Cатира
7 ноябр 2018

Бизнесни расмийлашириш осонлашди, юритиш эмас

Яқинда Жаҳон банки томонидан эълон қилинган “Бизнес юритиш” (Doing business) рейтингида Ўзбекистон 76-ўринни эгаллади.

Яъни мамлакат ўтган йилдаги ўрнидан икки поғона пастлаб, минтақа давлатлари бўлмиш Қозоғистон (28-ўрин) ва Қирғизистондан (70-ўрин) кўра ёмонроқ, Тожикистондан (126-ўрин) яхшироқ натижа кўрсатди.

Ҳолбуки, ўтган йили Вазирлар Маҳкамаси “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистоннинг позициясини яхшилаш мақсадида махсус комиссия тузиш ҳақида қарор қабул қилганди.

Мазкур қарорда ҳар йили Ўзбекистоннинг ушбу рейтингдаги позициясини 10 поғонага яхшилаш, 2021 йилга бориб мамлакатнинг рейтингдаги ўрнини 40-поғонага чиқариш кўзда тутилганди.

Ўзбекистон ўзини бизнес учун кенг йўл очаётган давлат сифатида кўз-кўз қилишга уринаётган бир пайтда бу йилги рейтингда ўтган йилдагидан ҳам ёмон натижа қайд этгани мамлакат имижи учун бир зарба бўлди, дейиш мумкин.

Қолаверса, бу ўтган йили тузилган махсус комиссия ишига берилган ўзига хос баҳо ҳамдир. Бундай комиссияни энди нима қилиш керак? Балки ҳайдаш керакдир?!

Зеро, шу комиссия тузилишидан аввал, яъни ўтган йилги рейтингда Ўзбекистон ўз позициясини бирданига 13 поғона яхшилаб олган эди.

Шу ўринда бир эслатма. Комиссия зиммасига бизнес учун шароитларни яхшилаш бўйича вазифаларини бажармаётган давлат органлари раҳбарларини жавобгарликка тортиш чораларини қабул қилиш бўйича таклифлар киритиш масъулияти ҳам юкланган эди.

Жаҳон банки рейтингидаги натижа учун энди кимга чора кўриш керак, деган савол туғилса, балки ўз вазифасини эплай олмаётган мана шу комиссия аъзоларига, деган жавоб тўғри бўлмасмикин?

Ўтган икки йил давомида ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда бизнеснинг ишини осонлаштиришга қаратилган бир қанча чоралар кўрилди.

Грузиядан қандайдир ислоҳотчи вазир таклиф этилиб, унинг маслаҳатлари олинди. Жанубий кореялик ислоҳотчилар эса ўзимизнинг одамлардек бўлиб кетди.

Аммо натижа ёмонлашди, яхшиланмади. Россиянинг эндиликда марҳум собиқ бош вазири Виктор Черномирдин айтганидек, “яхшироқ бўлишга ҳаракат қилдик, натижа эса аввалгидек” бўлиб чиқди.

Рейтинг ўз йўлига, лекин бир жиҳатни тан олиш керак – Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектини ташкил этиш аввалги даврлардагидан кўра анча яхшиланган. Ҳозир давлат хизматлари марказлари орқали бу ишни жуда тез амалга ошириш мумкин.

“Фирма очиш осонлашди, лекин бизнесни ривожлантиришга тўсиқлар ҳамон олдинги даврлардагидек”, дейди “Элтуз” билан суҳбатлашган тадбиркорлардан бири.

Унинг сўзларига кўра, бизнесни текширишлар камайтирилгани айтилаётган бўлса-да, аслида аҳвол камроқ ўзгарган.

“Ўзим яқинда гейм клуб очгандим. Очиш жуда осон бўлди. Лекин кечқурун униси келиб ёп дейди, буниси келиб ёп дейди, тўғриси, ижара пулидан ошириб ривожланиб кетиш имконияти кам бўлиб қоляпти”, дейди тадбиркор.

Бизнесга нисбатан тазйиқлар пахта терими мавсумида кучайганини ҳам кузатиш мумкин. Хусусан, тадбиркорлардан пахта терими учун мажбурий тарзда пул йиғиб олиниши ҳолатларини эслаш кифоя.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 октябр 2018
Ўзбекистон президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари, президентнинг матбуот котиби Комил Алламжонов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда “Элтуз” билан ...
16 март 2016
9 март куни „Пахта кампанияси“ (The Сotton Сampaign) фаоллари Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳамон сақланиб ...
15 май 2016
Республика Бош прокуратураси Тошкент шаҳрида жойлашган олий ўқув юртлари ўқитувчи-профессорларидан пора олмаслик ҳақида кафолат хати ëздириб олди. Бу кафолат ...
Блоглар
15 ноябр 2018
Ўзбекистонда баъзан «ютуб», баъзан «фейсбук» каналлари узилишидан шикоятлар ортмоқда. 15 ноябрь куни «Элтуз» нашри Downdetector ...
14 ноябр 2018
Таниқли ўзбек диссидент адиби, 67 яшар Мамадали Маҳмудов 13 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ...
13 ноябр 2018
“Бу йил фермерларга ҳар йилгидан кўра оғир бўлди. Уларга нисбатан зуғум ва зўравонликлар кўлами ошса ...