Асосий мавзулар
30 март 2018

Қизил дафтар билан урилган болакайлар видеоси тарқалди

Ижтимоий тармоқда 30 март куни боғча болаларини ураётган ўзбек тарбиячиси акс этган навбатдаги видео тарқалди. «Элтуз» нашрининг ўрганишича, бу муассаса Жиззах шаҳрининг Заргарлик маҳалласидаги «Наврўз» номли 39-боғча бўлиб, болаларни урган тарбиячининг исми Моҳирадир.

Фейсбук ва инстаграм саҳифаларида тарқалган, «Элтуз» нашрига ҳам етиб келган видеода боғча тарбиячиси қўлидаги қалин қизил дафтар билан болаларнинг юзига, елкасига, кетига уради.

«Ўт жойингга!» деган таҳдид билан болаларни ураркан, аёл чеккада ўтирган болани қулоғидан ушлаб, хонанинг бошқа бурчагидаги курсигача етаклаб олиб боради.

Ўзбекистондаги таълим-тарбия муассасаларидаги болаларга нисбатан шафқатсиз муносабат акс этган бу каби видеолар илгари ҳам тарқалганди.

Масалан, ўтган 2017 йилнинг 2 мартида тармоқда пайдо бўлган видеода қўлига катта пичоқ ушлаган сурхондарёлик боғча тарбиячиси ёш боланинг иштонини ечиб, унинг «тилини ва чуккини кесиб олиш» билан таҳдид қилади.

Ушбу видеодаги бошқа бир тарбиячи аёл эса бу ҳолни кулиб кузатиб, боғчадаги ҳолат ҳақида ота-онасига гапирган болаларни жазолаш учун навбат билан пичоқ кўтарган аёл олдига олиб келади…

Кейинчалик «Элтуз»га маълум бўлишича, таҳқирланган болалар дудуқ ва сийғоқ бўлиб қолишган.

Ўша йилнинг 16 мартида пайдо бўлган бошқа бир видеода эса Фарғона вилоятидаги бошланғич синф ўқитувчисининг вояга етмаган болаларни ўқув қуроли билан ургани ва ҳақоратлаётгани акс этган.

Кейинчалик «Элтуз»га бу видеони ўша синфда амалиёт ўтаётган талаба суратга олиб тарқатгани, ўқитувчи аёлнинг «намунали дарси» барбод бўлгани боис ўқувчилардан қасд олгани маълум бўлган эди.

Бу видеолар тарқалгач, боғча болаларини «пичоқ» билан қўрқитган сурхондарёлик тарбиячи аёлга чора кўрилди. Бошланғич синф ўқувчиларини китоб билан урган фарғоналик муаллима ишдан ҳайдалди.

Воқеалардан кейин кўп ўтмай, 30 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ҳатто Мактабгача таълим вазирлигини тузиш ҳақида алоҳида фармонни ҳам имзолади.

Фармонга кўра, бу вазирлик мактабгача таълим соҳасида рақобат муҳитини яратиши ва мавжуд бошқа кўплаб муаммоларни бартараф қилиши керак.

Бироқ Жиззахдаги болалар боғчасидан олинган сўнгги видео Ўзбекистон таълим-тарбия муассасаларида болаларга нисбатан шафқатсиз муносабат ҳамон эскича давом этаётганини кўрсатмоқда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 июл 2019
Юсуф Жума 1958 йилда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида таваллуд топган. Бухоро педагогика институтини тамомлаган. Биринчи шеърий тўплами «Ҳақиқатнинг олтин ...
11 феврал 2021
Қуръони каримда 25 пайғамбарнинг исми зикр этилади. Ҳадисларда эса ер юзига жами 124 минг пайғамбар юборилгани ҳақда билдирилади. Улардан ...
21 июл 2016
Айни ҳолатни ўз карикатураси орқали ҳажв қилишга интилган рассом Элсевар, ёнида паспорти ёки пропискаси бўлмаганлар милиция нишонига айланганига эътиборни ...
24 сентябр 2018
Совет даврида болаларни мактаб партасидан пахта даласига қувиш одатий ҳол саналарди. Қайта қуриш йилларида сал сусайган бу анъана Ўзбекистон ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...