ART-DURBIN
17 феврал 2020

Бўлсам ёрла тўшакда, партиям, сен юракда!

rasm3045

Ёз келди, тугади қиш,
Партиямга минг олқиш!
Мўридан ўрлар тутун,
Партиям борлигичун!
Тонг отиб ёришди кун,
Партиядан биз мамнун!
Жумадан сўнг келди шанба,
Партиям сабаб, манба!
Шанба ўтди, дам олиш,
Партиямга минг олқиш!
Кислород бор, ҳойнаҳой,
Партиям меҳрга бой!
Оқ кўкракли дилдорим
Берган ҳам ҳукмдорим.
Бўлсам ёрла тўшакда,
Партиям, сен юракда!

Сталин даврига бағишланган мазкур саркастик мисраларни ўқиб, бу ўтмишда бўлган, дея табассум қилардик. Гўëки шахсга сиғиниш даври билан аллақачон хайр-хўш қилгандик. Аммо ўзбек президенти ўлар экан, унга аталган кўз ëшли алëрлар, марсия ва мадҳияларни эшитиб, миллат ҳануз ўша ботқоқда экан, дея ғамгин бўлдим.

rasm3047

Мамлакат касал, касал бўлганда ҳам жиддий касал.

Маҳаллий аҳолининг оҳ-воҳли фарëдлари ва ўзбек матбуотининг пафосли репортажларини кўриб, совет ўтмиши билан параллеллар қурдим. Каримовнинг бирдан ўлгани “журналист” ва ташвиқотчиларни қисқа муддатда фалаж қилди ëки улар ичи қотиб, ҳожатга чиқа олмайдиган ҳолатда бўлишди. Улар бутун бир ҳафта давомида оғизларида қатиқ ивитиб, юқоридан изн келгунига қадар жим ўтиришди. Уларнинг оғзидан «президент аҳволи» ҳақида бир оғиз гап чиқмади. Улар бир сатр жумла ҳам ëза олишмади. Кейин махсус хизмат дея аталган МХХдаги кураторлар уларга қарата: “Эркин фикрли матбуот ва журналистларга қараб вовулланг”, дея буйруқ берди. Улар алоҳида иштаҳа ва ғайрат билан эгаларининг буйруқларини адо қилишди. Энг садоқатли, зотдор този итлар ҳам ҳавас қиладиган вафодорлик намунасини кўрсатишди.

Каримовнинг кутилмаган ўлими қисқа бир вақт давомида бекитилгани, давлат «журналистлари»ни мулзам қилди, улар «юқори»нинг изнисиз президент ҳолати ҳақида бир сатр ҳам ёза олмадилар.

rasm3044

Айни ҳол чет эл медиасидаги истеҳзоли мақолаларга мавзу бўлди. Дунë кўзи ўнгида Ўзбекистонни ҳазил-мазахга айлантирган ташвиқотчилар “Каримов тинчлиги” деган пластинкани айлантириб, ëввойи васвасанинг нодир намуналарини намойиш қилишди. Бу васваса, айниқса, ижтимоий тармоқларда режим парваришидаги “блоггер”лар тарафидан урчитилди.

“Биз бунга йўл қўймаймиз! Ватангадо душманларга йўл йўқ! Шоқоллар! Империализм ва Ғарб давлатларига ëлланганлар! Халқ душманлари! Улар бизнинг фаровонлигимизни кўра олмайди! Жамият чиябўрилари!»

Сталин даврида қолиб кетган, нафталин ифорли бу тахлит чақириқларни бугунги кунда эшитиш кулгили ва аламли!

Асосан қашшоқ ҳаëт кечирадиган Ўзбекистон аҳолисининг аксари, бу маърака режиссёри ғоясига кўра, патриотик экстаз ҳамда васвасада якдил бўлмоғи лозим. Айнан шу ҳолатда улар ҳокимиятнинг навбатдаги ҳаракатини лиқ этиб юта олади.

Улар аллақачон Сенат раиси ўрнига Бош вазир вақтинча президент қилингани билан боғлиқ конституциянинг қўпол бузилишини ëғдай ютишди.

Иккинчи президент сайлови 4 декабрга белгиланди. Олдимиздаги 3 ойда аҳолининг патриотик васваса кайфиятини янада хуруж олдириш учун тайëргарлик кучайтирилди. 2016 йилнинг сентябри ўзбеклар оммаси (тўдаси) янги мустабид тиранни улуғлаш учун овозини созламоқда.

Бизнинг ўлкамиз ўтган асрнинг 30-йилларидаги шахсга сиғинишнинг сассиқ ботқоғидан чиқмаган ҳолда “барқарор” турибди.

Акмал Ризаев
Ўзбекистонлик муаллиф тахаллуси, 
Фотографиялар: Россия кинофотоҳужжатлар давлат архивидан, 1936
Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 март 2022
Таниқли америкалик рус иқтисодчисининг башоратлари.Тез орада россияликлар кундалик эҳтиёж моллар танқислигига рўбарў бўла бошлашади.Россия иқтисодиёти жаҳон савдосига қаттиқ мослашган. ...
22 феврал 2019
Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев «Элтуз»га берган интервьюсида шаҳар ҳокимлиги унга қарши даъво аризаси билан фуқаролик судига мурожаат қилгани ...
4 феврал 2019
Тадбиркорликни ҳимоя қилиш шиорини кўтариб олган амалдорлар аслида ишбилармонларнинг саъй-ҳаракатларига энг катта тўсиқ бўлиб қолаётир. Хоразмда ўзи хон, кўланкаси ...
15 январ 2016
Элтуз электрон почтасига келиб тушган хабарга кўра, бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг эркатой куёвлари Ойбек ва Отабеклар пули кўплигидан керилишмоқда. ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...