Асосий мавзулар
11 июн 2016

Каримов ҳукумати барча соҳаларда коррупцияга ботганини тан олади

Гарчи бу иш тўғрисида матбуотда кам гапирилган бўлса-да, 2013 йил охирида халқаро арбитраж суд Каримов ҳукуматидаги коррупция тўғрисида кутилмаган янгиликларни ошкор этган қарорни қабул қилди.

Қарорда Исроилнинг «Metal-Tech» компанияси Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ҳамда собиқ бош вазири Ўткир Султонов билан алоқадор давлат амалдорлари ва сохта шахсларга пора сифатида 3,5 миллион АҚШ доллари тўлагани тўғрисидаги айблов ҳам бор. Бу маблағ мазкур компания Ўзбекистонга киритган сармоя умумий ҳажмининг 15 фоизини ташкил этади.

Маълумот учун: 2002 йилдан бошлаб «Metal-Tech» Ўзбекистонда молибден ишлаб чиқаришни модернизациялашни амалга оширган.

Шунга қарамай, бу ғалати ишни хорижий давлат ёки ноҳукумат ташкилотлар фош этгани йўқ. Балки Каримов ҳукумати ўзини ўзи фош этади.

Молиявий операциялар Каримов ҳукуматининг бу жиноий ишга тўғридан тўғри алоқадорлигидан гувоҳлик бериб турибди. «Metal-Tech» компанияси Ўзбекистонда бизнес билан шуғулланишни хоҳлайди. Бунинг учун у ҳукуматнинг айрим амалдорларига пора бериши керак бўлади. Бунинг эвазига «ҳомий»лар тегишли рухсат этувчи ҳужжатларни қўлга киритиши ва бу компанияни очкўз ҳамкасбларидан ҳимоя қилиши керак эди.

Бироқ «Metal-Tech»нинг асосий суянган тоғи бўлмиш бош вазир Ўткир Султонов президентнинг ишончини йўқотиб, 2006 йилда ҳокимиятдан четлатилгандан сўнг «шайтон ўйини» бошланди. Иш чаппасига кетди. Кейинги йил давомида «Metal-Tech» тугатилди ва унинг активлари давлатнинг икки компанияси томонидан ўзлаштириб олинди. Айни пайтда одатда нуфузли компанияларга нисбатан қўлланиладиган усул қўлланилди – Тошкент прокуратураси «Metal-Tech»нинг Исроилга қочиб кетган раҳбарига қарши жиноят иши қўзғади.

Бу очиқча қароқчиликдан сўнг «Metal-Tech» Исроил ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама сармоявий шартнома асосида фаолият юритадиган халқаро арбитраж механизмидан фойдаланган ҳолда товон пули талаб қилди.

«Metal-Tech»нинг арбитраж суддаги позициясини сусайтириш мақсадида Каримов ҳукумати ўзбек амалдорлари компаниядан пора олганини тасдиқлади. Одатда адвокатлар мижозларига ўзига қарши кўрсатма беришни маслаҳат бермайди, аммо айни ҳолатда бу айёрона ҳуқуқий тактика эди.

Трибуналлар ва судлар даъвогар ҳалол бўлган ҳолатларни кўриб чиқади. Худди наркотикфурушлар бошқа ўзи сингарилар томонидан талангани юзасида полицияга мурожаат эта олмагани сингари коррупцияга аралашиб қолган томонлар ўзаро келишмовчиликларни ҳал этаётганда суддан адолат талаб қила олмайди.

Демакки, «Metal-Tech»нинг шикояти билан боғлиқ ушбу ҳолат воситасида Ўзбекистон ҳукумати ўзининг амалий тажрибаси пардаларини кўтарди ва коррупцион келишувларга қанчалик ботиб кетганини кўрсатиб берди. Бу эса Исроилнинг «Metal-Tech» компанияси ҳам нега «оппоқ эмас»лигини кўрсатиш учун қилинди.

Бу ишга алоқадор кимсаларнинг қанчалик юксак мансабда эканлиги ва Каримов режимига хос бўлмаган очиқ-ошкоралик эътиборга олинса, арбитраж судга тақдим этилган далиллар Ўзбекистон ҳукуматидаги сиёсий коррупциянинг бутун моҳияти ва кўламини кўрсатиб берди.

Хўш, биз нимани билдик? Биринчи навбатда, Гулнора Каримова улкан музтоғнинг бор-йўғи бир чўққиси эканини. Кўриниб қолдики, Ўзбекистон ҳукумати давлатнинг энг олий мансабдорлари учун пора олиш ва пул ювишга тайёр турган хусусий ва сохта шахслар билан тўла оффшор компаниялар танқислигидан азият чекмайди.

Маслаҳатчилар ва юқори даражали оила

rasm1538
Виктор Михайлов © http://www.aen.ru/

«Metal-Tech» бош директори Уриэл Розенбергнинг сўзларига кўра, 1997-1998 йилларда унинг компанияси Ўзбекистон молибден саноатида иштирок этиш режасини ишлаб чиққанида уни уч шахс – Виктор Михайлов, Уйғур Султонов ва Игорь Чиженок билан учраштиришган.

Розенбергнинг таъкидлашича, бу шахслар уни «Ўзбекистон ҳукумати ёки уларнинг душмани бўлиши, ёки ёрдам бериши, яъни компанияга қўшилиши ва уларнинг ҳамкори бўлиши»дан огоҳлантирган.

Ўзбекистон отлиғ номаълум уммонга қадам қўяр экан, табиийки, «Metal-Tech» қудратли иттифоқчиларга эга бўлишни хоҳлади, чамаси «дўстлар»ни ҳамкорликка чорлаш учун ўзига яраша каттагина маблағга ҳам эга эди.

«Metal-Tech»нинг янги «дўст»ларидан бири жаноб Уйғун Султонов, яъни собиқ бош вазир Ўткир Султоновнинг укаси эди.

«Metal-Tech»нинг иддаосича, унинг Уйғур Султонов билан алоқага чиқишига бу шахснинг молибден соҳасидаги катта тажрибаси сабаб бўлган. Арбитраж суд бу иддаога ишонмасликка тўла асосли эди: жаноб Уйғун Султонов молибден соҳасида ҳеч қанақа тажрибага эга эмасди. Аслида у истеъфога чиққунга қадар, 1992 йилгача милицияда юқори унвонли офицер бўлиб хизмат қилган.

Шунга қарамай, Каримов ҳукумати зўр бериб Султоновнинг таржимаи ҳолидаги битта жиҳатга, яъни у ўша вақтдаги (1995-2003) бош вазир Ўткир Султоновнинг укаси эканига урғу бераверди.

Бош вазир Султоновда ҳақиқатан ҳам «Metal-Tech» инвестицияларига «ғайриоддий қизиқиш» бўлгани, кейинчалик эса унга қўшма корхона устидан назорат қилиш мажбурияти юклангани таъкидланади.

Ҳакамлик суди «Metal-Tech» Уйғур Султоновга анча катта миқдорда пул тўлаганини қайд этади. Суд ҳужжатларида «синчков таҳлиллар бу каби товон пули тўланиши учун бирор бир адолатли асос аниқланмаганини кўрсатгани» айтилади.

Чапараста сўроқ давомида «Metal-Tech» бош директори жаноб Розенберг аслида қандай хизматлар кўрсатилганини тан олди: «Ўша вақтда унинг акаси бош вазир эди, шунинг учун у компанияни ташкил этишдаги бюрократик қоғозбозликларни ҳақиқатан ҳам енгиллаштириши мумкин бўлган одамлардан бири эди».

Суд қуйидаги тўхтамга келди: «Жаноб Султоновга «Metal-Tech»нинг Ўзбекистонга инвестиция киритишига кўмаклашиш учун унинг оилавий алоқаларидан фойдаланиш мақсадида пул тўланган. Бу хулоса аризачи ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-212 моддаларига зид равишда ҳаракат қилган, деган тўхтамга олиб келади».

«Metal-Tech»га шартнома асосида консультация хизматлари кўрсатган яна бир «дўст» Игорь Чиженокдир. «Metal-Tech» билан алоқа қилган пайтда у Ўзбекистон Президенти девони кадрлар бўлими бошлиғи бўлган.

Суд фикрига кўра, жаноб Чиженок «номзодларни расмий лавозимларга тайинлашга таъсир ўтказиш салоҳиятига ва тахмин қилиш мумкинки, ҳукуматдаги жуда кўп расмий шахслар билан алоқаларга эга бўлган».

«У расмий тузилмада юқори лавозимда ишлашини билардим», деб тан олади «Metal-Tech» компанияси бош директори.

Аммо компаниядагилар унинг қудратидан фойдаланиш учун унга юз минглаб доллар тўлаганми? «Metal-Tech» бу унинг «Ўзбекистон ҳукуматида бизнес қандай юритилиши юзасидан умумий билими»ни ҳисобга олган ҳолда бор-йўғи «Metal-Tech»га мактублар ёзишда маслаҳатлар бериш бўйича» шартнома бўлган, деб таъкидлайди.

Ёзувчингиз қиммат экан-ку!

Суд қуйидаги тўхтамга келди: «Жаноб Чиженокка унинг Ўзбекистон ҳукуматида эгаллаб турган лавозимидан даъвогарнинг инвестиция киритишига кўмаклашиш мақсадида фойдаланиш учун пул тўланган».

Бу хулосаларнинг ҳеч бирида ҳайрон қолдирадиган бирорта жиҳат йўқ. «Metal-Tech» пора беришдаги иштирокини инкор этаётган бир вақтда унинг бош директори жаноб Розенберг судга консультантларга ҳақиқатан ҳам пул тўлангани, чунки компания шу йўл билан «ҳукуматдаги улар билан алоқадор тегишли амалдорларга чиқа олиш, очиқча айтганда, уларнинг давлатнинг тегишли мансабдор шахсларига таъсир ўтказа олиш» имкониятини қўлга киритиш мумкин бўлганини айтиб берди.

Суд бу ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра жиддий жиноят ҳисобланади, деган тўхтамга келди.

Оффшордаги корпоратив тармоқ

Ғарб ҳукуматлари ўз коррупцион келишувларини яширишни мақсад қилган ўзбек давлат хизматчиларининг шериклари бўлишни кўзлаганини исбот этди.

Масалан, Британия ҳукумати бошқарувида бўлган қатор ҳудудларда сохта компаниялар жиноий мақсадлар учун сотиб олиниши мумкинлигини кузатиш мумкин. Айни пайтда Швейцария ва Латвия ноқонуний молиявий операциялар учун банклар раҳбарларидан манфаатдор эканини кўрсатиб қўйди.

Ўзбекистон давлат амалдорлари ва улар номидан иш кўрувчи сохта шахслар коррупцион молиявий ва корпоратив хизматларнинг ниҳоятда очкўз истеъмолчилари бўлди.

«Metal-Tech» ишида мансабдор шахсларни сотиб олиш учун фойдаланилган маблағлар Швейцария компаниялари ва Британиянинг Виргин ороллари фирмалари тармоқлари орқали жўнатилгани билдирилди.

Суд ҳисоботида таъкидланишича, Швейцарияда рўйхатга олинган «MPC International Investments» ва «Consultants GmbH» компаниялари даставвал «Metal-Tech»нинг ноқонуний келишувларини енгиллаштириш мақсадида ташкил этилган.

Суд эшитувлари чоғида берилган кўрсатмалардан маълум бўлишича, «MPC» қисман (45%) Голландиянинг «BV ChemiePharmacie Holland» компаниясига тегишли бўлган. Бу компания воситачи вазифасини бажариб, «Metal-Tech»ни «консультантлар» билан боғлаб турган. Акцияларнинг яна 45% фоизи эса Британиянинг Виргин оролларида рўйхатга олинган «Bordeaux Intertrade» компаниясига тегишли бўлган.

rasm18«Boerdeaux Intertrade»га эса Виктор Михайлов, Уйғур Султонов ва Игорь Чиженок биргаликда эгалик қилган.

Арбитраж суд Султонов ва Чиженокка Швейцария ва Британия Виргин ороллари компаниялари орқали жўнатиб турилган тўловлар жиноий характерда эканига қатъий ишонади. Суд «даъвогар томон жаноб Михайловдан консультация хизматлари олганини таъкидлаганига қарамай, у бундай хизматларни кўрсатиш учун сезиларли даражадаги малакага эга эмас»лигини аниқлаган бўлса-да, Михайлов далиллар йўқлиги сабабли айблов эълон қилинишидан қутулиб қолди.

Каримов ҳукуматидаги амалдорлар коррупцион даромад олиш учун сохта компаниялар тузиш мақсадида нега айнан Британия Виргин ороллари (БВО)ни маъқул кўришига жиддий сабаблар бор. БВО коррупциялашган давлат хизматчиларига корпоратив хизматлар етказиб берадиган жой сифатида машҳур. Tax Justice Network нега шундай эканига ойдинлик киритади: «Бунинг сири БВОдаги тартибдан келиб чиқади. Бу тартиб популистик, жуда мослашувчан бўлиб, компанияларни рўйхатга олишда ортиқча саволларсиз, ноҳалолликка кўз юмадиган ва фирма эгаларига юқори махфийликка эришиш ҳамда компанияларни тез ва камхаражат тарзда таъсис этиш учун сохта шахслар ортига яширинишга имкон беради».

Ушбу ношаффоф бизнес муҳити натижасида БВОда рўйхатга олинган компаниялардан «бутун дунё бўйлаб исталган жиноят ва суиистеъмолликларни яшириш ва енгиллаштириш» мақсадида фойдаланилади.

Бироқ Ўзбекистон ҳукуматидаги барча амалдорлар ҳам Британия Виргин оролларини танлайвермайди. Бирлашган Қироллик жиноятчиларга ўз фаолиятини юритиш имконини берадиган махфий юрисдикцияга эга яна қатор ҳудудларни ҳам назорат қилиб, мижозларга танлов в хилма-хилликни тақдим этади. Бу ҳудудларнинг ҳар бири турли аниқ эҳтиёжларга жавоб берадиган ўз ноёб тижорий жиҳатларига эга.

Масалан, президентнинг қизи Гулнора Каримова Британия назоратидаги Гибралтар ҳудудини маъқул кўради. АҚШ Адлия вазирлиги томонидан қўзғатилган ҳуқуқий мунозараларда Каримова Ўзбекистон бозорига кириш имкониятини қўлга киритишга интилаётган хорижий телекоммуникация компанияларидан пора тариқасида юзлаб миллион доллар олиш учун ишончли одамлар номига рўйхатга олинган «Swisdorn Limited» ва «Talikant Limited» номли сохта ширкатлардан фойдалангани таъкидланади.

Гулнора Каримованинг фаолияти анчагина улкан бўлган музтоғнинг кўриниб қолган бир қисми, холос. Бошқа кўплаб юқори мартабали давлат амалдорлари ва уларнинг оила аъзолари молиявий активлар ва дабдаба предметлари кўринишидаги ноқонуний бойлигини сақлаш учун оффшор тармоқлардан фойдаланиш билан боғлиқ коррупцион бизнесга алоқадордир.

Бу бизнесга тортилган ноқонуний маблағлар миллардлаб АҚШ доллари билан ўлчанади. Бу бойлик эса ўзбек болалари учун жаҳон андозаларига жавоб берувчи таълим тизимини ёки нуронийлар учун сифатли тиббий ёрдам тармоғини яратиш учун керагидан ҳам ортиқроқдир.

Гуноҳсиз кимсалар…

«Metal-Tech» билан боғлиқ арбитраж суд давомида Каримов ҳукумати ҳуқуқий ёрдам учун сезиларли харажатлар қилишига тўғри келди. Мазкур харажатлар 7.435.954,95 АҚШ долларини ташкил этди. Бу «Metal-Tech» ҳуқуқий хизматлар учун сарфлаган маблағдан қарийб етти баробар ортиқдир. Исроил компаниясининг бу хизматларга сарфлаган маблағи анча кам – 1.112.966,85 АҚШ долларидан иборат бўлди.

Каримов ҳукумати адвокати сифатида Вашингтоннинг «White&Case LLP» фирмаси иштирок этди. Бу фирманинг нуфузли ҳамкори эса «Ўзбекистондаги Америка савдо палатасининг таъсисчи аъзоси, айни пайтда унинг кенгаши раиси» Каролин Ламм ҳисобланади.

«White&Case LLP» «биз профессионал ахлоқнинг энг юқори стандартларига амал қиламиз ҳамда этика ва профессионал масъулият масалаларида ўз ҳуқуқшуносларимиз ва ходимларимиз билан доимий алоқадамиз ва уларнинг бу борадаги билимларини ошириб борамиз», дея таъкидлаб келади.

Арбитраж суддан Каримов ҳукуматининг қарийб 7,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган ҳуқуқий харажатларини қоплаб бериш сўралганда бу сўров рад этилди.

Арбитраж суд қарор қилди: «Суд инвесторнинг сармоя қабул қилувчи давлатга нисбатан ҳуқуқи, жумладан, арбитраждан фойдаланиш ҳуқуқи ҳимоя қилиниши мумкин эмаслиги, чунки сармоя киритиш ноқонуний фаолият, хусусан, коррупция билан аралашиб кетганини аниқлади. Шу маънода қонун қатъийдир ва бу адолатдандир. Бу ҳолатда инвестор ҳимоядан маҳрум бўлади ва сармоя қабул қилувчи давлат ҳар қандай эҳтимолий жавобгарликдан озод этилади».

Ҳакамлик суди ҳакамлари яна қайд этади: «Шунга қарамай, бу ҳолат давлат вазиятни (коррупцияни) яратишда иштирок этмаганини англатмайди, шу боис, даъвони қаноатлантирмасликка сабаб бўлади. Коррупция табиатига хос бўлган бу каби аралашув назарда тутилишининг ўзи томонлар харажатларни қоплашда иштирок этиши адолатли бўлишини англатади».

Оддий қилиб айтганда, суд Каримов ҳукумати жуда моҳирона режалаштирилган коррупцион келишувларнинг фаол иштирокчиси бўлган, деб ҳисоблади. Шунинг учун ҳукумат ўзига ҳариф томонидан ҳар қандай суд харажатларининг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас, деб ҳисоблади.

Хавфли муждами?

Суднинг бу қарори бутун дунёдаги коррупциялашган ҳукуматлар учун нимани англатади?

Кўриниб турибдики, халқаро инвестиявий шартномалар мавжудлигига қарамай, сармоядорларга пора таклиф этилган ҳолатда ҳукумат корхонани тортиб олгани учун жавобгарликдан қутулиб қолиши мумкин. Ҳамманинг «қўли ифлос» бўлган ҳолатда ҳеч ким адолат талаб қила олмайди.

Ушбу прецедентни ҳисобга олган ҳолда бутун дунёдаги суд органлари коррупционерлар ўз мижозларини жиноий фаолиятга жалб этиш йўли билан ўзларининг ноқонуний фаолияти учун жавобгарликдан қутулиб қолишига қарши бирлашиши ва курашиши лозимлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.

АҚШ Адлия вазирлиги жиноий фаолият қандайдир кўринишда ўз ваколати доирасида тушадиган бўлса, унинг иштирокчиларини жавобгарликка тортишга тайёр эканини намойиш этди. Буюк Британия ва Швйцария каби бошқа давлатлар эса анча қатъиятсиз бўлиб чиқди. Улар ўзларининг корпоратив ва молиявий хизматларидан фойдаланаётган мижозларни чўчитиб юборишни истамаётган бўлиши эҳтимол.

Маълум бўляптики, ҳамма ҳам қандайдир кўринишда коррупция наркотигидан манфаатдор. Ҳукумат бу хавфли одатидан воз кечмас экан, жиноятчи давлат хизматчиларининг жазодан қутулиб қолиши кафолатланаверади.

Бунинг жамиятга урадиган касофати улкан бўлади. Бойлик самарали сармоя ва ижтимоий хизматларга сарфланиш ўрнига коррупция кўринишида йўқ бўлиб кетса, у спекулятив сармоя, кўчма мулк, молиявий активлар ва пул ювиш бўйича бошқа одатий восита сифатида исроф қилинади. Бу молиявий оқимлардан, биринчи навбатда, ғарбдаги актив бозорлари, коррупциялашган давлат амалдорлари, шунингдек, кўпинча шубҳали оффшор ҳудудлар орқали фаолият юритувчи ва шу каби хизматлар билан шуғулланувчи тижорий фирмалар манфаат кўради.

Бу халқаро ноқонуний иқтисодиёт кам сонли элитанинг шоҳона ҳаёт тарзи кечиришига замин яратаётган бир пайтда кўпчилик оддий аҳоли ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш мақсадида маблағ топиш учун курашаётган бўлади. Агар коррупцияга, бойликлар тенг тақсимланмаслигига, ҳаёт даражасининг тушишига қарши курашиш йўлида ҳеч нарса қилинмаса ҳамда жамиятнинг ҳукуматга ишончи йўқолиши мавҳумлик, беқарорлик ва ҳуқуқсизликни янада чуқурлаштиради.

Коррупцион касалликнинг мазкур ижтимоий симптомлари бу дегенератив дарддан азият чекаётган мамлакатларни иқтисодий ва сиёсий стагнация сари етаклайди ҳамда уларни қарамлик ва геосиёсий заифлик ҳолатига солиб қўяди. Яъники, коррупциянинг баҳоси бизнинг суверенитетимиз ҳамда ҳаммамизнинг эркин ва мустақил яшаш имкониятимиз чекланишига сабаб бўладиган муҳим омилдан бошқа нарса эмас.

Мақола Инвестициявий келишмовчиликларни ҳал этиш халқаро марказининг «Metal-Tech LTD Ўзбекистонга қарши” иши бўйича ҳужжатларини ўрганиш асосида тайёрланган

Мурод Шокир
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 май 2019
Магнитни биринчи марта ушлаб кўрганимда, бир томони тортиши ва яна бир томони ўзидан итаришини ўзим учун кашф қилган эдим. ...
9 январ 2018
Мирзиёевнинг масжидларда кино кўрсатиш ташаббуси имомлар томонидан қўллаб-қувватланаётганини «Элтуз» манбалари тасдиқлади. «Масжидларда ҳам буни қўйса бўлади. Раҳмат, шу ерга ...
2 феврал 2019
Ўн саккиз йилдан ортиқ Ўзбекистоннинг Жаслиқ қамоқхонасида қолаётган 44 ёшли сиёсий маҳкум Искандар Худойбергановнинг аҳволи ўта оғирлашган. Бу ҳақда ...
11 март 2023
1990 йилнинг 11 мартида Литва парламенти давлат мустақиллиги тиклангани ҳақидаги актни тасдиқлади. 80-йилларда Болтиқбўйи мамлакатларида бошланган миллий озодлик ҳаракатлари ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...