Асосий мавзулар
26 март 2018

Бобомурод Абдуллаевга «Жасорат» медали берилди

Давлат тўнтаришида айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевга 26 март кунги суд мажлиси якунида Сахаров жамғармасининг «Жасорати учун» медали берилди.

Мукофотни қабул қилиб олган журналистнинг аёли Қуттиқиз Балхибоева «Элтуз» мухбирига жаҳон жамоатчилигининг Бобомурод учун бу қадар жон куйдираётганидан қаттиқ ҳаяжонда экани, эрининг озод этилишидан умид қилаётганини йиғлаб гапирди.

«Дунёнинг олис-олис жойларидан туриб кузатиб, дардимизга шерик бўлиб турган жамоатчилик вакилларидан жуда миннатдорман», деди Балхибоева.

Журналист Даниил Кислов ҳам Бобомуроднинг жасоратли сўзларидан қаттиқ таъсирда эканини «Элтуз» нашрига билдирди.

«Авторитар мустабид режимларда журналистнинг ҳар қандай сўзи конституцион тузумни ағдаришга қаратилган, дея талқин қилиниши мумкин. Ҳар қандай одамни интернетдаги фикри учун қамаш мумкин. Мен «Усмон» ёки Бобнинг ёзганларида қонунга қарши бирор ҳаракат йўқ, деб ҳисоблайман. Фақат ҳақиқатни гапиргани учун журналистни айблашаётган бу судда иштирок этиш жуда оғир. Мен унинг судда ўзини тутишидан, жасоратидан таъсирдаман. Биз чин дилдан унинг тарафидамиз, чунки Бобомурод бизнинг ҳам мухбиримиз эди», деди Даниил Кислов.

Бобомурод ва яна уч нафар судланувчи устидан бу галги суд мажлиси Тошкентга кўплаб халқаро журналистлар ва экспертлар келган вақтга тўғри келди.

Сабаби, 26-27 март кунлари Ўзбекистон пойтахтида «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» номли халқаро конференция ўтаётган эди.

Журналист Бобомурод Абдуллаев ва бошқа уч нафар шахс устидан ўтаëтган суднинг 26 март кунги мажлисига Тошкентдаги халқаро анжуман қатнашчилари ҳам келди. Улар орасида таниқли журналистлар Даниил Кислов, Аркадий Дубнов ва қозоғистонлик Сергей Дуванов бор.

Шунингдек, суд мажлисини «Таймс» газетаси журналисти Том Парфед ва Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили, тадқиқотчи Стив Свердлов ҳам кузатмоқда.

Суд мажлисининг қисқача тафсилоти

Бобомурод Абдуллаев, Равшан Салаев, Шавкат Оллоёров ва Ҳаёт Насриддинов устидан суд жараёнининг қисқа мазмуни қуйидагича бўлди.

Бобомурод Абдуллаев МХХ изоляторида уни қандай қийнашгани ҳақида гапирди.

МХХ ходимларининг уни қийнашдан мақсади ўз раҳбарияти буйруғини бажариб, Муҳаммад Солиҳ, собиқ Бош прокурор (эндиликда МХХ/ДХХ раҳбари) Ихтиёр Абдуллаев ва ИИВ раҳбари Пўлат Бобожоновга қарши компромат тайёрлаш бўлган.

Бобомуродга кўра, улар ўзларига «керакли» кўргазмани ўзлари айтиб туриб ёздирган.

Абдуллаев «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси остида дастлаб 2003 йилдан 2004 йилга қадар, кейин эса 2011 йилдан 2017 йилгача ёзганини айтган.

2004 ва 2011 йиллар оралиғида у бу тахаллус остида ёзмаган. Унинг сўзларига кўра, Муҳаммад Солиҳ унинг Ҳақназаров эканини фақат 2011 йили билган.

Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёров бу ҳақда фақат ўтган йили билишган, хусусан, Оллоёров Бобомуроднинг қамалишига 2-3 кун қолганда билган.

Шу билан бирга, уларнинг иккиси ҳам унинг Ҳақназаров экани ҳақидаги сўзларига ишонишмаган.

У мақолаларни Солиҳ жўнатган материаллар асосида ёзган, унга эса бу материалларни МХХ, ИИВ ва Хавфсизлик кенгашидаги унинг одамлари жўнатиб турган.

Баъзан хатолар бўлган, бироқ бу атай қилинмаган, чунки бу маълумотларни текшириш мутлақо мумкин бўлмаган.

У бу мақолаларни пул учун ёзмагани, шундан келиб чиқиб ҳеч ким унга «ҳомийлик» қилмаганини билдирган.

Шунингдек, Бобомуроднинг судда билдиришича, мақсади юқори ҳокимиятда аслида кимлар қандай яшашини одамларга билдириш бўлган.

Эслатиб ўтамиз, тўрт нафар шахс – журналист Бобомурод Абдуллаев, блогер Ҳаëт Насриддинов, шунингдек, тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëров устидан аввалги суд мажлиси 15 март куни ўтган эди.

Суд мажлисида суд тиббий экспертизаси Бобомурод Абдуллаев танасидаги «қийноқ изларини кўрмагани»ни билдирган, прокурор айблов хулосасини ўқиган ва Бобомурод Абдуллаевга сўз берилганди.

Бобомурод Абдуллаев Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан шу йилнинг 27 сентябрида ўғирлаб кетилган. Орадан уч кун ўтиб, унинг МХХ (ДХХ) томонидан «ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланаётгани» маълум бўлган эди.

Маҳкама кечгача давом этди. Келгуси суд мажлиси 27 март куни соат 15:00 га белгиланди. «Элтуз» нашри Абдуллаевнинг суди билан боғлиқ жараёнларни кузатишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 июл 2016
Самарқандда марказий йўл чеккасида яшовчи аҳолига, томларини янги, махсус рангдаги шифер билан қоплаш ва уйи олдига бир ярим метрлик ...
11 апрел 2016
Ўзбекистонда май-июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ...
27 сентябр 2017
Президент Мирзиёев ваъдаларига ишониб ватанга қайган диссидент ёзувчи Нурилла Отахонов (Нуруллох Муҳаммад Рауфхон)нинг, 27 сентябр куни Тошкент аэропортида ҳибсга ...
19 январ 2017
Элтуз нашри журналист Шамсиддин Тўлагановнинг Миллий ҳавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов истеъфоси ҳақидаги мақолани чоп этиши ортидан Республика телеканали ...
Блоглар
20 апрел 2018
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши кураш кампанияси бошланди. Бу курашни мамлакат президентининг ўзи бошлаб берди. Мамлакатда ...
19 апрел 2018
Президент Мирзиёевнинг педагог ва шифокорларни мажбурий ишларга жалб этмаслик талабларидан сўнг Тошкентда 17 апрель куни ...
19 апрел 2018
Дўппидўз чевар Ҳамида Юнусова 25 йилдан буён дўппи тикади. Бу ҳунар унга оилавий анъана бўлиб, ...