Асосий мавзулар
3 май 2019

3 май — Халқаро матбуот эркинлиги куни

Бугун Халқаро матбуот эркинлиги куни жаҳон бўйлаб 26-бор нишонланмокда. 1997 йил 3 майдан буён ҳар йили матбуот эркинлигига муносиб ҳисса қўшган инсонлар ЮНЕСКО тарафидан мукофотлар билан тақдирланишади.

Бироқ бу сана матбуот тизгини якка ҳокимият қўлида бўлган Ўзбекистон каби мамлакатлар учун муҳимроқ эканини таъкидлашни истар эдим.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти маълумотларига кўра, бу йил матбуот эркинлиги бўйича Ўзбекистонда ўзгаришлар сезилган бўлса-да, мамлакат ҳамон ташкилот эълон қилган 180 мамлакат рўйхатидаги энг ёмон ўнталик ичида қолмоқда.

БМТ резолюциясига эркин Африка матбуоти ривожига бағишланган Виндҳук декларацияси асос қилиб олинган.

rasm1290
Қудрат Бобожон, 2004 йил, 3 май, Тошкент.

Ўзбекистонда «Эркин сўз»

1988 йили «Эркин сўз» газетасини, тўғрироғи, норасмий Ўзбекистон Эркин ёшлари уюшмаси хабарномасини чиқаришга муваффақ бўлганимни эслайман. Бунгача биз уюшмамиз фаоллари билан Ўзбекистон мустақиллиги ва демократия тарғиб қилинган турли варақа ва чақириқлар кўпайтириб тарқатардик.

Журфак талабаси бўлароқ, нима учун варақа ва брошюралар чиқариш мумкин бўлган ускунада газета қилиш мумкин эмас, деган хаёл менга тинчлик бермасди.

Рассом дўстим Қуронбой Матмуродов билан кечаси (кундузи ўқиш) ишга киришдик. Биз мўлжалдагидан икки ҳисса (масштабини 50 фоиз кичрайтириш имконини ҳисобга олиб) катта ватман қоғозга бўлажак газета матни, сарлавҳалари ва расмларни жойлаб ёпиштиришимиз керак эди.

Қуронбой қўлбола тайёрланган махсус туш ва скалпелини олиб ишга киришди, мен эса ёзув машинкасида колонка матнларини тера бошладим.

Мақсад тўрт саҳифага долзарб ва қисқа мақолаларни ихчам шаклда жойлаш эди. Адолат нуқтаи назаридан айтишим керак, ўша йили газетамиз билан параллел Фахриддин Худойқулов бош-қош бўлган «Бирлик» ҳаракатининг хабарномаси ҳам чиқа бошлади.

«Эркин сўз»ни сотишдан тушган пулга тўртта мегафон сотиб олдик. Тарқатиладиган материаллар, уюшма низоми ва яна анча варақалар, жумладан, алоҳида нашр тарзида «Ку-Ку-88» (Яъни Қудрат ва Қуронбой) имзоси билан сатирик карикатуралар кўпайтирилди.

Ҳатто айрим хизматчиларимизга озроқ қалам ҳақи бериб, қолганига иккита хона ва битта мажлислар залини доимий ижарага олиш қувватига эга бўлдик.

Тугатилаёзган цензура

Норасмий нашр фаолияти узоққа бормади. Уни давлат рўйҳатидан ўтказиш масаласи бошни қотирди.

1989 йили мен “Эркин сўз” газетасини қайддан ўтказиш учун Давлат матбуот қўмитаси раиси Рустам Шоғуломовнинг қабулига кирдим.

У кишининг асосий эътирози аввалига газетанинг номига бўлди. “Нима дегани эркин сўз, нима эркин эмас сўз ҳам бор эканми?” дея мени калака қила бошлади.

Лекин у пайтлар ҳар ҳолда ошкоралик – мен ҳам тап тортмай, газетани унинг рухсатисиз ҳам чиқариб келганимиз ва шундай давом эттиришдан бошқа чорамиз йўқлигини айтдим.

Ҳукуматнинг бош цензори ўша пайтда тутақиб, менга тағин ғазабини сочишдан нарига ўтмади. Бу пайтда цензура идораси тутатилиш арафасида эди.

rasm1291
“Муносабат” газетасининг нишона сони

«Муносабат» газетаси

1990 йилнинг ноябрида Фахриддин Худойқулов раҳбарлигида “Муносабат” газетасининг нишона сони босилди. Газета қайта қуриш йилларида қўлга киритилган ютуқ, хусусий мулк яратилиши натижасида барпо қилинган “Ўсарфильм” қошида таъсис этилди.

Бироқ биз яна ҳам долғалироқ янги ўзгаришларни кутардик.

1991 йилнинг 13 апрель куни Совет Иттифоқида цензура тугатилиб, матбуот тўғрисида қонун қабул қилинди.

“Матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари эркиндир, цензурага йўл қўйилмайди”, деган икки жумла бизни эркинликнинг янги уфқлари сари қанотлантирди. Ўшанда мен ҳам Фахриддин акага ҳамроҳ бўлиб Москвага бордим.

rasm1295
Фахриддин Худойқулов

Москва шамоли

Москвада қарийб бир ҳафта қолиб кетдик. Сафаримиз анча сермаҳсул бўлди, Фахриддин ака ўзбек тилларида 200 минг рус ва 200 минг нусхада чиқадиган бутуниттифоқ газетасини рўйхатдан ўтказишга эришди, 007 рақамли чўғдай қип-қизил гувоҳномани олганимизда хурсандчилигимиз чексиз эди.

Орадан уч ой ўтиб, ноябрь ойида бу газетанинг нишона сони чиқди. Ёзувчилар уюшмаси биносидаги офисимизга ўрнатилган учта компьютерда кечалари билан уйга бормасдан газетани макет қилар эдик.

Бироқ тағин бахтиёрлигимиз узоққа бормади. Газетанинг бор-йўғи учта сони чиқди.

Референдум арафасида газета тайёрлаб ўтирган пайтимиз офисимизни бир гуруҳ ментлар келиб босди. Ҳаммаёқ ваҳима.

Қизиқ ҳол ҳеч эсимдан чиқмайди. Милиция қуршовида ўтирган кишанбанд Фахриддин акага яқинлашмоқчи бўлдим. У киши кулимсираб, «Э, бу бола бизда ишламайди», дегандай шаъма қилди, мен нима қилишим кераклигини тахминан тушундим. “Муштум”да ишлаган Фахриддин акада юмор ҳисси анча кучли эди.

Эртаси куни Фахриддин акани қўйиб юборишди. Чимкентда «Муносабат»нинг янги сони чиқиши керак эди. Босмахонага мен борадиган бўлдим.

Газетани юклашга ажратилган «Камаз»да менга тошкентлик олифта йигитлар ҳамроҳ бўлди. Улар икки юз минг тираж газетани кўриб капалаклари учиб кетди.

«Бундан кўра ерёнғоқ юклаганимиз яхши эди», дея тихирлик қила бошлашди, лекин ўртага қўйилган яримта ароқ ишни ҳал қилди. “Камаз” тезгина газета тахлами билан лиқ тўлди.

Биз босмахонани тарк этдик. Чимкент-Тошкент шоссеси бўйлаб бораркан, газета ортилган «Камаз» юкхонасидан бир тахлам газета ажралиб, йўлга сочилганини эслайман.

Машина йўл чеккасида тўхтаганида беш юзтача газета саҳифалари шамолда учаркан, уларни йиғиштириб олишдан мантиқ ҳам йўқ эди…

Газеталарни келтириб Ёзувчилар уюшмасидан ижара олинган омборга жойладик. Бироқ газетани тарқатишга улгурмай, тираж сақланган омборга ўт қўйилди. Таҳририятга қарши иш очилди.

Шу билан газета фаолияти тўхтади. Бироқ газета атрофидаги муаммолар яна анча давом этди. Бунинг кўп тафсилотлари Фахриддин аканинг хотираларида бор.

Кейин мен журналистиканинг босма тури билан хайрлашгунимга қадар анча вақт Муҳаммад Бекжон ва бошқа кўп ҳур фикрли ҳамкасбларим билан «Эрк» газетасида бир муддат ҳамкорлик қилдим.

Кейин аллақачон Кремлдан мустақил ҳукумат цензураси бу газета фаолиятини ҳам тўхтатди.

Сўз эркинлиги узра дам оқ, дам қора булутлар алмашаётган суронли даврлар эди бу.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com муҳаррири

Тағин ўқинг
16 сентябр 2016
Бугун Жиззахга Мирзиёев келиши муносабати билан қўй сўйилади. Бу вилоятда у ҳокимлиги даврида нималар қилмади, айниқса Каримовнинг кўнглини олиш ...
3 май 2019
Кўриб турганингиз уй оддий ўзбек мулозимининг уйи. Уй эгаси давлатдан аниқ суммадаги маош олган ва тижорат билан  шуғулланиши қонунан ...
7 май 2019
Ўзбек тилига кириб келган яна бир дурагай сўз ижтимоий тармоқ юзерлари танқидига нишон бўлди. Фейсбук тармоғига қўйилган оддий чинни ...
23 октябр 2018
Ўзбекистонда хорижнинг нуфузли университетлари филиаллари очилиши кўпчиликни қувонтиради. Ҳар ҳолда бу филиалларда таълим сифати, билим бериш даражаси маҳаллий олий ...
Блоглар
11 сентябр 2019
Ибтидосида айтай, мен шоир ёки бастакор, ё-да ҳофиз эмасман. Шеърга ўхшаган бир нарсаларни ёзиб, уларга ...
6 сентябр 2019
“Орамиздан чиқса гар миллатни яхши севгувчи, биз они душмон билиб, таффонча бирлан отамиз”. Бу мисраларни ...
4 сентябр 2019
Менинг узоқ йиллар аввал ёзган бир шеърим бор эди. Унда Шарқнинг шоири гул бутоғига боғлаб ...