Cатира
19 январ 2017

Мирзиёевнинг янгидан эскича бошқаруви

Президент Мирзиёв 14 январ куни бўлиб ўтган мажлисда Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовни тикка турғазиб қўйиб молия тизимидаги камчиликларни айтаркан, у қўрққаниданми ёки кутилмаган дағдағадан мактаб боласи каби блокнотини олиб нималарнидир ёза бошлади.

“Агар Рустам Содиқович Азимовда ана шу жиддий камчилик ва муаммоларни кўриш хоҳиши бўлганида, уларни кескин бартараф этиш бўйича ташаббус кўрсатганида, биз бугун иқтисодий ва молиявий соҳаларда бундан ҳам юқорироқ натижаларга эришган бўлар эдик”, дея писанда қилди Мирзиёев барча молия раҳбарларини аттестациядан ўтказиш кераклигини урғулаб.

Рустам Азимов 2016 йилнинг декабригача Молия вазири лавозимида бўлган ва президент ўлимидан сўнг президентликка асосий талабгорлардан бири сифатида саналган эди. Элтуз Шавкат Мирзиёевнинг бу иш юритиш тарзига айрим фаоллар фикрини ўрганди.

Янги президент вазирга дакки бера туриб, ўзи ҳам айбига иқрор бўлса адолатдан бўлар эди, дейди сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Алишер Илҳомов: «Ҳақиқатан ҳам пётрчасига усуллар билан пластик карталарининг жорий этилиши кескин танқидга лойиқ. Аҳолини дебет карталарига қизиқтириш ўрнига, уларни мажбурлаб тиқиштиришмоқда. Бироқ, «Сам-Самич»нинг ўзи (Мирзиёв демоқчи.Таҳр) қаерда эди бу сўнгги йилларда? Ахир ўзбек иқтисодиётининг бу қадар абгор аҳволига унинг ўзи жавобгар эмасми, айниқса қишлоқ хўжалигини шахсан ўзи бошқармаганмиди? Диктаторлик усуллари, соатлаб ўтказилган селектор мажлислари ўтказиб у нимага эришди? Фақат минглаб фермерлар банкрот бўлди ёки банкларнинг сурункали қарздорларига айланишди. Агар у қозонига қандайдир капгир билан уриб, «Азизлар бизни кечиринг, Ўзбекистон ботиб қолган бу ариқ учун тепада ўтирган ҳаммамиз айбдормиз!» деса адолатдан бўлмасмиди?

Пластик карталарининг бош муаммоси ўзбек сўмининг муттасил қадрсизланишидадир. Эллик доллар миқдордаги сўмни банкоматдан чиқариб олиш учун, килограм маҳаллий валюта керак бўлади – банкоматлар бунча миқдордаги макулатурани сиғдиришга қодир эмас. Мамлакатга махсулот таъминоти етишмаётгани учун валюта қадрсизланмоқда. Ишлаб чиқариш стагнацияда, даромадлар паст. Зотан заиф валюта заиф иқтисодиёт оқибатларининг кўринишидир. Иқтисодиёт учун тўлиғича ким жавоб беради? Бу албатта жумбоқли савол.»

Воқеаларни яқиндан кузатаётган наманганлик фаол Аббос Асаднинг фикрича, рахбарнинг танқиди ТВ орқали кўрсатилиши ижобий ҳолат.

Аббос Асад: «ТВ орқали яқин ўтмишда бунақанги кадрлар намойиш этилмаган. Соҳа раҳбарлари иқтисодиётда эришилган муваффақиятлар ҳақида вафот этган президент Ислом Каримовга кўтаринки руҳда ҳисоботларини тақдим этишар, давлат раҳбарининг мақтовларини тинглашар эди.

Аммо шунга ишончим комилки, видеокамералар ўчирилиб, ОАВ вакиллари мажлис залидан чиқариб юборилганда, вазирларга қарата кечагидан кўра кескинроқ танқидлар янграган, шафқатсиз койишлар ва балки ҳақоратлар ҳам ёғдирилган бўлиши мумкин. Фақат бу ишлар кенг омма эътиборига ҳавола қилинмаган.

Вазирлар маҳкамаси мажлисидан бунақанги манзараларни намойиш этила бошлаганини шахсан мен табриклайман, қўллайман. Демак, республиканинг янги раҳбарияти бундан кейин юзага келган аҳволда яшаб бўлмаслигини англаб етган, камчиликларни бартараф этиш кераклигини, акс ҳолда, давлат асоси емирилиб кетиши мумкинлигини тушунган.

Менимча, энг муҳими танқидий фикрларнинг қай тарзда изҳор этилиши-ю, унинг қандай қабул қилинаётганида эмас, балки ундан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётга татбиқ этилишида. Мамлакат тақдири, келажаги учун масъул амалдорлар президентнинг танқидидан тўғри хулоса чиқариб, ўзларини ўнглаб олсинлар ва ўз соҳалари бўйича зиммаларига юкланган вазифаларни сидқидилдан бажарсинлар».

Бошқа бир ҳуқуқ фаоли Умида Ниёзова эса Каримов даврида рахбарларнинг танқиди ТВ орқали намойиш қилинмасди деган фикрга эътироз билдиради:

Умида Ниёзова: «Шавкат Мирзиёев Каримовдан нусха олмоқда. Марҳум «миллат отаси» даврида ҳам унинг атрофидагилар ҳаммаси айбдор, у эса, чексиз ҳокимиятга эга бўлароқ ҳеч нарсага жавобгар бўлмасди. Унинг даврида ҳам ТВ орқали Каримовнинг бошқаларни турғазиб қўйиб дакки бергани кўрсатилар эди.

Президент вазирлар ва ҳокимларни тайинлаган, орадан озроқ вақт ўтиб уларни хатолари туфайли ишдан ҳайдаган. Сиёсий рақобат ва эркин матбуотни йўқ қилиб у ўзини имтиёзли ҳис қилган, чунки унинг хатоларини ҳеч ким юзига айта олмаган. Ҳозир Мирзиеев турли мақомдаги рахбарларни танқид қилади, бироқ ҳеч ким ҳозирги президентнинг 13 йил давомида ҳукуматни бошқаргани ва тиббиёт соҳасининг хароб аҳволи, мамлакатдаги энергетика бўҳрони, қишлоқ хўжалигидаги қулдорлик усуллари ва кўп нарсалар учун бошқа ҳар қандай мансабдордан кўра кўпроқ жавобгар эканини эслатишга журъат қила олмайди».

Ижтимоий тармоқ блогери Анвар Назир эса Мирзиёевга «Нима учун?» деган савол билан юзланади.

Анвар Назир:
«Нима учун Бош вазир бўлганингизда Сиз шу ҳамма кўтарган, адолатли кўтарилган муаммоларни кўтармадингиз ҳурматли Президент? Қўрққансиз, шундайми? Ундай бўлса узр, НИМА УЧУН деган савол ўринсиз! Ўринли жавоб эса бундай: Биз, ҳаммамиз ўшанда қўрқиб шу муаммоларни кўтармадик, энди эркак кишининг иши бўлмайди айбдорни қидириш, ҳаммамиз бараварига айбдормиз ва энди халқ бизга ишонч билдирдими, ўзимизни шу халқ олдида оқлайлик.

Балки бунинг ҳаммаси анча оддий ва анча содда популизм? Халқ орасида ҳурматга эга бўлган рақибни, омма олдида чўктириш керак, ўзингни эса адолатли раҳбар қилиб кўрсатишинг керак. Тушунаман буни, бу сиёсат, лекин, узр, мардлик йўқ бунда ва бундай очиқ-ойдин оммани, мана шундай рақамлар билан ёш бола қилиш ҳам яхши нарса эмас».

Рассом Адолат
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 январ 2020
Дунëни ким бошқаради? Дунëни сиëсат бошқаради. Сиëсат бирламчи ва қолган ҳамма нарса ўнинчи. Юрмайдиган машинанинг ўриндиғига янги чарм қоплаш билан ...
30 январ 2020
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева 29 январь куни аризаларига кўра лавозимларидан ...
20 апрел 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми. Боши “Элтуз”нинг “Императив” рукнида. Давоми бор.) Социалистик ҳаёт менинг ёш юрагим учун ...
13 август 2017
Бу расм ҳам аслида воқеабанд. Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ тумани Қорасув қишлоғи ҳудудида 2015 йилнинг 20 сентябрида Анвар исмли милиция ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...