Вақт машинаси
27 апрел 2018

27 апрель – Хивада Хоразм Республикаси тузилди

Хивада 1920 йилнинг 27 апрелида Хоразм Республикасини тузиш бўйича таъсис қурултойи бўлиб ўтди.

Қурултойда кўп йиллардан буён «Хива» шаклида ишлатилиб келинган давлат номи Хоразм тарзида бу қурултойда қайта тикланди.

Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР) тузилди ва унинг Конституцияси қабул қилинди.

Бундан ташқари, қурултой ХХСРнинг Нозирлар шўроси сайлади. Cаккизта нозирлик ташкил қилиниб, 5 нафар коммунист, бир ёш хивалик ва 2 нафар партиясиз киритилди.

1920 йил 28 апрелда эса ХХСР эълон қилинди.

rasm1236
Миркомил Машарипов

Инқилоб номи билан

1920 йил 30 апрелда Хоразм миллатидан ва динидан қатъи назар, барча меҳнаткашларнинг республикасидир, деб эълон қилинди.

Бундан олдин 1920 йил 1 февралда Хиванинг охирги хони тахтдан туширилиб, ҳужжатга имзо чеккандан кейин, 2 февраль куни инқилоб ғалабаси эълон қилинган ва инқилобий қўмита тузилган эди.

Хоразм давлатининг дастлабки ҳужжатларидан бири динни давлатдан ажратиш тўғрисида бўлди.

1920 йил 2 апрелда эса туркман уруғлари бошлиқлари Қўшмуҳаммад, Ғуломалихон, Бахши ва бошқалар иштироқида Гельбарт котиблигида, Оллоқулов таржимонлигида мажлис ўтказилиб, биринчи навбатда ўзаро низоларга чек қўйиш масаласи муҳокама қилишган эди.

Мажлисда Хоразм меҳнаткашлари билан Туркистон республикалари меҳнаткашлари ўртасидаги дўстликни юқори даражага кўтаришга қарор қилинди.

Г.И.Бройда ташаббуси билан бошланган мазкур кенгашда иштирок қилган ўзбек ва туркман уруғ бошлиқлари, оқсоқоллари бунга тамоман рози бўлдилар.

rasm1232
Туркман сардорлари Хоразм Республикасини қўллаб чиқишди

Туркманлар қўллови

Бутун Хоразм вакилларининг биринчи қурултойига сайланадиган 200 нафар вакилнинг 80 нафари туркман бўлиши белгиланди.

1920 йил 9 апрелда Вақтли ҳукуматнинг мажлиси чақирилиб, Нозирлар шўроси тузилди. Бу шўрода Полвонниёз ҳожи Юсупов – давлат назорати нозири, Бекжон Раҳмонберганов – халқ маданияти ва маорифи нозири, Бобоохун Салимов – адлия нозири, Жуманиёз Султонмуродов – вақтли ҳокимият раиси, Одамохун Ортиқов унинг муовини эди.

Хоразмда эндигина шаклланаётган ҳокимиятнинг шу мажлисида давлат тузилиши, нозирликлар ташкил қилиш, мактаб, касалхона очиш, янги лавозимлар сайлов низоми ҳақидаги масалалар муҳокама қилинди.

Хоразмда 20-йиллардаги ўзгаришларнинг энг муҳим натижалари – ўзбеклар билан туркманлар ҳамкорлиги вужудга келиб, меҳнат армияси ташкил қилинди.

Сайлов қонуни, судхўрликка қарши декрет, вақф ерлари ҳақида низом, олий суд ҳақида, хон ерлари ва мулкларини мусодара қилиш ҳақида қонунлар эълон қилинди.

rasm1243
Қурбон Берегин

Қўшни халқлар ёрдами

Эндигина сиёсий харитада пайдо бўлган мустақил Хоразм Республикасига қўшни халқлар ёрдам қўлини чўздилар. Қўшни жумҳуриятлар 700 минг киши ҳаёт кечираётган Хоразм воҳасини маҳсулотлар ва техника ускуналари билан таъминлашни ўз зиммасига олди ва қайтиб олмаслик шарти билан 20 миллион сўм ажратди.

Туркистон комиссиясининг қарори билан 1920 йил апрель – май ойларида яна 150 миллион сўм ёрдам берилди. Жойларда янги ташкилотлар ташкил қилишга киришдилар.

Тезда янги замон мактаблари, болалар боғчаси, қариялар уйи, интернат-мактаблар вужудга келтирилди.

Турккомиссия эса Хоразмга тезлик билан биринчи навбатда 3 дўхтир, 8 фельдшер, бир тиш дўхтири, бир акушерка, учта касалхонани таъминлашга етадиган дори-дармонлар, 10 нафар ўқитувчи, ўқиш қуроллари, 50 минг пуд керосин, 50 минг пуд нефть, идиш-асбоблар юборди.

Худди янги ер ўзлаштирганлари сингари қўшни халқларнинг вакиллари халқ хўжалигининг ҳамма соҳаларига кириб келдилар.

Рус усталари ташаббуси билан янги Урганч ва Хива шаҳарлари оралиғида тўртта темир кўприк қурилди.

Булардан ташқари, РСФСР ва ТАССР Хоразм Республикасини хўжалик асбоблари, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги қуроллари, уруғлик билан таъминлашни ўз зиммасига олдилар.

Хоразмга юзлаб мутахассис кўчиб кела бошладилар. Шу даврда «Хоразмга доимий ишга келган ҳар бир европалик бор имкониятлар билан ёрдам бериши бизнинг асосий мақсадимиз», деган шиор остида иш кўрдилар.

rasm1241
Эксклюзив

Маданий юриш

1920-1921 йиллар жаҳоннинг турли ҳудудларидан Хоразмга «маданий юриш» эълон қилинди.

Туркия ватандошлари Абдулла Мамедов, Ҳусайн Исмоилов, Баҳри Камол маданият ва маориф ишларида жонбозлик кўрсата бошладилар.

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий саҳна санъати соҳасида катта ташкилотчилик қилди.

Бошқирд Афзал Тагиров, Кашшоф Поти Хоразмда ўрта махсус билим юртларини вужудга келтиришда катта хизмат қилдилар. Бузилган заводларни тиклаш, қадимий ҳунармандчиликни кенг йўлга чиқариб қўйиш ишлари кучайтирилди.

1920 йил 7 мартдан нашр қилинаётган «Инқилоб қуёши» рўзномаси, 3 апрелдан иш бошлаган «Маориф саройи», апрель ойи охирларида биринчи томошабинларни қабул қилган Хива тарихий музейи, биринчи бўлиб Хивада иш бошлаган ўзбек, татар, рус театр труппалари янги ҳаёт устунликларини ташвиқот қила бошладилар.

Хоразм воҳасида янги ҳаёт қурилишида машҳур ташкилотчилар, маданият ходимлари Матёқуб Отажонов, Полвонниёз Ҳожи Юсупов, Мулла Бекжон Раҳмонов, Бобоохун Салимов, Одамохун Ортиқов, Жуманиёз Султонмуродов, Ўрозгалди Ҳожимамедов, Афзол Тагиров, Ҳусайн Қўшоев, Отажон Абдолов, Сафо Оллоберганов, Матёқуб Аҳангаров, Рўзмат Юсупов, Юсуф Аҳмадов, И.Хонсуворов, Зокир Бикчурин, Ҳакимбой Муҳаммадиев, Мулланаврўз Рўзибоев, Г.И.Бройдо, Сергей Малишев алоҳида катта хизмат қилдилар.

Бу илғор ташкилотчиларнинг тарихда из қолдирган энг муҳим хизмати шуки, улар халқ оммаси орасидан ҳақиқий қобилият эгаларини танлаб олабилдилар ва тарбиялай олдилар.

Уларнинг ҳақиқий тарбиясини олган қобилият эгалари Давлат Ризаев, Карим Болтаев, Қурбон Оллоберганов (Берегин), Соиб Назарий, Онабиби Сафоева, Аҳмаджон Иброҳимов, Хайрулбанот Сайдошова, Қосим Зарипов, Машарип Полвонов, Эшмурот (Шуҳрат) Диванов, Умар Қурбоний, Болта Шарипов каби ёшлар давлат ишларига иштирок қилиб, таълим-тарбия соҳасида фаол кўзга кўрина бошладилар.

Халқаро муносабатлар

rasm1242Бу даврда халқаро муносабатларда ҳам катта ўзгаришлар юз бера бошлади.

1920 йил июнь ойида Хоразм Республикасининг илғор давлат вакиллари Тошкент, Москва шаҳарларига келиб, қатор учрашувлар ўтказдилар ва битимлар туздилар.

1920 йил 1 сентябрда Хоразм делегацияси Боку шаҳрида чақирилган Шарқ халқлари съездида иштирок қилиб, шу съезд қарорларини қабул қилишда фаол иштирок этди.

13 сентябрь куни ХХСР ва РСФСР ўртасида давлат шартномалари имзоланди, 13 ноябрда эса ХХСР билан Бухоро Халқ Совет Республикаси ўртасида икки томонлама шартнома имзоланди.

ХХСР билан РСФСР ўртасида имзоланган шартномага биноан, Совет Русияси Чор Русияси Хива хонлигига нисбатан илгари қўлланиб келган барча ҳуқуқлардан «воз кечди».

Чор Русияси даврида Хоразмда вужудга келтирилган барча бойликлар маҳаллий меҳнаткашларнинг ихтиёрига берилди ва Хоразм Республикасига 500 млн. сўм ёрдам уюштирилди.

1920 йил 20 сентябрда РСФСР билан ХХСР ўртасида иқтисодий шартнома имзоланиб, ўзаро савдога кенг имкониятлар очилди.

Совет Русиясидан Хоразмга келтирилаётган ва Хоразмдан Русияга чиқарилаётган маҳсулотлар, товарлар ҳар қандай солиқ ва божлардан озод қилиндилар ва Хоразмга 100 дона дурадгорлик станоги, 20 дона токарлик станоги юбориш режалаштирилди.

rasm1239
Бобо Охунд Муҳаммад Салимов

Демократия ва Хоразм Республикасининг тугатилиши

1921 йил 13 октябрда ва 1922 йил 29 июнда РСФСР ва ХХСР ўртасида имзоланган шартномалар ҳам 1920 йил сентябрда имзоланган шартноманинг ижроси эди.

РСФСР билан иқтисодий алоқани кенг йўлга қўйган Хоразм Республикаси Туркистон АССР ва Бухоро Республикалари билан ҳам ўзаро муносабатларни яхшилай борди.

1921 йил 1 июлда Туркистон АССРда Хоразм Республикасининг ваколатхонаси ташкил қилинди. Шу йили 4 декабрда ваколатхона Бош консулликка айлантирилди.

1922 йил февралдан Хоразм «Меҳнат нишони» таъсис қилинди.

ХХСР 1923 йилнинг 30 октябрида Хоразм Совет Социалистик Республикасига (ХССР) айлантирилган эди.

Орадан бир йил ўтиб ХССР ҳам тугатилди ва унинг ҳудуди кўп ўтмай тузилган Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР ва Қорақалпоғистон мухтор вилоятлари таркибига киритилди.

Ботир Ражабов
Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 сентябр 2015
80-йиллар сўнггида мамлакатда эрк ва демократия учун бошланган жабҳада кўплар қатори жавлон ураркан, мен учун ҳам Бертольд Брехтнинг “Ортимиздан ...
26 апрел 2018
1966 йил 26 апрель куни Тошкентда тонгги соат 5 дан 22 дақиқа 53 сония ўтганда Рихтер ўлчови бўйича 8 ...
21 феврал 2018
Президент Мирзиёевнинг Миллий хавфсизлик хизматини кескин танқидлар қилгани ортидан масжидлардаги МХХ ходимлари фаолияти ҳам чеклана бошланди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ...
18 июл 2017
Мобил телефонини ҳожатхона чуқурига тушириб юборган наманганлик аёл ёллаган икки ишчи ва уларни қутқармоқчи бўлган врач ҳалок бўлди. Samsung-Galaxi ...
Блоглар
17 июл 2018
Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг нафақат қонунчиликни, балки энг юқори даражада берилган буйруқларни ҳам назар-писанд ...
16 июл 2018
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз ўтмишдоши Ислом Каримов даврида ишдан урилган раҳбарларни қайта лавозимларга тайинлаш сиёсатига ...
9 июл 2018
Каттақўрғонда милиция капитанининг аёл кишини қип ялонғоч қилган ҳолда таҳқирлагани ўзбек жамиятида жуда катта шов-шувга ...