Cатира
20 май 2016

Чойхўр миллат

Ҳа, чойхўрликда бизнинг олдимизга тушадигани йўқ экан дунёда.

Блогимни бир чойнак аччиқ чой ичиб олиб кейин ёзаман деб ўйладиму, ниятдан қайтдим. Бу одат, чойдан ҳам аччиқ, миллат заққумини енгилроқ ютиш учунмасми, деган шубҳа уйғонди менда. Оч қоринга ёзай битигимни, токи бу заққум акс этсин.

Тағин, бу чойхўр халқ ҳақидаги ўзбек шоири Омон Матжоннинг шеърини эсладим…

Халқми шу, хаёл-у орзуларини
Ўзидан баландроқ тиклолмаганлар?
Халқ эмиш, кабобпаз ана «Келинг» дер,
кўзидек қизариб сихда чандири.

Лунжқизил сомсапаз пиёз қоради
уятдан қизариб, чатнаб тандири.
Халқми шу, бировнинг ҳақини гизлаб,
беш-ўнни юлишни пойлаб турганлар?

Балки чиндан очдир бу миллат?

Шу ўринда журналист Сирожиддин Ислом тармоққа қўйган, cомсапазнинг тандири атрофида бир-бирини итариб, сомса олиб қолиш илинжида жиққамушт бўлаётган ўзбеклар акс этган видео эсимга тушади…

Чой ичишда Ўзбекистондан кейин иккинчи ўринда фақат Африканинг Кения давлати тураркан.

Бу икки давлат ўртасидаги фарқ ҳам анчагина. Чой экилмайдиган Ўзбекистонда чойхўрлар миқдори 99,6 фоиз бўлса, ерларига асосан чой экиладиган Кенияда чой ичиш 99,2 фоиз экан.

Қизиғи шундаки, энг кўп чой етиштирадиган Грузия ҳатто бу рўйҳатдаги ўнликка ҳам кирмаган.

Меҳмон келса чой ичириб жўнатиш бизда одат.

Ёки олайлик, болаларни боғчага, мактабга узатишдан олдин уларга чой ичириш бузилмас бир удум.

Ёки пахта терими мавсумини олайлик. Шароитларнинг аъло даражада эканлиги, ётоқ ва хожатхоналардаги санитария аҳволи, овқат сифати билан эмас, балки иссиқ чой берилиши билан ўлчанади.

Ишдан чарчаб келган бечора ўзбекнинг уйига келиб ичадигани ҳам чой…rasm818

Балки бу одат, уйда ичишга хашаки чойдан бўлак ичимликнинг бўлмаганидандир..

Ёки ҳукумат қачон ётқизгани номаълум ер остидаги занглаган қувурлардан оқиб келган ичимлик суви аталмиш оқаванинг рангини бироз ўзгартириш учунмикан…

Халқ улким, ғурури бўлса ўзида!

Мияни шол қилиб, муаммоларини унуттирадиган аччиқ чойни айрим ўзбеклар «шолтонг чой» ҳам деб атайди…

Шоирнинг «сохта сумбатларни сийлаётган» халқ ҳақидаги мисралари асабни арраларкан, кўнгил тағин аччиқ чой тусайди.

Халқми шу, нуроний сиймолар қолиб,
сохта сумбатларни сийлаб турганлар?
Халқми шу, хаёл-у орзуларини
Ўзидан баландроқ тиклолмаганлар?
Халқми шу, халқининг номидан сўзлаб,
мингдан бир ваъдасин оқлолмаганлар?

Эҳтимол, ҳаётдаги бору йўқ орзу умиди сомсаю ош, ичгани чой бўлган, абгор бу халққа шоирнинг маломати, унга шундай этак силкиши ҳам адолатданмасдир. Ҳамма гап балки халққа ичирилаётган ўша чойдадир?

Бугун, психушкага ташланган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева аввал чой ичирилиб ақлдан оздирилмадими сизнингча?

Девор ураётган лўмбоз, теримдан қайтган шифокор, ҳоким калтагини еган ўқитувчи, бунинг заҳрини чой билан босмай, аччиқ гап билан қайтарсинми?

Турма зеҳнияти

Шу ўринда, ўзбек турмасида бўлиб қайтган бир дўстимнинг гапларини эсладим.

«Буни бизда чефир дейишади. Чой қайнатиладиган катта алюмин челак, «чефир бак» дейлади».

Унинг айтишича, чой ўзбек турмасида гўё, эркин конвертациядаги валюта ўрнида, унинг тайёрланиши эса бутун бошли диний ритуалга ўхшаб кетаркан.

«Кипитилник» (электр симига уланган иккита лезвие) ташланган «чефирбак»ка чойни дамлашдан олдин, унинг атрофида мавқеига қараб, «Пахан», «блатной», «мужиклар», сал пастроқда «трудяга» яна алламбало «унвон соҳиблари» тўпланиб, аввал чойни келтирган маҳкум ҳақига дуо ўқишаркан.

«Муқаддас чой» атрофига масалан «козел», «петух» ва бошқа паррандаю, даррандалар йўлатилмас экан.

Чифирбакка ташланган бир пачка чой обдон қайнатилгач, «мужик» мақомидаги махбус уни уч мартадан шопириб, тунука стаканда даврадагиларга навбат билан узатар, ҳар шопирганида: «Лой бўлди», «Мой бўлди», «Чой бўлди» дер, бошқалар унга жўр бўлиб такрорларкан:

«Лой бўлди!», «Мой бўлди!», «Чой бўлди!»

Бу гаплар қанчалик чин, билмадим… Лекин бугун чой атрофида уймалашаётган миллатим вакиллари суратини соларкан, бу шубҳали ичимликни ўзимдан сал нари суриб қўйдим.

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 сентябр 2016
Самарқанд марказидаги қабристон Ўзбекистонни 27 йил бошқарган марҳум ҳукмдорни дафн қилишга ҳозир. Ўзбекистондаги ”Eltuz” мухбирига кўра 1 сентябрдан бери ...
16 март 2018
1968 йили АҚШ ҳукумати Вьетнамга 35 мингдан 50 минггача бўлган аскар жўнатишга қарор қилади. 16 март куни эрталаб вьетнам ...
3 апрел 2018
Журналист Бобомурод Абдуллаев ва яна уч нафар шахс устидан Тошкент шаҳри судида 2 апрель кунги маҳкамада, асосан, Ҳаётхон Насриддинов ...
16 июл 2016
Аскар чекила бошлади… – Хўп, нима бўлди? – Сурияликларга ватандошлик масаласи кун тартибидан тушди… – Эрдўғанни олий маълумот олмагани ...
Блоглар
19 октябр 2018
Муҳаммад Бекжон эсдаликларидан иборат биринчи китобнинг сўнгги қисми 1999 йил 16 феврал портлашлари ёритилган мақолаларга ...
19 октябр 2018
Россиянинг Ўзбекистонда АЭС қуриш ғояси ўзбек жамоатчилигининг жиддий хавотирларига сабаб бўлмоқда. «Элтуз» нашри «Кўзқараш» рукни ...
17 октябр 2018
Москванинг Якиманка туманидаги хиёбонга ўрнатилган, 16 октябрь куни очилиши кутилган Ислом Каримов ҳайкали эртаси куни ...