Кундалик
22 сентябр 2016

Акмал Саидовнинг «иддао»лари хато ва қонунчиликка зиддир

Олий Мажлис амалдаги Бош вазир Шавкат Мирзиёевни президент вазифасини бажарувчи этиб тайинлаганидан сўнг Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов парламентнинг бу қарори қонунийлигини ёқлаб фикр билдирди.

Қуйида биз профессорнинг бу иддаолари Ўзбекистоннинг мавжуд қонунчилигига қанчалик мос эканини таҳлил қилиб кўрамиз.

Ўз фикрини исботлаш учун Акмал Саидов бешта асосни келтирди. Хусусан, у Конституциянинг 81-моддасига асосланиб, «Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг ҳар қандай муҳим масалалари юзасидан ўтказилиши мумкин»лигини таъкидлайди.

Бу ўринда мазкур моддани талқин қилишда унинг маъносидан жиддий чекиниш мавжуд. Ушбу модданинг 9-хатбошисида шундай дейилади:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.

Бу модда Олий Мажлис палаталари ўз қўшма мажлисларида «ҳар қандай» муҳим масалани кўриб чиқишини назарда тутмайди, балки «бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин«лигини кўзда тутади.

Ҳуқуқий нуқтаи назардан эса «ҳар қандай муҳим масала» билан «бошқа масалалар» деган тушунчалар орасида катта фарқ бўлиб, давлат ҳокимиятининг бўлиниши тамойили уларнинг ҳеч бирига «ҳар қандай масалани» кўриб чиқиш ваколатини бермайди.

Конституциянинг 78, 79 ва 80-моддаларида Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг умумий ва мутлақ ваколатлари белгиланган. Уларга кўра, бу палаталар қўшма мажлислари мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг ҳар қандай муҳим масалаларини эмас, балки ўз ваколатларига кирувчи бошқа масалаларни кўриб чиқиши мумкин.
Демак, 81-моддани бошқача талқин қилиш хато ва қонунчиликка зиддир.

Акмал Саидов навбатдаги асос сифатида Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қарор қабул қилиш ваколати амалдаги қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилгани, уларнинг қўшма мажлиси муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўшма қарорлар қарор қабул қила олишини келтириб ўтган.

Мазкур асос нимани исботлашни мақсад қилганини тушуниш қийин. Зеро, Олий Мажлис палаталарининг қарор қабул қилиш ваколати, қабул қилинган қарорларнинг қонуний кучга эга ёки эга эмаслиги баҳс мавзуси эмас. Жамоатчилик мазкур органларнинг қарор қабул қилиш ваколатига шубҳа билдираётгани йўқ.

Жамоатчиликнинг норозилиги бу палаталар томонидан қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳиятига қаратилган бўлиб, иккинчи асос бу масалага ойдинлик киритмайди.

Акмал Саидов мураккаб вазиятларда Сенат раиси ўз вазифа ва ваколатларини қабул қилишдан бош тортганда парламент унга мазкур вазифа ва ваколатларни мажбуран юклаш ҳуқуқига эга эмаслигини, акс ҳолда бу шахснинг ўз иродасини эркин намоён этиш ва мақбул фаолиятни танлаш борасидаги ҳуқуқлари бузилишига олиб келишини учинчи асос сифатида келтириб ўтади.

Ҳуқуқий таҳлил жараёнида «мураккаб вазият» каби ҳуқуқий негизи бўлмаган, ўта мужмал тушунчаларга асосланмаслик мақсадга мувофиқ. Чунки қайси вазият мураккаб, қайси ҳолатлар одатий ёки ўртача мураккаб деб топилиши, мураккаблик даражасини ким белгилаши каби масалаларга жавоб топишнинг имкони йўқ. «Мураккаб вазият» каби мужмал тушунчалар асос қилиб олинганда, вазият қандайлигидан қатъи назар, амалдаги қонунларни бажармаслик, четлаб ўтиш ёки бузиш учун қулай замин яратилади.

Конституция ва амалдаги қонунларни тўлиқ ва аниқ бажаришга нисбатан баъзи чекловларни жорий этишга фақат фавқулодда ҳолат эълон қилинганда рухсат берилади. Бундай ҳолатларга қуролли можаролар, агрессия хавфи, фуқаролик уруши, қуролли намойишлар, табиий офат кабилар киради. Ўзбекистонда мазкур ҳолатлардан биронтаси мавжуд эмас.

Акмал Саидов ҳақли равишда ҳеч ким ўз хоҳиш-истакларига қарши ишлашга мажбурланмаслиги кераклигини айтади. Тўғри, чопиқ ёки пахта теримига ҳеч ким мажбуран юборилиши мумкин эмаслиги каби ҳеч ким Сенат раислиги вазифасини бажаришга мажбурланмаслиги керак.

Аммо бу ерда масаланинг моҳияти раиснинг ўз вазифасини бажаришга мажбурланаётганида эмас. Бирор киши давлат ҳокимияти вазифасини бажаришга тайинланганда у ўз вазифаларини тўлиқ бажара олиши назарда тутилади. Мансабдор шахс лавозимга тайинлангандан кейин келгусида қандай вазият келиб чиқишидан қатъи назар, ўз вазифаларини тўлиқ бажара олиш қобилияти ва тажрибасига эга эканлиги тушунилади.

Бу масалада Конституция конкрет, ҳеч қандай шубҳа ёки қўшимча ҳуқуқий талқинни талаб қилмайдиган қоидани белгилайди. Унинг 96-моддасига кўра, президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати Раисининг зиммасига юклатилади. Бу мажбурий қоида бўлиб, ихтиёрий характерга эга эмас.

Шундай экан, бордию Ниғматилла Йўлдошев каби Сенат раиси 96-моддада белгиланган мажбуриятини бажара олмас экан, у бу лавозимидан ўз хоҳишига кўра кетиши ёки ишдан олиниб, ўрнига қонунчиликда белгиланган бошқа шахс тайинланиши керак. Зеро, мансабдор шахс ўз вазифа ва ваколатларининг бир қисмини қабул қилиб, қолган қисмини бошқа мансабдор шахсга топшириш ҳуқуқига эга эмас.

Сенат раиси вазифа ва ваколатларидан воз кечиши мумкин эмаслиги амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаган. Ушбу тезис мумкинлик тамойилига, яъни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай хатти-ҳаракатни бажариш мумкин, деган қоидага таянади. Мумкинлик тамойили фақатгина шахсларга нисбатан қўлланилади, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари эса рухсат тамойилига асосланади.

Рухсат тамойилига кўра, давлат органлари ва мансабдор шахслар фақатгина ваколатлари доирасида, яъни амалдаги қонунчилик билан рухсат берилган хатти-харакатларнигина бажариши мумкин. Яъни Сенат раисининг ўз вазифа ва ваколатларини бошқа мансабдор шахс зиммасига топшириши қонуний бўлиши учун тегишли қонунчилик бундай ҳаракат қилишга аниқ рухсат бериши керак.

Сенат раисининг ўз вазифа ва ваколатларини бошқа мансабдор шахс зиммасига топширишига амалдаги қонунчилик рухсат бермайди. Конституциянинг 7-моддасига кўра, назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Акмал Саидов Конституция ва қонунларда Олий Мажлис Сенати ушбу вазифа ва ваколатларни қабул қилишдан бош тортган тақдирда уларни кимга юклаш лозимлиги назарда тутилмаганини навбатдаги асос сифатида келтиради.

Амалдаги қонунчиликда «ваколатларни қабул қилишдан бош тортиш» деган ҳуқуқий тушунча мавжуд эмас. Юқорида айтилгани каби, мансабдор шахс ё ўз вазифаларини тўлиқ бажара олади, ё бажара олмайди.
Шахс мансабини эгаллаб турган ҳолда зиммасига тушган ваколатларнининг бир қисмини қабул қилиб, қолганларидан бош тортиши мумкин эмас. Ўз вазифаларини бажара олмаган мансабдор шахс лаёқатсиз ёки ноқобил ҳисобланади ва ўтаётган вазифасидан, яъни лавозимидан зудлик билан олиниши шарт.

Амалдаги қонунчилик бу масалада аниқ, ҳеч қандай қўшимча ҳуқуқий талқинга сабаб бермайдиган қоидаларни белгилаган. Биз кўриб чиқаётган ҳолатда Ниғматилла Йўлдошев президент ваколатларини вақтинча бажаришни уддалай олмаслигини билдирди, аммо истеъфо бермади. Бу ўринда Сенат ўз вазифаларини бажара олмайдиган Сенат раисини вазифасидан четлатиши керак эди. Олий Мажлис Сенати тўғрисидаги конституциявий қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, Сенат раисининг ўринбосарлари Сенат раиси йўқлигида ёки ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг вазифасини бажарадилар. Шундай экан, Сенат Регламентига кўра, 15-моддада назарда тутилган ҳолат рўй берганда Сенат раиси ваколатлари унинг ўринбосарларидан бирига ўтказилиши керак.

Конституцияда давлат ҳокимияти тизими – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши тамойилига асосланиши белгиланган. Улар ўз ваколатига кирмайдиган вазифаларни бажариши мумкин эмас.
Конституцияга кўра, Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Олий Мажлис ва Президент иш олиб бориши мумкин (10-модда). Вазирлар Маҳкамаси эса ўз фаолиятида Олий Мажлис ва Президент олдида жавобгар (98-модда). Шу нуқтаи назардан таҳлил қилинганда 96-модданинг туб моҳияти намоён бўлади – халқ номидан иш олиб борувчи Президент ўз вазифаларини бажара олмаганда унинг ваколат ва вазифалари халқ номидан иш олиб бориш ваколатига эга бўлган иккинчи орган – Олий Мажлис зиммасига ўтади. Шу сабабли Олий Мажлис ўз ваколат ва вазифаларини ижро ҳокимияти аъзоси бўлмиш Бош вазирга ўтказиши мумкин эмас.

Акмал Саидов ҳар бир депутат ёки сенатор Қонунчилик палатаси, Сенатнинг мажлисида кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича таклиф билдиришга, ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ҳақли эканини ҳам асос сифатида келтирадики, аслида бу асос биз таҳлил қилаётган мавзуга ойдинлик киритмайди. Чунки жамоатчилик бу ҳуқуқни савол остига олаётгани йўқ, балки Сенат раиси ўз зиммасига Конституция ва қонунлар билан юклатилган вазифаларни бош вазирга ўтказиши конституцияга қанчалик мослиги билан қизиқмоқда.

Юқоридаги таҳлил Олий Мажлиснинг бош вазирни президент вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинлаш тўғрисида қарор қилгани Конституция ва конституциявий қонунларнинг жиддий бузилиши эканини кўрсатади.
Хўш, бу ўринда ҳал қилувчи қарорни ким қабул қилиши керак? Қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган бу каби ҳолатлар, амалдаги қонунчиликка кўра, давлат ҳокимиятининг учинчи мустақил бўғини бўлмиш суд томонидан ҳал этилиши керак.

Аммо бу масалада қарор бериши шарт бўлган Конституциявий суд ҳамон сукут сақламоқда. Бу суд ўз фаолиятини бошлаганига 20 йил бўлди. Мазкур муддат ичида у атиги 32 (!!!) ҳуқуқий масала юзасидан қарор чиқарган (йилига ўртача 1,5 қарор қабул қилинган). Ваҳоланки, Ўзбекистонда шарҳ талаб қиладиган юзлаб қонун моддалари, сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар мавжуд. Масалан, «прописка» ва «ОВИР» ҳақидаги ҳуқуқий меъёрлар Конституциянинг ҳар бир фуқаро бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистонга келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга, деб белгиланган қоидасига қанчалик мос? Ёки «ибодат либоси»нинг нима экани ва унинг Маъмурий кодекс томонидан тақиқланиши Конституцияда белгиланган виждон эркинлиги, фикр юритиш ва уни ифода этиш эркинлиги ҳуқуқига зид эмасми? Ниҳоят, Сенат раиси ўз ваколат ва вазифаларидан бир қисмини Бош вазирга топшириши Конституцияга мосми?

Конституциявий суд мақолада кўтарилган мавзуни эътиборсиз қолдирмаслигига, агар мазкур масалани кўриб чиқадиган бўлса, юқорида муҳокама қилинган ҳолатларга эътибор қаратишига умид қиламиз.

Ҳуқуқий таҳлил «Ташаббус» ҳуқуқшунослари гуруҳи томонидан тайёрланди

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 май 2023
Куни кеча Андижонда ўзларини «Тўмарис издошлари» деб атаган гурух паркда ўз партияси учун имзо йиғаëтган Оллоқуловга ташланди ва калтаклади. ...
11 декабр 2019
Муҳаммад Солиҳ ҳаётига бағишланган “Бегона” фильмининг 6-қисмида суҳбат асносида адиб ўзи сиёсий сургунда қолаётган Туркия унга бегона эмаслиги, Туркия ...
14 ноябр 2018
Ўзбек ҳукумати Россия билан ҳамкорликда ўзининг космик дастурини ишлаб чиққани ҳақида 12 ноябрь куни «Интерфакс» агентлиги хабар тарқатди. «Ўзбекистонга ...
11 июл 2019
Гулчеҳра Нуриллаева 1938 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Тошкент давлат университети ва Москвадаги Олий адабиёт курсларида таҳсил олган. 15 дан ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...