• Суратда: Рўзи Назар
Асосий мавзулар
1 май 2023

1 май – Рўзи Назар вафот этган кун

Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган Рўзи Назар 2015 йилнинг 1 майида оламдан ўтди.

Рўзи Назар темир парда ортида яшаган туркистонликларга таъсир ўтказган яловбардор эди.

У киши чоп этган «Ҳур Туркистон учун истиқлол газетаси»ни ҳали Совет Иттифоқи мавжуд бўлган саксонинчи йилларда ўзбекистонликлар яширинча мутоала қилар, Ғарбий Германияда нашр қилинган бу газета Ўзбекистонга Венгрия ва Болтиқбўйидан етиб келгани ҳақида хабарлар бор.

rasm1272
Рўзи Назар чоп этган «Turkistan» истиқлол газетаси 1970-80 йилларда Мюнхенда чоп этилган ва Ўзбекистонда тарқатилганди

Рўзи Назар ака Совет Иттифоқи деган мамлакатда кўзи кўр, қулоғи кар,, тили лол бўлиб яшаган зиëлиларнинг зеҳнига таъсир қила олган эди.

Рўзи ака баҳтли инсон. У СССРнинг парчаланиши, большевизмнинг мағлуб бўлиши, Туркистон тупроқларининг руслардан озод бўлишини орзу қилди ва бу орзусига эришди.

Эътиборингизга Eltuz.com бундан роппа-роса икки йил аввал чоп этган Мавлон Шукурзоданинг таъзия мақоласини ҳавола этамиз.

rasm61
Рўзи Назар мустақиллик йилларида илк бор Ўзбекистонга сафар қилишга муваффақ бўлди

Туркистон ўз ботиридан айрилди

Рўзи Назар (Рўзмуҳаммад Умурзоқов) 1917 йили Марғилон шаҳрининг Гулвардор маҳалласида туғилган. Отаси уста Умурзоқ ўз касбини санъат даражасига етказган, маҳалланинг обрўли кишиларидан бўлган. Онаси Тожинисо Холмат қизи саводли, шоиртабиат, зийрак, форс ва араб тилларини яхши билар, мактаб очиб, маҳалла қизларига сабоқ берарди.

Рўзи Назар 20-йилларда Марғилондаги ўрта мактабда таълим олиб, 30-йилларда эса Тошкентга келиб ўқийди. 20–30-йилларда Ўзбекистонда бўлаётган барча тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлади. 1940 йили армияга чақирилади. Одесса шаҳрида Рўзи Назарни кимёвий мудофаа курсига ўқишга жўнатадилар. Курсни тугатгач, ҳарбий унвон олиб, муҳандис сифатида ҳарбий қисмга қайтиб келади. 1941 йилнинг ёзида II жаҳон урушида иштирок этган Рўзи Назар жангларнинг бирида ярадор бўлиб, немислар оккупация қилган ерда қолиб кетади.

rasm1274
Суронли Иккинчи жаҳон уруши йилларида Рўзи Назар кўп туркистонликлар жонини сақлаб қолган инсон

1942 йилдан бошлаб Украинада вермахт ҳузурида ташкил қилинган Туркистон легиони қисмларининг (Проскуров шаҳрида) бирида аввал рота, кейинчалик эса немис офицери унвонида батальон командири вазифасида хизмат қилади. 1944 йилдан бошлаб Рўзи Назар вермахт ҳузурида тузилган барча легионлар учун мўлжалланган ўқув марказида инструктор сифатида, уруш тамом бўлгунга қадар эса Берлинда Туркистон миллий бирлик қўмитасида турли лавозимларда фаолият юритади.

Уруш тугагач, Рўзи Назар Ғарбий Германиянинг Розенҳайм шаҳрида қолади. 1946 йили немис миллатига мансуб Линда хонимга уйланади. 1947 йили Зулфия-Силвия Назар, 1955 йили эса ўғли Эркин-Эрик Назар туғилади.

Рўзи Назар 1946–1951 йилларда Ғарбий Германиянинг Мюнхен шаҳрида тузилган сиёсий бўлмаган INKOPOR (International Committee for Politikal Refugees) халқаро ижтимоий ташкилотнинг вице-президенти лавозимида хизмат қилади. Лекин у сиёсатдан узоқлашмайди. Боймирза Ҳайит билан биргаликда АBN (Antibolshevik Blokk Nations) сиёсий ташкилоти президиуми аъзолари бўлиб, Туркистон озодлиги учун курашни давом эттирадилар.

1951 йилнинг 7 ноябрида АҚШ Давлат департаментининг таклифига биноан АҚШга келади. 1951–1954 йилларда «Америка овози»нинг ўзбек бўлимида турли вазифаларда фаолият юритади.

1954–1957 йилларда Колумбия университетида ўзбек тили ва маданияти фанидан дарс беради.

rasm1273
Рўзи Назар германиялик Линда исмли рафиқаси билан

1955 йилнинг баҳорида Рўзи Назар Индонезиянинг Бандунг университетида бўлиб ўтган Осиё–Африка мамлакатлари халқаро конференциясида собиқ Туркистон легиони офицери сифатида Туркистондаги аҳвол бўйича маърузаси билан чиқиш қилади. Рўзи Назар 1955 йили АҚШ фуқаролигини олганидан сўнг Марказий Осиё халқлари ва ўзбек тили мутахассиси сифатида Пентагонда ноҳарбий хизматчи сифатида фаолият юритади.

Рўзи Назар 1960–1969 йилларда АҚШнинг Туркиядаги ҳарбий миссиясида хизмат қилиб, офицер унвонига сазовор бўлади.

1969–1972 йилларда Рўзи Назар Пентагоннинг Ўрта Осиёсини тадқиқ қилиш дастури раҳбари лавозимида ишлайди. Кейинчалик Американинг Европадаги ҳарбий миссиясида, сўнг АҚШ армиясининг Ғарбий Германиядаги стратегик тадқиқотлар гуруҳи илмий ходими сифатида хизмат қилади.

Рўзи Назарнинг катта тажрибаси, билими кўп йиллар АҚШнинг Туркия ва Германиядаги дипломатик ваколатхоналарида хизмат қилишга йўл очади.

Рўзи Назар 1984 йили нафақага чиқади ва «Central Asian Affairs Consultants Inc.» хусусий ташкилотини тузиб, сиёсий-маърифий фаолиятини давом эттиради.

1958 йили Эргаш Шермат, Исоқжон Нарзиқул, Мақсуд Бек, Ҳусайн Икром, Шарифжон Али Беклар билан биргаликда Рўзи Назар Туркистонликларнинг Америкадаги жамиятини тузишда иштирок этади.

1992 йилнинг май ойида, 52 йиллик жудоликдан сўнг Рўзи Назар Ўзбекистонга кириб келади…

2015 йилнинг 1 майида Рўзи Назар оламдан ўтди.

Мавлон Шукурзода,
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 март 2018
1972 йилда Ўзбекистон мустақиллигини талаб қилувчи уюшма тузгани, Совет Иттифоқига қарши курашгани учун КГБ тарафидан қамоққа ташланган Миртемир Мирабдуллаев ...
21 сентябр 2021
Ўзбекистон меҳнат қонунчилиги кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат. Булар қонунлар, ҳукумат қарорлари, низомлар, йўриқномалар ва ҳоказолардир. Жамоа шартномаси нима ва ...
2 март 2018
Президент Мирзиёевнинг 28 февралда чиқарган «виночиликни ривожлантириш» ҳақидаги қарори ортидан республика нашрлари бирин-кетин бу мавзуни ташвиқ қила бошлашди. «Халқ ...
22 январ 2022
(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми. Боши ўткан сонда) «Холли қабристонни ўйчан қиёфада тарк этди. Бир чеким носни тил тагига ташлаб, ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...