Асосий мавзулар
17 апрел 2018

Миграция агентлиги ўзбекларни Россияга сотдими?

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазирлигининг Ташқи миграция агентлиги томонидан Россияга расман ишга жўнатилган йигитлар одам савдоси қурбони бўлганини айтмоқда.

Шулардан бири Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманилик Орифжон Жўраевдир. Ўзи сингари ўнлаб йигитларнинг миграция агентлиги ходимлари томонидан одам савдоси қурбонига айлантирилганини иддао қилаётган О.Жўраев мамлакатга қайтганидан буён айбдорлар жавобгарликка тортилишига эриша олмаётганини таъкидламоқда.

Маълум бўлишича, республиканинг турли вилоятларидан бўлган йигитларни ишлашга жўнатган миграция агентлиги иш берувчи бўлмиш Россия компанияси билан шартнома тузмаган. Иш берувчи ҳам меҳнат мигрантлари билан шартнома қилмаган.

“Мен 2017 йилда миграция агентлиги томонидан Россияга жўнатилганман. Лекин пулимизни ололмадик. Бир йиллик шартнома билан кетиб, 2,5 ойда соғлиғимизни йўқотиб қайтдик. Бошқалар эса 4 ойда қайтиб келди”, дейди О.Жўраев.

Унинг айтишича, Россияда ишлайдиган йигитларга 40 мингдан 80 минг рублгача ойлик ваъда қилинган. Улар 30-45 даража совуқда қурилишда монолит қуйган.

«Бизни жўнатганлар миграция агентлигидан Хўжабаҳриддин Асомов ва агентлик ходимлари. Аввал 36 киши жўнаганмиз. Кейин яна 12 киши келди. Ҳаммасини ноқонуний қилиб, сотиб юборишган».

Ишлаётган йигитларнинг озиқ-овқат таъминоти ҳаминқадар бўлган. Меҳнат муҳожирларининг ўзлари томонидан олинган видеотасвирда йигитлар оддий сувга нўхат ва гуруч қайнатиб еяётганини кўриш мумкин.

Айримлари эса пиёзни ёққа қовуриб, нон билан ейишга ҳозирланаётгани кўринади.

“Неча кун бўлди озиқ-овқат олиб келинмагани? Тўрт кундан бери озиқ-овқат келгани йўқ. Мана, нон ҳам тугаяпти. Бундан кейин рўза тутилади”, дейди кадр ортидаги овоз.

Давлат расмий ташкилотига ишониб одам савдоси қурбонига айланган бу йигитларнинг додини ҳеч ким тингламаяпти.

2018 йил 6 апрель куни бош прокурор Отабек Муродов жадвал бўйича фуқароларни қабул қилиши керак эди. Лекин қабул бўлмади.

«Бош прокурор қабулига тўрт маротаба келиб ҳам киролмадим, у билан учрашишнинг иложи йўқ. Чунки қабул йўқ. У ёққа кетган, бу ёққа кетган дейишади», дейди Жўраев.

У шу йил 17 февраль куни Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилган. Кейин эса бош прокурорнинг шахсан ўзига ҳам почта орқали алоҳида мурожаат йўллаганман. Лекин ҳамон натижа йўқ.

Қўлида одам савдоси қурбонига айланганига оид барча ҳужжат-далиллар борлигини айтаётган Орифжон бошқа идораларга мурожаатлари ҳам натижа бермаётганини билдирди.

Сўзларига кўра, у Россиядан қайтиб келгач, адолат излаб дастлаб мамлакат бош вазирига мурожаат қилган. Бош вазир уни қабул қилмаган. Унинг ёрдамчилари билан гаплашган бўлса-да, бундан самара бўлмаган.

О.Жўраев Россияга Тошкентдан жўнатилгани учун Қашқадарё вилояти судлари ва ички ишлар идоралари ҳам бу масалада ёрдам бера олмасликларини маълум қилган. Олий суддагилар эса қуйи инстанцияларга ариза билан мурожаат қилишни маслаҳат бериш билан кифояланган.

Хуллас, ҳукумат идораси ходимлари томонидан ўзининг одам савдоси қурбонига айлантирилаётгани даъво қилаётган йигитнинг адолат излаб елиб-югуришлари ҳеч қандай самара бераётгани йўқ.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари турли хорижий давлатларда одам савдоси қурбонларига айланаётгани муаммоси узоқ йиллардан буён долзарб бўлиб келмоқда.

Мамлакатнинг Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги раҳбарияти бу муаммога ечим топиш ҳаракатларини бошлаб юборган. Ташқи миграция агентлиги меҳнат муҳожирларининг хорижда қонуний фаолият кўрсатишини ташкил этишга асосий масъул идора ҳисобланади.

Юқорида тилга олинган мавзу тафсилотлари кўрсатиб турибдики, бу идора ходимлари нафақат вазифасини кўнгилдагидек уддалай олмаяпти, балки одам савдосига ҳисса ҳам қўшяпти.

Малоҳат Эшонқулова
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 феврал 2018
15-аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Ҳиротда туғилди. У туркий тилни камситишдан ...
4 март 2018
3 март куни адвокат Сергей Майоров беш ойдан бери МХХ изоляторида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев билан учрашди. Ҳуқуқ фаоли ...
10 феврал 2017
Депутатлар ҳам кутиб турган экан шекилли, президентнинг фаол бўлинг, деган топшириғидан кейин бел боғлаб халқ билан ҳам тиллашишга тушиб ...
24 май 2016
Ўқув машғулотларидан эндигина қутилган, бироқ чопиқ деган даҳмазага тутилган фарғоналик муаллималарни, тағин яқиндагина Универсиада спорт тадбирлари ўтган майдонларни тозалашга ...
Блоглар
19 апрел 2018
Президент Мирзиёевнинг педагог ва шифокорларни мажбурий ишларга жалб этмаслик талабларидан сўнг Тошкентда 17 апрель куни ...
19 апрел 2018
Дўппидўз чевар Ҳамида Юнусова 25 йилдан буён дўппи тикади. Бу ҳунар унга оилавий анъана бўлиб, ...
18 апрел 2018
Промка ҳожатхонаси орқасидаги катта ўра нажас билан лиқ тўла. Қўлида учи айри узун хода ушлаган ...