Cатира
23 апрел 2018

Йилнинг биринчи чорагида бюджетдан 4 миллион доллар ўғирланди

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон бюджетидан 4 миллион доллардан ортиқ маблағ ўмарилган. Бу ҳақда Молия вазирлигига асосланиб, мамлакатнинг бир неча нашрлари хабар тарқатди.

Ўзбекистонда бюджет маблағлари ўмарилиши билан боғлиқ бундай маълумотлар илк бор эълон қилинмоқда, деса бўлаверади.

Илгари ҳам шундай ҳолатлар тилга олинар, лекин қанча маблағ ўмарилгани масаласи ҳар доим ошкор этилавермасди.

Аммо президент Шавкат Мирзиёевнинг бюджет шаффофлигини ошириш ва коррупцияга қарши курашишга қаратилган сиёсати Молия вазирлигини ўтказилган текширувлар натижасини эълон қилишга мажбур этган кўринади.

Маълум бўлишича, биринчи чорак давомида суиистеъмолликлар, ўғирлик ва бошқа мақсадсиз харажатлар оқибатида мамлакат бюджети 33 миллиард сўм йўқотган. Молия вазирлиги томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида 127 та объектда ўтказилган теширувлар давомида 5,2 миллиард сўмлик мақсадсиз харажатлар аниқланган.

Жами 844 та текширув ўтказилган бўлса, молиявий тартиб-интизом бузилиши билан боғлиқ 661 ҳолат аниқланган. Жумладан, шуларнинг 5,2 миллиард сўми (644 минг доллар) камомад ва ўғирлик, 24,8 миллиард сўми (3,07 миллион доллар) ноқонуний харажатлар, 3,2 миллиард сўми (396 минг доллар) Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағларини мақсадсиз сарфлаш билан боғлиқ.

Текширувлар натижасида 20,8 миллиард сўмни (2,57 миллион доллар) қайтаришга эришилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим этилган 650 та текширувнинг 626 таси бюджет ва бюджет маблағларидан фойдаланиладиган ташкилотларга тааллуқлидир.

Шунингдек, маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш билан боғлиқ 510 та ҳолатда 474 субъект бўйича материаллар ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган. Бу бюджет ташкилотларининг 32 нафар раҳбари ва мансабдор шахси маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунга ўтган йилнинг январида имзо чеккан эди. Ўша йил февралда эса бош прокурор раҳбарлигида коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилганди.

Мазкур комиссия фаолияти натижасида ярим йил давомида 1,5 мингдан ортиқ мансабдор шахсга нисбатан коррупция билан боғлиқ 1130 та жиноят иши қўзғатилди.

Яқинда эса Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга БМТ Тараққиёт дастури ҳам қўшилди. Бу ташкилот Адлия вазирлиги билан биргаликда уч йиллик лойиҳани амалга оширишга киришди.

Бу лойиҳада коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий қонунчиликни такомиллаштириш, уни халқаро стандарларга мослаш, давлат хизматчиларини тайёрлашда инновацион услубларни ишлаб чиқишни назарда тутади.

Шунингдек, лойиҳа коррупцияга қарши тадбирларга техник кўмак бериш ва жамиятда коррупцияга нисбатан тоқатсизликни ривожлантириш ҳам қаратилган.

Шунча ишлар қилинаётганига қарамай, Ўзбекистон коррупция миқёси ҳамон жуда кенглигича қолмоқда.

Таълим, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот, экспорт-импорт, божхона, солиқ каби жамият ривожи учун энг муҳим бўлган соҳалар коррупция ботқоғига ботган.

Айни пайтда прокуратуранинг собиқ бош прокурор бошлиқ кўплаб ходимлари, собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг юқори мансабли амалдорларидан бир гуруҳи айни шундай жиноятлар юзасидан тергов бермоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 июл 2016
«Ҳуррият» газетаси ўз муассиси бўлмиш Журналистлар уюшмасига қарашли мониторинг гуруҳининг мамлакат матбуоти жорий йилнинг иккинчи чорагида нима кароматлар кўрсатгани ...
26 июн 2017
Каримов ўлимидан сўнг, маҳаллий амалдорлар устидан шикоятлар рағбатлантирилди. Қайсидир мулозимнинг ишдан кетгани ёки юрак ҳуружидан ўлгани ҳақида тез-тез хабарлар ...
1 ноябр 2016
2002 йилда канадалик ўспирин Кристофер Хервиг (Christopher Herwig) собиқ совет республикаларидан ўтадиган велосипед пойгасида қатнашганида илк бора совет рассоми ...
2 май 2016
«Народное слово» газетасининг «Жаҳон» ахборот агентлигига асосланиб ёзишича, БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида Ўзбекистонда ...
Блоглар
26 май 2018
“Ҳайт!” дегандан ҳадаҳалаб югургилаш керак эмас. Олдин у ёқ-бу ёққа қараб олиш ҳам керак. Ҳаммамиз ...
24 май 2018
Бу йил мактабларда ўқувчилар «Сўнгги қўнғироқ» ўрнига президент Шавкат Мирзиёевнинг билим олишга оид гаплари шиор ...
22 май 2018
Президент Мирзиёевнинг Андижонга сафари шаҳарни бегона кўзлардан тўсиш, ошиқча эҳтиёт чоралари ва мулозимларнинг одатий лаганбардорликлари ...