Вақт машинаси
22 март 2017

22 март – Мавороуннаҳр ҳукмдори ва астроном Мирзо Улуғбек туғилган кун

Математикага оид “Рисолаи Улуғбек” ва астрономия илмида воқеа бўлган “Зижи жадиди Кўрогоний” асарларини ëзган олим ва давлат арбоби Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек хозирги Эроннинг Султония шаҳрида 1394 йилнинг 22 мартида дунëга келади.

Астроном, математик ва давлат арбоби сифатида из қолдирган Улуғбек Шоҳрухнинг ўғли, Амир Темурнинг набирасидир.

Соҳибқироннинг “беш йиллик юриш”ида (1392-96) Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилиш чоғида туғилгани айтилади.

Давлат арбоби ва ҳукмдор

Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома” асарида ёзишича, Амир Темур ҳузурига чопар келиб Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар бу невара келажакда ҳам олим, ҳам ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади.

Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади.

Унинг ўз набирасига Муҳаммад Тарағай ва Улуғбек деб исм қўйганини ҳам мунажжимларнинг юқоридаги башорати билан боғлаш мумкин.

Амир Темур Улуғбек тарбиясига алоҳида эътибор берган ва уни давлат аҳамиятига молик тадбирларда қатнаштирган.

Клавихонинг қайд этишича, Улуғбек бобосининг хорижий элчиларни қабул қилиш маросимларида иштирок этган.

1404-йил Конигилда ўтказилган тантаналарда Амир Темур олтита набирасининг (жумладан, Улуғбекнинг) никоҳ тўйларини ўтказган. Тўйда Соҳибқирон Улуғбекка Тошкент, Сайрам, Янги (ҳоз. Тароз), Ашпара ва Мўғулистонни то Хитой ҳудудигача суюрғол қилиб берган.

Амир Темур Ўтрорда вафот этган чоғда Улуғбек ҳам ўша ерда бўлган. Темур васиятига кўра Улуғбек Туркистон ҳукмдори бўлади ва давлатни Самарқанддан туриб идора қилади.

Маориф ва фан равнақи

Улуғбек даврига келиб мадрасаларда диний фанлар билан бирга дунёвий фанлар ҳам ўқитилди, кўпроқ аниқ фанларга аҳамият берилди. Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳизинда ва Регистон мажмуалари қурилишлари поёнига етказилди.

Замондошларга кўра, Улуғбек қилган энг буюк иши – Самарқанд илмий мактабини ўша давр академиясини барпо этганлиги бўлди. Бу илмий мактабда 200 дан ортиқ олимлар фаолият олиб борган.

Улар орасида энг йириклари Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший эди. Улуғбекнинг илмий мактаби ўз фаолиятида ўртаосиёлик машҳур олимлар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абул Аббос ал-Жавҳарий, Ибн Турк ал-Хутталий, Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Марвазий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Берунийлар бошлаб берган илмий анъанага асосланар эди.

Улуғбек Самарқанд яқинида расадхона барпо қилди. Самарқандда 2 та мадраса: бири – Регистон ансамбли таркибида ва иккинчиси Гўри Амир ансамбли таркибида барпо қилган.

Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган.

Бошқа вақтини кўпроқ астрономик кузатишларга, “Зиж” устида ишлашга ва давлат ишларига бағишлаган. Улуғбекнинг яна бир математик асари “Рисолаи Улуғбек” деб аталади ва унинг 1-нусхаси Ҳиндистонда Алигарх университети кутубхонасида сақланади, ҳали ўрганилмаган.

Улуғбекнинг илмий мероси унинг “Зиж”идир. Бу асар сайёралар, Қуёш ва Ой ҳаракатини талқин қилиш, юлдузлар каталоги ва унда қўлланилган математик усуллари бўйича ўрта асрлардаги астрономик асарларнинг энг мукаммали бўлган.

Улуғбек ҳақидаги асарлар

“Зиж”га илк шарҳни Улуғбекнинг шогирди Али Қушчи “Чарҳи Зижи Улуғбек” номи билан ёзган.

Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида «Улуғбек мадҳияси» деган махсус боб мавжуд.
Унда Улуғбек заминда осмон яратган олим, деб таърифланади:

Расадким боғламиш зеби жаҳондир,
Жаҳон ичра яна бир осмондир.
Билиб бу навъ илми осмоний,
Ки андин ёзди «Зижи Кўрагоний».
Қиёматга деганча аҳли айём,
Ёзарлар анинг аҳкомидин аҳком.

1690-йил Гданскда поляк астрономи Ян Гевелий чоп эттирган “Юлдузлар осмонининг атласи”даги иккита гравюрада ўша даврнинг машҳур астрономлари орасидан Улуғбекка фахрли ўрин берган, унда Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Риччиоли, Вилгелм ИВ ва ўзининг жадваллари билан солиштирган.

1711-йил Оксфордда Улуғбекнинг географик жадвали 3-марта нашр этилган.

1807-йил ўша ерда бу жадвал янги грек тилида ҳам нашр этилган.

1725-йил инглиз астрономи Д. Флеметид (1646-1719) Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Вилгелм ИВ, Ян Гевелий ва ўзининг жадваллари билан бирга нашр этган.

1908-09-йиллар В.Л. Вяткин Улуғбек расадхонасининг харобаларини ва унинг асосий асбоби – квадрантини кавлаб топгандан сўнг, Самарқанд олимларининг фаолиятига янгидан қизиқиш бошланади.

Натижада 1918-йил В. В. Бартолднинг “Улуғбек ва унинг даври” асари нашр этилган.

1611 – 1687 йиллари яшаб, ижод қилган таниқли астроном Йоханнес Хевелиуснинг Улуғбека бўлган муносабати илм аҳлига маълум.

Таниқли астроном Лаплас Улуғбекка «энг улуғ кузатувчи» деб баҳо берганди. Буюк француз даҳоси, тадқиқотчи олим Вальтер (Марк Франсуа Аруэ 1694-1778) Улуғбек ҳақида: «Улуғбекнинг буюклиги, унинг қилган ишлари билан белгиланади.

Улуғбек Самарқандда биринчи Фанлар Академиясини яратди, ер куррасини ўрганди, коинот ва юлдузларни кашф этиб, машҳур жадвал тузди» деб таъкидлаган эди.

Улуғбек акс этган суратлар

Бугунга келиб Улуғбекнинг икки нодир сурати сақланяпти. Бири рангли сурат форс миниатюра санъати мактаби намояндаси бўлган рассом томонидан 17 асрда яратилган бўлиб, унда Улуғбекдан ташқари яна олимнинг 25 та шогирди, сарой аҳли тасвир этилган.

Улуғбек шогирдпари даврасида суҳбат устида тасвирланган. Энг таниқли шогирди Али Қушчи Улуғбекнинг чап ёнида кўрсатилиб, у буюк олим билан суҳбатлашаётган ҳолда тасвирланган.

Бу нодир сурат ҳақида дастлаб 1970 йили Англияда чиқадиган «Нistоrу Today» («Бугунги тарих») журнали саҳифаларида таниқли инглиз олимаси ва ёзувчиси, «Жаҳонгир Темурланг» романининг муаллифи Хилда Хукхем мақола эълон қилганди [«Нistory today», London, 1970, No.З, p.209], кейинчалик бу расм Ҳенри Виенчекнинг «Осиё устида бўрон» (Henry Wiencek, Storm across Asia, Nеw Yогк, НВJ Pгess, 1980, Printed in Italy, р.84) китобига илова қилинди.

Улуғбекнинг иккинчи сурати таҳминан 1440 йилда Самарқандда ўз юртимиз рассоми томонидан чизилган бўлиб, Улуғбекнинг шу кунларгача топилган энг нодир сурати ҳисобланади.

Бу суратнинг асл нусхаси Низомий «Хамса»си саҳифасига чизилган ва у ҳозир Туркиядаги музейда сақланади.

Улуғбекнинг бу ўта нодир сурати ҳақида илк бор асли Ўрта Осиёлик бўлган тарихчи Абдулҳай Ҳабибий ўзининг «Темурийлар даври санъати ва санъатга оид асарлар» номли китобида маълумот берган ҳамда бу суратни «Аз Султон ул-Аъзам Улуғбеки Гўрагон» («Буюк султон Улуғбек Кўрагон») деб атаган.

Улуғбекнинг Истанбул музейидан топилган суратида буюк олим Улуғбек ерга чордона қуриб ўтириб осмонга боққан ҳолда, якка ўзи, тасвирланган.

Хевелиус Улуғбек асарини нашрга тайёрлаш билан бирга, оврўполик рассомлар чизган Улуғбекнинг икки суратини ҳам асарига илова қилган.

Улуғбек асарлари

Жаҳондаги машҳур кутубхона, музейларда ҳозирги кунларгача Улуғбек асарининг 25 та қўлёзмаси сақланиб келиняпти: олтитаси Англиянинг Британия Музейида, учтаси Париж Миллий кутубхонасида, еттитаси Англиянинг Бодлеан кутубхонасида, иккитаси Сент Жоунз Коллеж кутубхонасида, биттадан Буюк Британия Қирол Астрономия жамияти ва Кровфорд китобликларида, ҳамда бештаси Ҳинд Идораси номи билан танилган ташкилот кутубхонасида сақланяпти.

Қўлёзмаларнинг 22 таси форс тилида ва фақат учтаси араб тилида ёзилган, Улуғбек «Зиж»ини Буюк Британияда биринчи бўлиб Жон Гривс тадқиқ этган.

1648-1658 йиллар ўртасида Ж. Гривс Улуғбек асарини уч марта нашр эттирган. Бошқа бир инглиз олими Томас Хайд 1665 йили Улуғбек асарини инглиз тилига таржима қилиб, 1018 юлдуз жадваллари билан бирга чиқарган.

Томас Хайднинт Улуғбек «Зиж»ига бағишланган бу тадқиқоти 1767 ва 1843 йиллари қайта нашр бўлган.

Падаркуш буйруғи билан

Бугунги замон илм фанига Улуғбекдан улуғ мерос қолди. Бироқ буюк астраном ва ҳукмдор ҳаёти унинг мутаассиб ўғли томонидан фожиали якун топди.

Улуғбек 1449-йилнинг 27-октябрида Самарқанд яқинида падаркуш Абдуллатиф буйруғи билан қатл этилди. Унинг жасади Гўри Амир мақбарасига дафн этилган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 апрел 2015
Қудрат Бобожон Улар, президент Каримов нафратлангани ва дангасалар дея атагани, уларни овлашган, лагерларга, кейинчалик қайтиш чиптаси эвазига меҳнатга мажбур ...
30 октябр 2017
Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Тиллаева инстаграм саҳифасида сўз эркинлиги инсонларнинг энг муҳим ҳуқуқи экани ҳақида ёзди. Бу ҳуқуққа ...
25 сентябр 2017
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тўхтатиш қарори тўлиқ ишламаётгани ҳақида «Элтуз» нашрига хабарлар келмоқда. Талабалар пахтадан қайтарилиши ортидан, терим юки қишлоқ ...
17 март 2016
Бундан 11 йил олдин Остонада ўрнатилган ва Қозоғистонлик талантли ҳайкалтарош Тўлепбой Эрбўлатнинг “Севишганлар” номли тахсинга лойиқ асари муҳофазакор фуқаролар ...
Блоглар
16 ноябр 2017
Сал аввалроқ ўзбек матбуотида Меҳнат вазирлиги ва Миграция агентлиги масъуллари Росссияга сафар қилиб, кўплаб учрашувлар ...
13 ноябр 2017
Ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари Санкт-Петербургда ишлаётгани расман тан олинди. Демак, РФнинг Ўзбекистонга масофа ...
10 ноябр 2017
9 ноябрь куни Тошкентга Пуйоль келди, биласиз-а? Карлес Пуйоль «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси. Жамоа тарихидаги энг ...