Асосий мавзулар
21 май 2019

21 май – Кремлнинг “ўзбеклар иши” аталмиш фитнасини қоралаган Андрей Сахаров туғилган кун

Андрей Сахаров 1921 йилнинг 21 майида Москвада туғилди. Водород бомбасини ихтиро қилган, интернет келажаги ҳақидаги гипотезани илгари сурган Сахаров пировардида инсон ҳақ-ҳуқуқлари курашчисига айланди. Сахаров СССР парламенти минбаридан туриб Кремлнинг “ўзбеклар иши” деган фитнасини қоралаб чиққан эди.

Ўзбекистондан сайланган депутатлар, жумладан, Ислом Каримов залда нафақат мум тишлашган, балки ўзбекларни ҳимоя қилган бу саркашни “қоралаш маъракаси” бошида ҳам туришган эди.

Уйда чиқарилган савод. Водород бомбаси ва Нобель мукофоти

Жамоат арбоби ва диссидент сифатида фаолият юритган Андрей Сахаров (1921-1989) физик олим, водород бомбаси яратувчиси саналади.

Нобель мукофоти соҳиби (1975) А.Сахаров бошланғич таълимни уйда олди, физика ва математикани отасидан ўрганди. Еттинчи синфдан мактабга борди ва 1938 йилда уни аъло баҳолар билан якунлади.

Москва университетининг физика факультетини битиргач, уни 1942 йили Мудофаа вазирлиги ихтиёрига юбордилар.

Бўлғуси олим 1942 йилдан Ульяновскдаги патрон заводида ихтирочи-муҳандис лавозимида ишлай бошлайди ва илк ихтироларини қилади. 1944 йилда эса Фанлар академиясининг Физика институти аспирантурасига киради ва Нобель мукофоти лауреати академик И.Е.Тамм раҳбарлигида илмий изланишлар олиб боради.

1948 йилда эндигина номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган А.Сахаровни термоядро қуроли муаммолари билан шуғулланувчи тадқиқотчилар гуруҳига қўшадилар.

У 1950 йилдан бошлаб И.Е.Тамм билан ҳамкорликда бошқарилувчан термоядро реакцияси устида ишлайди. Ушбу тадқиқотларнинг натижалари И.В.Курчатов томонидан 1956 йилда Харуэллада (Буюк Британия) ўтказилган конференцияда баён қилинади.

А.Сахаров 1952 йилда ўта кучли магнит майдонлари ҳосил қилиш учун магнит кумуляцияси ғоясини, 1961 йилда импульсли бошқариладиган термоядро реакциясини ҳосил қилиш учун лазердан фойдаланиш ғоясини илгари суради.

А.Сахаров космологияга оид қатор асарларнинг («Оламнинг барион асимметрияси», «Оламнинг кўп босқичли моделлари», «Оламнинг космологик модели»), майдон назарияси ва элементар заррачаларга доир илмий ишларнинг муаллифига айланади. Бунинг оқибати ўлароқ, 1953 йилда уни мамлакат ФА ҳақиқий аъзоси этиб сайлайдилар.

Сахаров – инсон ҳуқуқлари фаоли

Сахаровнинг сиëсий фаолияти 1956-1962 йилларда бошланди. Айнан ана шу даврда унинг ўз принципларига содиқлиги яққол намоён бўла бошлади.

Олимнинг асосий принципи илм-фаннинг инсониятга, тараққиётга хизмат қилиши зарурлиги билан боғлиқ эди. Ушбу принципга зид бўлган ҳар қандай ижтимоий воқеликни қаттиқ қоралайди.

Шу йиллари у атмосферада ядро синовлари ўтказишга қарши нутқлар сўзлайди. У уч муҳитда (атмосфера, коинот ва океанда) ядро синовлари ўтказишни тақиқлаш ҳақидаги Москва шартномасининг ташкилотчиларидан бирига айланади.

Олим 1966 йили Лисенко ва унинг мактабига қарши чиқади. 1966 йилда Сталин шахсига сиғинишнинг қайта тикланишига қарши тайёрланган жамоавий хатга ҳаммуаллифлик қилади.

А.Сахаров 1968 йилда «Прогресс, биргаликда тинч ҳаёт кечириш ва интеллектуал эркинлик ҳақидаги мулоҳазалар» номли эссесини ёзади.

Бунда социалистик ва капиталистик тузумларни ўзаро яқинлаштириш ва шунинг билан сайёрада тинчликни сақлаб қолиш заруриятини асослаб беради. Ғарбда бу китобнинг умумий тиражи 20 миллионга етади. Китоб нашр қилинган вақтдан бошлаб А.Сахаров «Арзамас-16» ёпиқ шаҳрида олиб борилаётган махфий тадқиқотлардан четлаштирилади.

Саховатли одам эди

1969 йилдан А.Сахаров Физика институтидаги тадқиқотларини давом эттира бошлади. Ўша йили у ўзи йиққан маблағларини (139 минг сўм) Москвада онкологик марказ қурилишига ҳадя этади.

1970 йилда эса Инсон ҳуқуқлари қўмитаси тузишда иштирок этади. Кейинги йилларда А.Сахаров мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар ва инсон ҳуқуқларини ёқлаб чиқади.

У ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқи, сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, ўз мамлакатини тарк этиш ва унга қайтиб келиш эркинлиги, мамлакат ичкарисида яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқини ҳимоя қилади.

Айни пайтда қуролсизланиш муаммолари юзасидан маърузалар қилади ва «социалистик лагерда» ягона профессионал эксперт сифатида тан олинади.

Нобель берилганида уй қамоғида эди

1975 йилда А.Сахаров ўзининг «Мамлакат ва жаҳон ҳақида» номли китобини нашр эттиради. Ўша йили унга Нобель мукофоти берилади.

Норвегиядаги Стортинг Нобель қўмитасининг 1975 йил 10 октябрдаги тақдимномасида бундай дейилади: «Сахаров шуни қатъий ишонч билан эътироф этадики, инсон ҳуқуқларининг дахлсизлигигина ҳақиқий ва узоқ муддатли халқаро ҳамкорлик тизимининг пойдевори бўлиб хизмат қилиши мумкин».

А.Сахаров эса ўз нутқида тинчлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқларининг чамбарчас боғлиқлигини уқтиради.

Интернет башоратчиси

1974 йилда Андрей Сахаров интернет келажаги ҳақида аниқ прогноз айтган эди.

“Келажакда, эҳтимол, 50 йил ўтгач, жаҳон ахборот тизими (всемирная информационная система — ВИС) яратилишини тахмин қиламан.

Бу тизим ёрдамида қачондир, қаердадир нашр этилган ҳар қандай китоб ёки мақолани исталган вақтда топиб ўқиш, хоҳлаган маълумотни олиш мумкин бўлади.

Сўров юбориш учун жаҳон ахборот тизимининг узатувчи ва қабул қилувчи алоҳида кичкина қурилмалари, ахборот оқимини бошқарувчи диспетчерлик пунктлари, симли ва лазерли линиялар, минглаб сунъий алоқа йўлдошни ўз ичига жамлаган робитавий каналлар бўлади.

Бу тизимнинг қисман ишга туширилиши ҳам ҳар бир инсоннинг ҳаётига, бўш вақтига, ақлий ва бадиий ижодий камол топишига катта таъсирини кўрсатади.

Кўплаб замондошларимизнинг асосий ахборот манбаи бўлган телевизордан фарқли ўлароқ, ЖАТ ҳар кимга ахборотни танлашда энг юқори эркинликни тақдим қилади ва ҳар бир кишидан фаоллик талаб қилади”.

Сахаров мўлжални кечроқ олган кўринади. Интернет 1990-йилларданоқ жамият ҳаётига кириб келди.

Сургун

1980 йилнинг 22 январида А.Сахаров Москвадан узоқдаги Горький ëпиқ шаҳрига сургун қилинади.

Ўша йили СССР Олий Советининг фармони билан А.Сахаров уч марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони (1955, 1956, 1962) унвонларидан, Министрлар Советининг қарори билан Давлат (1955) ва Ленин (1956) мукофотларидан маҳрум этилади. Бу кескин чоралар А.Сахаровнинг Афғонистонга совет қўшинлари киритилиши муносабати билан қилинган танқидий чиқишларига жавоб эди.

Бироқ А.Сахаров Горькийда ҳам ўз фаолиятини тўхтатмади. Унинг «Термоядро уруши хавфи» номли мақоласи, Л.Брежневга ёзган очиқ хати катта шов-шувларга сабаб бўлди.

Горькийда А.Сахаров ўз оиласининг ДХҚ (КГБ) томонидан таъқиб қилинаётганига норозилик билдириб икки бора очлик эълон қилади ва ҳар сафар мажбуран овқатлантирилади.

1981-1982 йилларда ДХҚ унинг эсдаликлари ва кундаликларини, кўпгина қўлёзмаларини йўқ қилиб юборади.

Музаффар қайтиш

1986 йилнинг декабрида А.Сахаров Горький сургунидан Москвага қайтарилади.

1987 йилнинг 14-15 февраль кунлари «Ядро қуролларисиз дунё ва қуролсизланиш учун» номи остида ўтказилган халқаро форумда сўзга чиқади ва қуролларни қисқартиришга доир ўз таклифларини айтади.

Бироқ тоталитар тузум ҳали-ҳануз эркин фикрлашга одат қилган кишиларни тинглашга одатланмаган эди. Тез орада академик устига мағзава ағдариш янгидан бошланади.

Бу мағзава ағдариш маъракаси Ўзбекистонда ҳам давом этди. Жумладан, Ўзбекистондан сайланган депутатлар республика муаммаолари ҳақида гапириш ўрнига академик Сахаровни ҳақоратлаш билан банд бўлишди.

1989 йилнинг 14 декабрида Сахаров ўзининг Москвадаги уйида юрак хасталигидан вафот қилди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 май 2024
Наманган ва Қашқадарёда дарахтлар кесилмоқда, Андижоннинг остонасида сув йўқ, Тошкентда эса Элтузга шикоятдан кейин пиёдалар йўлаги эса тикланди. Cалом ...
9 август 2018
Айни пайтда Тошкент архитектура-қурилиш институти олдидаги чинорларнинг бир нечаси ҳам туман ободонлаштириш идораси томонидан кесиб ташланган. Рассом Туз 2015 ...
1 ноябр 2020
Қишлоқ хўжалиги мутахассиси ва Навоий вилоятининг Конимех тумани собиқ ҳокими 70 яшар Исмоил Оспанов «Элтуз» орқали ўз туркум чиқишларини ...
9 август 2023
Салом қадрли мухлислар. Элтуз порталига келган сўнгги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан келган. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...