Cатира
20 март 2018

Ҳоким: Ўқитувчи ўлимида, мен эмас «Камаз» айбдор!!!

Маҳаллий ҳокимлик Каттақўрғон туманида дарсдан олиб чиқилиб, кўча супуришга мажбурлангани оқибатида «Камаз» тагида қолиб ўлган 42-мактаб ўқитувчиси Диана Енекеева ҳақида мақола ëзган журналист ва блогерларга қарши босим ўтказа бошлади.

Eltuz мухбирининг аниқлашича, вилоят амалдорлари ўзларининг Тошкентдаги акахонларидан “тилига эрк берган журналистлар овозини ўчириб беришни сўрашган”. Мухбиримизга кўра, “пашшадан фил ясаган” асосий айбдор сифатида журналист Каримберди Тўхтамурод нишонга олинган.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқ ва матбуотдаги шов-шувдан қўрқиб кетган самарқандлик мулозимлар “воқеада йўл хавфсизлигига риоя қилмаган ўқитувчининг ўзи ва «Камаз» ҳайдовчиси айбдор”, деган иддаони тиқиштиришга уринмоқда. Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевнинг ОАВ ходимларига йўллаган, мазкур воқеа «жонлантирилган» мактуби Eltuzга келиб тушди.

Фожиага Мирзиёев ташрифининг дахли йўқми?

Вилоят ҳокими ўз мактубида “бахтсиз ҳодисанинг Мирзиëев ташрифи боис” кўчаларга мажбуран фаррошликка чиқарилган ўқитувчиларга алоқаси йўқлигини таъкидлайди:

“Оммавий ахборот воситаларида турли хабарлар ва муносабатлар билдирилаётгани нохолис талқин ҳисобланади ва ҳақиқатга мос келмайди”, дея таъкидлайди ҳоким бува мактуб давомида.

У, шунингдек, ўқитувчиларнинг “ободонлаштириш ишларига жалб қилинмаслигига вилоят раҳбари сифатида сўз бераман”, дея ваъданинг каттасини беради. (Эслатиб ўтамиз, кейинги бир йил мобайнида бундай ваъдаларни бошқа ҳокимлар ҳам берган ва сал ўтмай ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга ҳайдаган эди).

«Ўқитувчилар президент учун ўлимга ҳам рози!»

ОАВга таъсир ўтказиш мақсадида самарқандлик “маориф ходими” 40 ёшли Обид Омонов тарафидан “мактуб” уюштирилгани ҳам ўртага чиқди.

Мактуб бошқалар қатори Eltuz га ҳам келди. Вилоят ҳокимлигида “яратилган” бу мактуб аввалида кўча супуришга мажбурлаш тадбирини оқлашга уриниш бор:

«Хўш, Д.Еникееванинг тақдири ҳақида ўйловчилар шу саволимга жавоб беринглар-чи? Сизларнинг уйларингизга меҳмон келса тозалик қилмайсизларми, шундай хонадонларингиз ифлосланган ҳолда кутиб оласизларми? Келган меҳмон сизларнинг хонадонларингизга баҳо бермайдими? Тозали уй фариштали, уй дейишган ота-боболаримиз”.

Муаллиф ўз номасини “Ўқитувчилар президент учун ўлимга ҳам рози”, деган мужда билан давомлайди:

“Сизлар балки Тошкентда туриб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзларини кўриб турсангизлар, кўзларингиз ўрганиб қолгандир. Лекин, биласизларми, Президентимиз Шавкат Мирзиёев агар Самарқанд вилоятимизга келса, вилоятимиз аҳли учун бундан катта бахт йўқдир. Майли, шахсан мен ўзим ўлгунимга қадар Президентимиз Шавкат Мирзиёевни кўрмасдирман, аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёевни кўрган таниш-билишларим, ота-онам билан жуда ҳам фахрланаман.”

Ана шундан кейин бу “заковат соҳиби” ўз мактубида “самарқандлик ўқитувчи ўлимини ëритган журналист ва бу ўлимни қоралаган мулозим “огородига тош отади”.

“Ҳурматли ижтимоий тармоқ маъмурлари, халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Зафарович ҳамда Каримберди Тўрамурод ака!

Сизлар ижтимоий соҳа вакилларини мажбурий меҳнатдан озод қилиш ҳақида фикр юритаяпсизлар, лекин унда ўзларингизга савол бериб кўрдингизларми? Ободонлаштириш ишларини шу ҳудуд атрофида яшовчи уюшмаган аҳоли ёки уюшмаган ёшлар амалга оширмаса, унда ким бажаради? Нима, дунёдаги қолоқ давлат аҳолисини бир бурда нон учун жалб этиб ишлатамизми? Улар бизларни ифлосланган ҳудудларимизни тозалаб беришадими?

Тўғри, бу саволларга жавоб бера олмайсизлар. Лекин ушбу саволларга жавоб бериш учун, энг яхшиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига, “Маҳалла”, “Нуроний” ХЖФ маъмуриятига бериб кўринг. Қанчадан-қанча уюшмаган ёшлар ёки уюшмаган аҳолимиз бекорчи бўлиб юрибди. Ободонлаштириш ишларини ўшаларни жалб қилишни иложи йўқми? Виртуал қабулхоналарга ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 2 ёшгача, 14 ёшгача моддий ёрдам сўраб келаётган хотин-қизларимизга ушбу моддий ёрдамни олишга лойиқмисан ёки йўқми, деган саволларни бермайсизлар. Бера олмайсизлар ҳам. Мени кечирасизлар-у, Сизларни бу саволларни беришга юракларингиз йўқ. Сизлар учун айбдор бўлиб қолган фақат мактаб директори, ХТБ мудири, ҳоким ёки прокурор!”

Ҳокимнинг очиқ таҳдиди

Бу гаплардан кейин мактуб муаллифи “муддаога ўтади”. Муддао эса аниқ: “Ҳоким айбдор эмас!”

“Қачон қарама, ҳоким ўқитувчиларни Мустақиллик байрамига чиқмаганлиги учун калтаклаган, автобусда ёниши натижасида ҳалок бўлган йўловчилар яшаган туман вакилларини ҳақорат қилган, пахта йиғим-теримига чиқмаган ўқитувчиларни ҳақорат қилган ҳоким айбдор”.

Кейинги жумлани Eltuz гаплашган ҳуқуқшунослар “очиқ таҳдид” деб малакалашди:

“Қўпол бўлса ҳам мени кечиринглар-у, ҳа деб амалдаги давлат тузумига осилаверманглар, йиқилиб қолсанглар, бирор бир жойларингиз жуда қаттиқ оғрийди».

Мактубга Обид Омонов дея имзо қўйилган. Eltuz мухбирининг аниқлашича, Самарқанд вилоят мактабларида бундай исмли ўқитувчи ишламайди.

Мухбиримизга кўра, Самарқанд ҳокими курсидан айрилиб қолишдан қўрқмоқда ва “Камаз айбдор”, деган ҳулосага барчани ишонтиришга уринмоқда.

Рассом Кирпи

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 октябр 2018
Хоразмлик таниқли хонанда Азиза Ниёзметова 14 октябрь куни 46 ёшида оламдан ўтди. Бир йил аввал саратон касалига чалинган хонанда ...
30 октябр 2017
Манқурт десам, манқуртга ўхшамайди. Ҳаммаси зиёлидай кўринади. Оддий одамлар эмас. Бири ҳатто мажбурий обуна йўқ деб қовун туширган бўлса-да, ...
26 ноябр 2018
Мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистонда мажбурий меҳнат бартараф этилиши ўрнига авж олиб бораётганида Халқаро меҳнат ташкилоти ...
9 октябр 2020
Мана, гир этиб бир ҳафта ўтдию кетди. Ҳафта ичида қирғизлар ҳукуматни ағдаришга ҳам улгурди. Ўзбек мулозимлари эса ҳукумат хазинасини ўмаришда ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...