтагидан албатта. Керак бўлса, энди бугун уларга трамвай ҳам йўқ. Солиқ тўловчи фуқаро энди, сифатсиз бензин сассиғидан бурқсиган, серсоя дараҳтлари қирқиб ташланган кўчада, жазирама иссиқда резина автобусни кутишга мажбур.

Дарвоқе, ҳокимнинг ҳам, бош вазирнинг ҳам, мамлакат президентининг ҳам ойлиги ўша бечоранинг ойлигидан ундирилган солиқлардан таркиб топган.

Лекин бундай ойликка яшаб бўладими?

Зар қадрини заргар билар, чилангар қайдан билар дегандай, ҳеч қачон трамвайда юрмайдиган ҳокимнинг ҳам, вазирнинг ҳам, президентнинг ҳам чўнтаклари иккитадан.

Бири ўша бечора солиқ тўловчи фуқаролардан ундириладиган пул учун бўлса, иккинчиси тахминан 20 та трамвайни арра қилиб, ўзини ҳам изини ҳам йўқ қилиш каби қинғирликлардан тушадиган тушум учун.

Чўнтак катталашган сари унинг эгалари, Панама каби офшор юртларига олиб бориб яшириб ташлаб келишади. Бошқаларнинг чўнтагини қуруқлаш учун, шахсий чўнтак доим қуруқ бўлиши кераклигини трамвай чилангари қайдан билсин?

Билганда ҳам қўлидан нима келарди унинг, бу чўнтакка шаъма қилганлар аллақачон экстремист тамғасини олиб, олис Жаслиқда ўтирганини ҳеч ким билмайди деб ўйлайсизми?

Ҳуллас, трамвай кўрдингми? Йў-ў-ў-қ!…

Рассом Элсевар
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 апрел 2019
Жиззах вилоятининг Зомин туманида 23 апрель куни ўтган йили «Зомин сити» қурилиши учун бузилган уйлари эвазига етарли товон пули ...
18 апрел 2020
Мана, азизлар, қатордан хато бўлмай, яна сиз билан юзлашганимдан бахтлиман. Ҳолбуки, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.  Бугун одамлар ...
6 август 2018
«Мен Одиловга: – Аҳмаджон ака, пулингизни олинг, менга диетик овқат шарт эмас. Зонанинг ошхонасига фақат нонимни олиб келиш учун ...
1 июн 2021
Тошкентлик фаол Алексей Гаршин Шоввозсойда Мирзиёев тегишли экани айтиладиган дам олиш маскани яқинигача етиб борди. Бу Тошкент вилоятининг Угом-Чотқол ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...