Кундалик
11 феврал 2017

ХМТ: Ўзбекистонда мажбурий меҳнат йўқ, чунки биз бунга ишонамиз

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 2016 йилги пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат мониторинги якунларига оид ҳисоботини эълон қилди. Мазкур ҳисобот Жаҳон банки буюртмасига асосан ўтказилган гўёки «Учинчи томон мониторинги» натижалари ҳисобланади. Мониторингнинг мақсади банкнинг молиявий кўмагидаги лойиҳалар амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги туманларида мажбурий меҳнатдан фойдаланиляптими ёки йўқми эканини аниқлашдир. Жаҳон банкини бундай буюртма беришга Ўзбекистондаги пахтачиликда мажбурий меҳнат муаммосини далиллар билан кўрсатиб берган ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан унинг номига айтилган танқидлар ундади.

Дастлаб бу мониторингни мустақил ташкилот амалга ошириши керак эди. «Учинчи (яъни манфаатдор бўлмаган) томон» тушунчаси шундан келиб чиққан. Аксарият ҳолларда бундай «учинчи томон» сифатида халқаро консалтинг ёки тадқиқот фирмалари танланади. Одатда бундай фирмалар ҳалол тадқиқотчи сифатидаги ўз обрўси тўғрисида шунчалик қайғурадики, мустақил текширув ўтказишни кафолатмай олмаса, лойиҳаларни бажаришга рози бўлмайди. Мазкур ҳолатда ҳам шундай бўлди. Натижада «мустақил томон» ролини ўйнашни ўз обрўсини сақлашга унчалик ҳам қайғурмайдиган кўринадиган Халқаро меҳнат ташкилоти зиммасига олди.

Умуман олганда, Жаҳон банкига ўзига билдирилаётган танқидларга чап бериш зарур эди. 1 февралда Жаҳон банки қуйидаги баёнотини эълон қилди: «Ўзбекистон меҳнат муносабатлари соҳасида ислоҳотлар ўтказишда муваффақиятларга эришди, ташкиллаштириладиган мажбурий меҳнат амалиётига чек қўйилди. Жаҳон банки томонидан кўмак кўрсатилаётган аграр ва сув секторидаги, шунингдек, таълим соҳасидаги лойиҳалар доирасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳолатлари учрамади». Кўринишидан Жаҳон банки ўз обрўси борасида унчалик қайғараётгани йўқ!

Бирорта далил йўқми?!

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳисоботидан келиб чиқадиган асосий хулосалар шуки, ташкиллаштириладиган мажбурий болалар меҳнатига чек қўйилган, чунки гўёки «болалар меҳнатига йўл қўйиб бўлмаслиги жамиятнинг барча қатламлари томонидан тан олинади». Катталарнинг мажбурий меҳнати муаммоси эса, ХМТ экспертлари фикрича, теримчилар умумий сонининг озгина қисмигагина тааллуқлидир. Бу хулосалар кўплаб кузатишлар ва ҳужжатлаштирилган фактлар, хусусан, Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ўзбекистонлик фаоллар билан ҳамкорликда 2016 йилнинг кузида ўтказган мониторинг натижаларидан кескин фарқ қилади.

«Учинчи томон мониторинги» ҳақида нимани билиш зарур?

ХМТ текширувлари ва унинг натижаларидан келиб чиқадиган асосий савол шуки, уни ҳақиқатан ҳам мустақил деса бўладими? Агар ХМТ экспертларининг биринчи қўлдан интервью олиш ва маълумот тўплаш учун жойларга бориши «хира пашша» ролини ўйнайдиган ҳокимият органлари вакиллари иштирокисиз амалга оширилганда тадқиқотлар мустақил ўтказилиши ҳақиқатан ҳам кафолатланган бўлиши мумкин эди. Бу вакилларга давлатнинг тўла назоратида бўлган касаба уюшмалари ходимлари ҳам киради. Шунга қарамай, ХМТ респондентларнинг исмини сир сақлаш ва хавфсизлигини кафолатлаш имконияти бўлмаган шарт-шароитларда мониторинг ўтказишга розилик берди.

Фото: Аҳолини пахтага сафарбар этиш ҳақида Тошкент шаҳар ҳокими қарори

Бунинг устига, (ҳукумат амалдорлари билан) ҳамкорликдаги мониторинг хулосалари объектив, дея тақдим этилмоқда. Унинг мазмуни эса кўп жиҳатдан пахта секторидаги мажбурий меҳнат вазияти ҳақида Ўзбекистон ҳукумати томонидан эълон қилинадиган ташвиқот ҳисоботларини эслатади.

ХМТ ҳисоботида сўнгги йилларда йиғилган, пахта теримига мажбурий сафарбарлик оммавий кўринишга эгалиги ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси кўрсатмаси бўйича амалга оширилишини аниқ кўрсатиб берадиган кўп сонли гувоҳликлар ва ҳужжатлар эътиборга олинмаган. Кишиларни пахта даласига жўнатиш маҳаллий ҳокимликлар томонидан ташкил этилади, бюджет ташкилотларининг юз минглаб ходимлари эса ишдан бўшатилиш таҳдиди остида пахта теримига жўнатилади. 2016 йилги пахта мавсуми ҳам оммавий мажбурлаш амалиётидан холи бўлмади.

Аҳолини пахта йиғим-теримига сафарбар этиш тўғрисидаги расмий маълумотлар билан бу ерда танишиш мумкин: http://harvestreport2015.uzbekgermanforum.org/

Ҳаммаси ажойиб, гўзал маркиза

Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг (ЎКУФ) ҳамкорликдаги мониторингида етти нафар халқаро эксперт иштирок этди. Улар УКУФ ходимларининг доимий ҳамроҳлигида жами 6 ҳафта давомида мамлакатни кезиб чиқди. Бевосита пахта йиғим-терими мавсумида сафарлар 14 сентябрдан 28 октябргача амалга оширилди. Ҳолбуки, пахта терими бундан бир ҳафта олдин бошланган ва ноябрь ўрталарига қадар давом этганди.

Ҳисоботда таъкидланишича, халқаро экспертлар бориладиган жойни ўзлари танлаган. Аммо махфийлик сақланмаган ва жуда гапдон респондентларга нисбатан тегишлича тазйиқ ўтказилиши мумкинлиги шароитида бундай имтиёз мониторингнинг ўз-ўзидан мустақил бўлиб қолишини таъминламайди.

Пахта терими мавсумда ХМТ вакиллари 800 дан ортиқ аҳоли пунктида бўлиб, давлат ва давла

Фото: Тошкент аҳолисини сафарбар этиш ҳақидаги ҳужжат, 2015 йил сентябрь

тга бўйсунувчи ташкилотлар ишчи-хизматчилари, фермерлар, талабалар ва мактаб ўқувчилари билан 1700 дан ортиқ интервью ўтказди. ХМТ экспертларининг муассасалар ва пахта далаларига киришининг таъминланиши аъло даражада эди, деб таъкидланади ҳисоботда.

Ўзбекистон фуқаролари билан гаплашишда ХМТнинг имтиёзли ҳолатда бўлгани сабаби шуки, ХМТ Ўзбекистонда мустақил касаба уюшмалари мавжудлигини тан олишга розилик берди. Бу эса мавжуд далилларга зиддир. Ҳисоботда пахта далаларида одамлар билан давлат назоратидан ташқари гаплашишга уринган фаоллар ва журналистларнинг ҳибсга олиниши ва калтакланиши ҳолатлари келтирилмаган. ХМТ экспертлари Ўзбекистон ҳукумати нега мамлакатни бошқа халқаро ташкилотлар учун ёпиб қўйгани ва пахта далаларида интервью олишга уринган хорижий журналистларни депортация қилгани масаласига тўхталиб ҳам ўтирмаган.

“Истар-истамас ишлаётганлар” ёки салгина ҳомиладорлар

Ҳисоботда келтирилган маълумотларга кўра, пахта теримида тахминан 1,8 миллион теримчи иштирок этади (ХМТнинг 2015 йилги тадқиқотлари маълумотлари). ХМТ теримчиларни уч тоифага бўлади: (1) кўнгилли теримчилар, (2) “истар-истамас ишловчилар”, яъни гўёки жамоатчилик босими остида пахта тераётганлар, аслида яхши шароитлар бўлса, бу ишни бажаришга розилар ҳамда (3) ўзларининг бевосита бошлиқлари томонидан мажбурий равишда далага жўнатилган, жами теримчиларнинг озгина қисмини ташкил этадиган мажбуран сафарбар қилинганлар.

Бундай “истар-истамас” ишловчилар, ХМТ талқинича, жами теримчилар сонининг учдан бир қисмини ташкил этиши мумкин. Агар айни пайтда бу кишилар меҳнат шароитларидан ва тўланадиган ҳақдан норози бўлса, нима сабабдан ўз оилаларини ташлаб, пахта теримига жўнаб кетди, деган саволга ҳисоботда ойдинлик киритилмаган. Кейинчалик улар ҳақиқий кўнгилли теримчи бўлиши мумкинлиги, аммо айни пайтда эса қандайдир муаллақ ҳолатда тургани ХМТга уларни эрксиз теримчилар сафига қўшмаслик учун етарли асос ҳисобланади.

Аслида эса кишиларни пахта теримига жўнашга ундайдиган ёки пахтадан озод бўлиш учун пул тўлашга розилик беришига олиб келадиган жамоатчилик босими мавжуд эмас. Биз маҳалла қўмиталари, қишлоқ кенгашлари, ҳар турли нодавлат ташкилотларни жамоатчилик вакиллари деб ҳисобламаймиз-ку. Бу тузилмаларнинг барчаси фақат давлат органлари амри билан ҳаракат қилади.

Ўзбекистон шароитида фақат ишдан айрилиш ёки ўқишдан ҳайдалишнинг реал таҳдиди мавжуд. Жамоатчилик фикри эмас, раҳбарлар олдидаги қўрқув мажбурий сафарбарликнинг бош омили ҳисобланади. Бюджет ташкилотлари ходимлари пахтадан теримидан озод этилишни сотиб олиш учун ўз ойлик маошининг ярмини беради. Ишдан ҳайдалиш билан жазоланишдан қўрқув уларни ўзининг ўрнига ишлайдиган теримчиларни ёллашга мажбур этади. Бу эса пахта терими ишлари улар учун мажбурий эканига аниқ далилдир.

“Қайта алоқа механизми” ёки “Онангни қози зўрласа, кимга шикоят қиласан”

Ҳисоботда аҳолининг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигига оид хабардорлигини ошириш учун ташкил этилган ахборот кампанияси, шунингдек, мажбурий равишда жалб этилган теримчиларнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига шикоят қилиш имкониятини берадиган “қайта алоқа механизми” жуда ажойиб, деб баҳоланади. “Бутун мамлакат бўйлаб 836 та баннер, 44 500 та плакат, 100 мингта буклет илиб чиқилди, ахборотлар ОАВда ва СМС хабарлар орқали тарқатилди”, дейилади ҳисоботда.

ХМТ “болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги фикри гўёки жамиятнинг барча қатламлари онгига сингиб кетди”, дея дадил хулоса чиқаради. Бу хулоса жуда баҳслидир. Чунки ўзбекистонлик фаоллар томонидан яширинча ўтказилган интервьюларда пахтага сафарбар этилган теримчилар болалар йўқлиги сабабли пахта терими катталар учун янада оғир жабру жафога айланганидан афсус билдирди. Ўзбекистонда болалар меҳнатининг одатий тусга кирган, раҳбарлардан қўрқув шунчалик чуқур илдиз отганки, ота-оналар ўз болаларини ҳимоя қила олмайдиган ҳолатда эди. Болалар оммавий равишда пахта теримига сафарбар этилган аввалги йилларда ўз фарзандларини пахта теришга жўнатишдан бош тортган ота-оналарнинг бирорта сезиларли норозилик саъй-ҳаракатлари кўзга ташлангани йўқ. Бунинг устига, кўпинча ота-оналар меҳнат инсонни улуғлайди, биз ҳам болалигимизда пахта терганмиз, бунинг ҳеч қандай ёмон жиҳати йўқ, деб болалар меҳнатини оқларди.

Пахта йиғим-терими мавсуми даврида икки муассаса – Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва Меҳнат вазирлиги шикоятлар учун телефон алоқаларини йўлга қўйди ва, ҳисоботда айтилганидек, халқаро ишланмаларнинг энг яхшиларини ўзида жамлади.

2016 йилги пахта терими мавсуми давомида ЎКУФга бевосита пахта терими билан боғлиқ 85 та шикоят келиб тушди. Улардан болалар меҳнатига оид гўёки 6 та ҳолат ва “мажбурий меҳнат хатари”га оид 2 та (!) ҳолат тасдиқланган. Меҳнат вазирлиги олган шикоятлар орасидан эса болалар меҳнатига оид 5 та ва мажбурий меҳнатга оид 9 та ҳолат тасдиғини топган.

Бўшлиқда бўлиш

Ҳайрон қолдирадигани шуки, ХМТ унинг мониторинг бўйича ҳамкорлари бўлмиш Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ҳаракати нафақат давлатга тўла қарам ташкилотлар ҳисобланиши, балки давлатга аҳолини пахта теримга сафарбар этишда ташвиқот кўмаги кўрсатишини муаммо деб ҳисобламайди. ХМТнинг Ўзбекистондаги умумий сиёсий муҳитни ҳисобга олмаётгани таажжубланарли. Мамлакатда фуқароларнинг бирорта эркинлиги таъминланмаган, эркин ОАВлар йўқ, мустақил суд тизими мавжуд эмас, қамоқхоналар эса сиёсий маҳкумлар билан тўла. Сиёсий мухолифат йўқ қилинган, ҳеч қачон эркин сайловлар ўтказилмаган, одамлар қўрқув ва умидсизлик ҳолатига кўникиб яшаётган мамлакат эканига қарамай, ХМТ фикрича, Ўзбекистонда мустақил касаба уюшмалари мавжуд бўлиши мумкин.

Халқаро меҳнат ташкилоти юқорида номи зикр этилган ва рўйхатдан ўтган бошқа муассасалар ўзларининг келажакда «назоратнинг самарали қўшимча воситаси» бўлиши мумкин бўлган миллий мониторингини ўтказаётганини эътироф этади. Билмадим, бундай сафсатани ўқиб, кулиш керакми ёки йиғлаш!

Сўз ва уюшмалар эркинлиги қандай аҳволда экани Ўзбекистонда 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтган президент сайловини кузатиш бўйича ЕХҲТ миссиясининг дастлабки ҳисоботида тавсифланган.

«Қонун асослари меъёридан ортиқ тақиқловлар ва ўзбошимчалик билан ижро этиш орқали фуқароларнинг асосий эркинликларини чеклаб қўйган. Жамоат йиғилишларини ўтказиш учун бир ой аввал рухсат олиш талаби мавжудлиги, шунингдек қоидаларни бузган иштирокчиларга нисбатан чоралар кўриш, жумладан, жаримага тортиш ва уч йил муддатга қамоқ жазосининг берилиш эҳтимоли бунинг яққол исботидир. Жамият бирлашмалари чекловига сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилот (ННТ)ларни рўйхатга олишга доир оғир талаблар, рўйхатга олишни рад этиш ва рўйхатдан чиқариб ташлаш борасидаги ваколатлар, уларнинг фаолияти йўлидаги ҳуқуқий ва маъмурий тўсиқлар кабилар киради. 2016 йил ННТларни чет элдан маблағ билан таъминлашга доир шундай мушкул қоидалар янада мураккаблаштирилди. Сўз эркинлиги кўплаб жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик қоидалари билан чекланган».

Хатар гуруҳи: талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари

ХМТнинг билдиришича, аҳолининг мажбурий меҳнатга жалб этилиши таҳдидига мойил гуруҳига мактаблар, лицейлар, тиббиёт муассасалари, 18 ёшдан ошган талабалар, бюджет муассасалари ва хусусий ташкилотлар ходимлари киради.

ХМТ экспертлари (ЎКУФ ходимлари ҳамроҳлигида) 190 та болалар боғчаси, 40 та коллеж ва лицей, шунингдек, 50 та тиббиёт муассасасида бўлиб, уларнинг аксарият қисми «одатдаги тартибда ишлаётгани»ни билдирди. Аммо бу эътироф фаоллар томонидан ҳужжатлаштирилган далилларга зиддир.

ХМТ ҳисоботига ишонилса, мактаблар ва болалар боғчалари ходимлари ўз ихтиёрига қарши равишда пахта теримига жўнатилган бўлиши мумкин, бироқ бунинг олдини олиш учун мамлакатда самарали ахборот кампанияси, амалдорлар учун тренинглар ўтказиляпти, шунингдек, шикоятлар учун «қайта алоқа механизми» мавжуд. Бу иккиюзламачиликка ўхшайди: ҳукумат бир томондан одамларни пахта далаларига жўнатади, бошқа томондан меҳнатга мажбурлаш ёмон экани тўғрисида семинарлар ўтказади. Бу қўшстандартни эса ХМТ экспертлари пайқамади. Кўринишидан, пайқашни истамади!

Умуман, асосий муаммо аҳолининг ўз ҳуқуқларидан бехабарлигида эканига ишонч халқаро экспертларнинг миясига қаттиқ ўрнашиб қолган. Чунки айнан шу нарса пахта теримига мажбурий сафарбар этиш муаммосининг ечимида асосий масала сифатида тақдим этилмоқда. «Ҳамма пахтага!» буйруғи Тошкентдаги энг юқори идоралардан келаётган бўлиши мумкинлиги эса умуман эътиборга олинаётгани йўқ.

Талабалар ўз хоҳиши билан ишламоқда, чунки улар бу ҳақда тилхат берган

ХМТ ҳисоботида айтилишича, ХМТ экспертлари ташриф буюрган 26 та олий ўқув юрти тўлалигича одатдаги тартибда ишламаган, чунки талабалар «бир ой давомида пахта терган». Гўёки ХМТ худди шу ўринда далилларни тан олгандай кўринади. Аммо бу ерда ҳам ноаниқликлар мавжуд.

Аслида талабалар учун пахта терими 1,5-2 ой давом этди. Самарқанд давлат университети талабалари тушган автобуслар колоннаси 2016 йил 16 ноябрда қайтиб келди.

Расмий маълумотларга кўра, талабалар пахта теримида кўнгилли равишда иштирок этган, бунинг тасдиғи сифатида ХМТга талабаларнинг ўзи пахтага бориш истагини билдирган тилхатлар тақдим этилган. Гарчи ХВТ бу кўнгиллиликнинг бошқа далиллари тақдим этилмаганини тан олса-да, шунга қарамай, ўзбекистонлик амалдорлар сўзига ишонса бўлади, деб ҳисоблаган. Бунинг оқибатида камида 200 минг талаба, ХМТ фикрича, мажбуран сафарбар этилган теримчи ҳисобланмайди.

Аслида талабалар пахта терими мавсумида аҳолининг энг заиф ва кўп эксплуатация қилинадиган қатлами саналади. Ўзбекистонда олий таълим ОЎЮларга киришга ариза топширган ёшларнинг тахминан 10 фоизигагина насиб этиши сабабли қаттиқ танловдан ўтган талабалар маъмуриятга бўйсунмасликка журъат эта олмайди. Улар ўзларига берилган «ихтиёрий иштирок этиш тўғрисидаги тилхат»ни имзолаб, жимгина пахта далаларига йўл олади. Таъкидлаш керакки, талабаларнинг учдан икки қисми ОЎЮда ўқиш учун йилига 1000 доллардан 1500 долларгача тўлайди. Талаба бир ой давомида пахта теримида иштирок этиб, кунига 80 килограммдан пахта терган тақдирда ҳам иш ҳақининг бир қисмини овқатланишга берса, у ойига 40 доллардан камроқ пул топиши мумкин. Талабалар армияси учун пахта теримидан ҳеч қандай молиявий манфаатдорлик йўқ.

Олдини олиш чоралари ёки ўликка қўйилган сурма

«Жаҳон банки инвестицияларидан фойда оладиган фермер хўжаликларида мажбурий меҳнат хатарини камайтириш» учун ХМТ оддий йўлни таклиф этади. Масалан, ҳисоботда айтилганидек, фермерлар Сувдан фойдаланувчилар уюшмаси билан шартномага қўшимча моддани имзолар экан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва ХМТ конвенцияларини бузмаслик мажбуриятини олади. Мазкур олдини олиш механизми тўла ишлаши учун, деб ҳисоблайди ХМТ, фермерларга мана конвенциялар бўйича… тренинглар ўтказиш лозим. Фермерларнинг иқтисодий эркинлиги ҳақида гапириш ўрнига уларнинг онгини ошириш таклиф этилмоқда. Бу Кафка романларини ёдга солади. Ҳа, ХМТнинг пахта қуллиги муаммоларни ечиш «услублари» ва ёндашувларининг барчаси Кафка дунёсидан олинган.

ХМТ конвенцияларига риоя қилиниши учун жавобгарликни фермерлар зиммасига юклаш гўллик, аҳмоқлик ва оддий ахлоқсизликдир. Ўзбекистонда фермерлар мажбурий меҳнат ташкилотчилари эмас. Уларнинг бюджет ташкилотларига таъсир ўтказиш воситалари, университетлар ректорлари, мактаб директорлари ва шифохоналар раҳбарларидан ўз ходимларини пахта теримига жўнатишни талаб қилиш имконияти йўқ. Фермерлар мажбурланган теримчиларни ўз даласида қабул қилади, улар учун жой ва овқат ташкил этади. Аммо улар бошқа теримчилар сингари бор-йўғи Тошкентдаги хўжайинлари олдида ҳисобот берадиган маҳаллий ҳокимлар иродасини бажарувчилар, холос. Уларнинг ўзи мазкур тизимнинг қурбонлари ҳисобланади. ХМТ эса бу ҳақиқатни тан олишни истамайди.

Бундан савол келиб чиқади: Бу халқаро ташкилот миссияси нимадан иборат? Бошини қумга тиқиб, ўз ҳисоботлари билан чалғитишданми?

Агар мазкур ташкилот ҳали ҳам соғлом ақл асосида муаммоларни муҳокама қила оладиган ҳолатда бўлса, ўзимизнинг танқидий мулоҳазаларимизга аниқ ва тушунарли жавоблар олишни хоҳлар эдик.

Умида Ниязова
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-Герман форуми (UGF)директори
Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 август 2022
Салом қадрли томошабинлар, Элтуз порталининг бугунги сони одатдаги форматда. Яъни ундан навбатдаги бешта шикоят ўрин олган. Шикоятлар мазмуни янги ...
1 апрел 2019
Тошкентда 23-26-март кунлари мактаб ўқувчилари иштирокида ўтган «Қизларжон» саммити иштирокчилари «ота-оналарни узоқ муддатга чет мамлакатларга ишлаш учун чиқишларини чеклаш ...
22 март 2016
Ўзбекистонда 2015 йилги пахта йиғим-терими мавсумида тўпланган маълумотлар ҳукумат мажбурий меҳнатдан тизимли равишда фойдаланишга чек қўйиш учун зарур ислоҳотлар ...
7 апрел 2016
«Халқ сўзи» газетаси яқин ойларда ўтказилиши мўлжалланган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчиларини сайлаш тадбири Олий Мажлис Сенатининг жиддий ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...