Асосий мавзулар
4 май 2017

Бош муаммо матбуотнинг якка ҳукмдорга қарамлигида эмасми?

Ўрислар «живучий» дейди. Ўзбекчада «яшовчан», «чидамли» деб таржима қилинади кўпинча. «Мослашувчан» деб ўгириш ҳам мумкин. Ўзбек матбуотига нисбатан шу муқобили қўлланса, тўғрироқ бўлади назаримизда.

Тарихни титкиласак, аслида ўзбек журналистикаси Абдулла Қодирий даврида бир тиш кўрсатганди. Қодирий ўз фелъетонлари билан матбуотнинг кучини намойиш этганди. Кейин эса то Горбачёвнинг қайта қуриш ва ошкоралик замонигача бу тишни қурт еб, ўтмаслаштириб қўйди.

Ошкоралик замонида ҳали чириб битмаганини кўрсатган бу тишни кейин Ислом Каримовнинг омбури суғуриб олди. Шавкат Мирзиёевнинг «халқ ичига юриши» қари кампир каби кўча гапларидан нарига ўта олмаётган ўзбек матбуотининг янги тиши чиқиши жараёнини бошлаб берган кўринади.

Лекин қарияларда чиққани каби янги тиш гўдакнинг сут тиши каби нозик бўладими ёки суякни ҳам ғажиш қудратига эришадими, ҳозирча бу ҳақда аниқ гап айтиш қийин.

Муаммо шу муаммонинг яратувчилари муҳокамасида

Совет даврининг сўнгги кунларида «ўз-ўзини танқид» ибораси жуда кенг тарқалганди. «Ўзбекистон» телеканалида мамлакат оммавий ахборот воситаларининг бугунги аҳволи муҳокама қилинган «Мулоқот вақти» кўрсатуви ана шу ақидани эсга солди.

Бу кўрсатув жуда кўпларда матбуотнинг уйғонаётгани ҳақида умид учқунларини уйғотгани бор гап. Уни жуда кўпчилик кўрди. Биргина ютубда шу кунгача 26 минг киши томоша қилди.

Кўрсатувда ўзбек матбуотининг бугунги аҳволи, қилиниши керак бўлган ишлар, мавжуд муаммолар кўтарилди, ўзига хос ечимлар таклиф этилди.

Ўзбек матбуоти халқдан узилиб қолганини мустақил журналистлар кўп йиллардан бери айтиб келади. Ана шу гаплари учун ўзбек журналистикасининг, аслида ҳукмрон доираларининг «ҳимоячилари»дан дам-бадам тепки ейишлар ҳам кўп бўлган.

Замоннинг зайлини қарангки, кўрсатувда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов шу пайтгача маҳаллий ҳамкасбларимиз инкор этиб келган бу ҳақиқатни тан олиб қўйди. Фақат бу ҳақиқатни мустақил журналистлар эмас, «портал ва президентимизнинг халқ қабулхоналарини ташкил этгани кўрсатиб бергани»ни билдирди.

«Халқ қабулхоналари аслида биз эдик-ку. Биз ўз вазифамизни бажармай қўйдик», дея қўриқ очди маҳаллий журналистлар дарғаси.

Аммо у нега бундай бўлиб қолганини айтгиси келмади. Сабаблари, илдизларига тўхталиб ўтирмади. Сабаблари кўрсатилмаган муаммони ечиб ҳам бўлмаслигини С.Ҳакимов яхши билиши мумкин. Лекин сабаблари, илдизлари очиб ташланса, «орқа» ҳам очилиб қолишини у жуда яхши билишига шубҳа йўқ.

Шунинг учун «ҳозир биз эртага қараб қадам қўйишимиз керак», дея гап билан муаммо илдизларини тилга олишдан ўзини олиб қочди.
С.Ҳакимовнинг сўзини ўзини «дарға»лардан деб биладиган бошқа бир журналист Сафар Остонов илиб кетди. Унинг гапини эшитиб, ўзбек журналистикасининг ботқоққа ботиши сабабларини англагандек бўласиз.

Нима эмиш, матбуотнинг иккита вазифаси бор эмиш. Биринчиси, давлатнинг, ҳукуматнинг, президентнинг сиёсатини халққа етказиш. Иккинчиси, халқнинг дардини, муаммосини ҳокимиятга етказиш.

Иккинчисига қўшилиш мумкин. Аммо бу журналист матбуотнинг вазифасини ҳукуматнинг ташвиқотчиси сифатида кўраётганига нима дейсиз?

Шу пайтгача ташвиқотчиликни биринчи ўринга қўйиб келган С.Остонов газета ўқимай қўйгани учун халқни айблашига сал қолди. Унинг айтишича, ҳозир обунанинг 99,9 фоизи ташкилот ва идоралар ҳиссасига тўғри келади.

Шунинг учун агар бирор вазирлик, вилоят ёки идорани танқид қилиб қўйсангиз, обуна касод бўлди деяверинг, деган хулоса чиқди унинг сўзларидан.

Аслида бу мантиқсизлик эканини кўрсатувда иштирок этаётганларнинг бирортаси юрак ютиб айта олмади. Ура-урага тўлиб кетган, халқ дардини айтмайдиган газетага ким ҳам обуна бўларди, дейдиган мард топилмади.

Сафар Остонов эса эгардан тушай демади. Газеталарда маънавий, маърифий, ахлоқий мавзулардаги яхши мақолалар чиқаётгани, камчилик фақат танқидий, таҳлилий материаллар берилмаётганига эканини таъкидлади.

«Биз танқидий, таҳилилий мақолаларимизни кўпайтирсак, муаммоларга ўрин қолмасди, газеталаримизнинг нуфузи ошарди», дея тантанавор руҳда якунлади у ўз нутқини.

Тан олиш керак, давра тўрида ўтирганлар орасида нисбатан салмоқли фикрлар билдирган фақат «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев бўлди. У гапнинг индаллосини айтиб: «Маданий (балки маънавий демоқчи бўлгандир) савиямиз таклиф этилаётган мавзуни тўлақонли очиб беришга етарли бўлмаяпти», деди.

Ш.Ризаев матбуотимизнинг ночор аҳволи, танқид йўқлиги газетхонларнинг фикри ўсишига имкон бермаётганини очиқ тан олди ва сўнгги вақтларда сўз бойлигимиздан «тўртинчи ҳокимият» ибораси тушиб қолаётганини эътироф этди.

«Совет давлати танқидни бўға-бўға таназзулга учради. Биз шуни билган ҳолда нега бу тарихдан тўғри хулоса чиқара олмаймиз», дея савол ташлади олим, аммо студияда бу саволга жавоб янграмади.

Саъдулла Ҳакимов танқидий, таҳлилий материаллар йўқлигига сабаб сифатида кадрларни ўқитишнинг, малакасини оширишнинг ягона бир чуқур ишлаб чиқилган тизими йўқлигини айтар экан, малака оширадиганларга Ашурали Жўраев, Сафар Остонов кабилар сабоқ бериши таклифини ўртага ташлади.

Шунинг учун кўрсатув давомида ўзбек матбуотининг эркинликка чақирганларнинг ўзи ким, деган савол юзага чиқди.

Аввало, муаммонинг ечимини шу муаммони яратганларнинг ўзи билан муҳокама қилиш қанчалик мантиқли эканини тушуниш қийин. Масалан, С.Остонов бош муҳаррирлик қилаётган «Ўзбекистон овози» газетасидан нималарни олиш мумкин. Ўркачсиз туя-ку бу газета.

«Халқ сўзи» газетасининг бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов ёш журналистга мустақил фикр юритиш йўлини кўрсата олиб, унга ибрат бўлишига ишонасизми?

Ашурали Жўраев раҳбарлик қилган «Муштум» журнали қани бугун? Унинг ўткир сатираси, фелъетонлари қани?

Бу тоифа ўзбек матбуотига қандай ривожланиш йўлини таклиф этишини Шуҳрат Жабборов аниқ кўрсатиб берди.

«Битта гапни айтмасам шу ердан кета олмайман. Президентимиз халқ дардини тинглашда ҳаммамизга ибрат бўляпти. Биз мана шу ибратдан илҳомланяпмиз», деди у.

Мана асл мақсад. Бу журналистнинг студияга келишидан мақсад ҳам аслида матбуотимиз муаммоларига ечим топиш эмас, балки навбатдаги маддоҳлик учун минбардан фойдаланиб қолиш бўлганини кўрсатмайдими шу гаплар?!

Юқорида мазкур кўрсатувни ютуб орқали минглаб фойдаланувчилар кўрганини билдирган эдик. Улар томонидан билдирилган айрим фикрларни келтирсак, мавзумиз янада тўлиқроқ очилади назаримизда.

«Одамларда уят бўлмаса чатоқ экан. Бу уятсиз башараларга қаранг, 25 йил ҳеч нарсани кўрмаганга солиб, ялаб-ялаб семириб яшади булар. Журналист эмиш. У ёқда халқ нима бўлса бўлди…», деб ёзди Ozodbek Erkinbekov.

BIGG BROTHER эса «буларнинг ичида кучли журналистнинг ўзи йўқ. Кучлилари қамалиб кетган ёки чет элларга чиқиб кетган. Булар қўрқоқ иккиюзламачилар холос, катталар қанақа қўшиқ айтса, ўшанга ўйнайдиганлар. Агар сиёсат яна ўзгариб танқид тўхтатилса, булар яна оғзига талқон солиб олади», дея фикр қолдирган.

Таҳлили йўқ «Таҳлилнома»

Президентнинг «Ахборот»ни танқид қилиши ортидан Ўзбекистон телеканалларида бир ижобий ўзгариш кузатилаётгани ҳақида кўп гапириляпти. Лекин бу ўзгаришлар шунчалик сезиларлими?

Биз маҳаллий ТВда энг нуфузли ҳисобланадиган «Таҳлилнома» кўрсатуви (30.04) мисолида бу масалани ўрганишга уриндик. Афсуски, шаклий ўзгаришлардан бошқа бирорта мазмуний ўсишга кўзимиз тушмади.

Энг эътиборлиси, «Таҳлилнома»да таҳлилий деса бўладиган бирорта лавҳа йўқ. АҚШ маъмурияти вакили билан учрашув, президентнинг Жанубий Қозоғистонга амалий ташрифи, Жиззах вилоятига сафарига оид ҳисоботмонанд лавҳалар, судлов, Хотира ва қадрлаш куни, китобхонлик, Тошкентдаги халқаро санъат фестивали мавзуларидаги материаллар билан тўлди кўрсатув.

Халқ қабулхоналари ҳақидаги гўёки таҳлилий лавҳа намойиш этилди. Аммо унда сўнгги вақтларда бу қабулхоналардан кўнгли тўлмаётганлар ҳам бўлаётгани тилга олингани йўқ. Кўрсатувдаги интервью ҳам умумий гаплардан иборат бўлди.

Энди шаклий ўзгаришларга тўхталсак. Кўрсатув бошловчиси Георгиев тасмасининг ўзбекона кўринишини кўксига таққан ҳолда эфирни олиб борди. Интервьюга келган амалдорнинг кўксини ҳам шундай тасма безаб турганди.

Бошловчининг эфирни олиб бориш усули Кремлнинг машҳур ташвиқотчиси Дмитрий Кисилёвнинг «Вести недели»даги бошловчилик усулини беихтиёр эсга солиб юборганини айтмасак бўлмас. Унинг қўл ҳаракатлари, эфирда ўзини тутиши, гап оҳанги худди қўйиб қўйгандек КисилТВникидек.

Тан олиш керак, Д. Кисилёв, ўз фикрларини томошабинга етказиш учун ишонтирадиган асослар ўйлаб топади, таҳлили ҳам ўртача статистик томошабинни қаноатлантиради.

Аммо маҳаллий кисилёвсимонларнинг бу даражага етишига ҳали анча қовун пишиғи борлиги яққол кўриниб турди.

Яна бир шакли ўзгариш шуки, бошловчи «Таҳлилнома»ни тик турган ҳолда олиб бормоқда. Бунга эса ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари аллақачон ўз баҳоларини бериб бўлди.

«Бизга янгиликларни қандай ҳолатда етказишлари муҳим эмас. Ўтирибми, турибми ёки ётиб олибми, асосийси, ҳақиқатни гапиришсин», дея фикр билдиради бир фойдаланувчи.

Иккинчиси эса «Бошқалар космосни эгаллаб, Марсни тадқиқ қилмоқда. «Ахборот»ни тик туриб олиб бориш эса бундан ҳам зўр кашфиёт. Энди яхши бўлиб кетамиз шекилли», дея заҳарханда қилди.

Халқнинг кўзини очиш ўрнига президентнинг кўзини боғлашга бўлаётган бу уринишни кўриб ҳатто таниқли диктор Муслимбек Йўлдошев ҳам чидаб тура олмай, «Фориш туманидаги фермер хўжалигида битта товуқ иккита тухум қилганини туриб гапирди нима-ю, ўтириб гапирди нима?!» деб истеҳзо қилди.

Замонга мослашаётган телеканаллар

Узр, танқидга берилиб кетиб, баъзи ижобий ўзгаришлар ҳақида гапириш сал бўлмаса ёддан кўтарилай дебди. Ҳа, ижобий ўзгаришлар ҳам бор.

Масалан, президентнинг ҳудудларга ташрифини ёритишда унга ҳамроҳлик қилаётган амалдорларга ҳам микрафон тутиляпти. Яъни фақат президент кўрсатилмай, амалдорлар ўз соҳасига оид лойиҳалар бўйича маълумотлар беряпти.

«Менинг юртим» телеканали эса турли медиа йиғилишлардан батафсил кўрсатувларни эфирга узатмоқда.

Эсингизда бор, аввалги президент даврида ташқи сиёсат тугул бошқа барча масалалар бўйича ҳам фақат унинг ўзи гапирарди. Ҳозир эса халқ бошқа сиёсатчилар ҳам борлигини кўриш имкониятига эга бўлди.

Хусусан, Халқаро пресс клубда Ўзбекистон ташқи сиёсатига бағишлаб бўлиб ўтган тадбирга оид кўрсатувда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг очиқ-ойдин чиқишлари эфирга узатилди.

С.Сафоев рақобатбардош инвестицион муҳит яратилмаганини, банк сектори иши қониқарсизлигини, конвертация муаммосини, Ўзбекистонда инвестицион иқлим радикал ўзгартиришга мужтожлигини тан олди.

А.Комилов эса хорижий газета ва журналларда 4-5 та мақола чоп этиш орқали (бундай мақолалар реклама сифатида пул тўлаб чиқарилиши сир эмасди) Ўзбекистон имижини кўтариш мумкин эмаслигини, диаспора билан ишлашда камчиликларга йўқ қўйилганини эътироф этди.

Бир қанча ўзгаришларга қарамай, ҳали Ўзбекистон ОАВ тўғри йўлни топиб олди, журналистиканинг асосий вазифалари ва функцияларига риоя қилишга қайтди, деб айтишга ҳали эрта кўринади назаримизда.

Бизнингча, ҳозир улар янги президентга мослашиш даврини бошдан кечиряпти, холос. Кўпчилик «Ахборот»да Чилонзор ва Олмазор туманларидаги коммунал соҳа қаттиқ танқид қилинганини рўкач қилиб, фикримизга қарши бўлар.

Катта ишонч билан айтишимиз мумкинки, мазкур кўрсатувлар аслида яна ўша юқорининг буюртмаси билан тайёрланган. ТВ ҳам президент каби халқ манфаатини ўйлай бошлади, деган таассурот уйғотишга қаратилган ҳаракат бу дейиш учун асослар етарли.

Маҳаллий журналистлар бизнинг фикрларимиз дастлабки хулосалар эканини, яқин келажакда пучга чиқишини кўрсатиб берса, хурсанд бўлар эдик.

Улар ҳозирги мослашув жараёни тез кунларда журналистиканинг асосий вазифалари ва функцияларини бажаришга жиддий киришиш йўлидаги бир босқич эканини исботласа, қувончимиз икки карра ошади.

Ишонинг, ҳақиқий журналистикада ҳамкасбларнинг ютуғи уларни ўз вазифасини бажармаётганликда айблаб келаётган эркин қалам соҳибларининг мағлубияти ҳисобланмайди.

Баҳодир Шариф

Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 феврал 2017
Ўзбекистон чорак аср марҳум Ислом Каримовнинг беш тамойили асосида яшаб келди. Бу беш тамойил аслида бир тийинга қимматлиги, қоғоздаги ...
25 июн 2020
​​Халқаро пресс-клубда матбуот анжумани бўлиб ўтибди, унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов бундай гапларни айтиб ўтибди: ...
21 май 2019
Андрей Сахаров 1921 йилнинг 21 майида Москвада туғилди. Водород бомбасини ихтиро қилган, интернет келажаги ҳақидаги гипотезани илгари сурган Сахаров ...
9 июн 2016
«Ҳуррият» газетаси ушбу янги ижтимоий тармоқнинг «бир қатор афзалликлари бор»лигини айта туриб, қовун тушириб қўйгандек. «Аввало, у «Tas-IX» тармоғида ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...