Асосий мавзулар
3 октябр 2016

Сайлов бор, кўрсатувлар йўқ

Ўзбекистон телеканаллари сентябрь ойини йиғи-сиғи билан бошлаб, байрамона кайфиятда тугатди. Президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан совет даврига хос мотам билан иш бошлаган ўзбек телеканаллари ой охирида ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан улар шаънига мадҳлар ва куй-қўшиқлардан иборат дастурларни намойиш этди.

Каримовхонлик кўрсатувлари

rasm1835Ислом Каримовнинг вафоти ўзбек ТВларини бир муддат карахт ҳолатга тушириб қўйди. Унинг шаънига мадҳия ўқишни давом эттириш керакми ёки йўқми, деган масала ўз ечимини топиши учун вақт керак бўлди шекилли.

Хуллас, ой бошида ўзбек телеканаллари тўлиқ совет даврига қайтгандек таассурот қолдирди. Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилингани муносабати билан барча телеканаллар фақат мумтоз куйларни эфирга узатиш билан банд бўлди. Аҳоли улардан ахборотлар олиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлди ўша кунлар.

Мотамдан сўнг ТВларнинг яна тили чиқди. Чиққанда ҳам янгича усулда чиқди. Энди уларда каримовхонлик бошланди.

Биз навоийхонлик, бобурхонлик, машрабхонлик, ҳамзахонлик каби тадбирларга кўп дуч келганмиз. Совет даврида бундай кечалар кўп ўтказиларди. Телевизорда ҳам уларнинг асарлари ўқиб берилар, одамлар ёқса-ёқмаса уларни тинглашга мажбур бўларди. Чунки бошқа қизиқарли кўрсатувлар йўқ эди-да.

Сентябрь ойида мана шу «хон»ликлар қаторига каримовхонлик кечалари ҳам қўшилди. Ким ўйлаб топган билмадик-ку, бу кутилмаган янгилик бўлди. Чунки ўлган давлат раҳбарининг асарлари телевидение орқали ўқиб берилиши ҳодисасига кўпчилик дуч келмаган шу вақтгача. Балки Туркманистонда ёки Шимолий Кореяда телеканаллар яна шундай туркманбошихонлик ёки ким ир сенхонлик кечалари ўтказгандир, аммо бундан хабаримиз йўқ.

Ўтган ойда телевидение дикторлари, таниқли актёрлар Каримовнинг «фалсафий, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий қарашлари» акс этган асарларидан парчалар ўқий бошлади. Уларда янги гап топиш қийин. Чунки ҳали «подшо» тирик даврида ҳам кўрсатувлар шу асарлардан олинган иқтибослар билан тўлиб-тошарди. Биз пахтақўярларнинг бундай чиқишларига ўрганиб ҳам қолгандек.

Лекин ўлган одамнинг, яна кечагина бутун Ўзбекистонни титратиб турган марҳам «буюк давлат арбоби»нинг асарларини энди унинг ўзи дорилбақога кетганида эшитиш барибир бошқача бўлар экан.

Шарпанинг моддийлашуви

rasm1948
Ўзбекистондаги сўнгги ойдаги вазият мана шу мультфильм воқеаларига ўхшаб кетади…

Руслар ишлаган ажойиб мультфильм бор. Ўғлон ва бўри ҳақидаги бу мультфильмни катталар ҳам мириқиб кўради. Учтами-тўртта алоҳида қисмлардан иборат шу фильмнинг қайсидир қисми сценарийси шарпанинг моддийлашиб, подшоликни ўз қўлига олишга интилиши воқеаси асосида қурилган.

Шарпа тўлин ой чиққан куни подшо хазинасида сақланаётган шляпани кийса, у моддийлашади ва дуч келган кишининг жонини сўриб олиш орқали тобора кучга тўлиб боради. Энг қизиғи, шарпага ўз мақсадига эришишида подшонинг бош вазири ёрдам беради.

Ўзбекистондаги сўнгги ойдаги вазият мана шу мультфильм воқеаларига айнан бўлмаса-да, бир қадар ўхшаб кетади. Юртбоши ўлгандан кейин унинг вазифасини бажаришга киришган бош вазир бугун тобора кучга тўлиб бормоқда.

Ҳақиқатан ҳам бир вақтлар бош вазир шарпадек эди. Кўпчилик қарийб 15 йил давомида мамлакат ҳукуматини бошқариб келаётган бу шахснинг ҳатто расмини ҳам кўрмагани бор гап.

Шу йиллар давомида телевидение ҳукуматнинг ўнлаб мажлислари, йиғилишлари тўғрисида кўрсатувларни эфирга узатди. Лекин бирортасида бош вазир аниқ-тиниқ, алоҳида кўрсатилиб, унинг гаплари томошабинларга ўз оғзидан етказилгани йўқ.

Аммо Каримовнинг вафоти бу шарпани гўёки моддийлаштирди. Сўнгги вақтларда телеканалларимиз кунда бўлмаса, кун ора президент вазифасини бажарувчи бош вазирнинг қаерга боргани, нима иш қилгани, кимлар билан учрашгани ҳақида кўрсатувларни эфирга узатмоқда.

Бу кўрсатувларни кўриб, бир нарсага эътибор қаратиш мумкин. Ҳозирча бош вазир марҳум президентга ўхшаб халққа яқин эканини кўрсатишга жон-жаҳди билан уринмоқда. Балки бундан мақсад Каримовнинг обрўси соясида қудратга тўлиш бўлса не ажаб.

Телеканаллар муваққат президентнинг жойлардаги учрашувларидан лавҳаларни эфирга узатар экан, бир жиҳатга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Яъни у ҳар ерда бир вақтлар Каримов тилидан тушмаган мавзуга – тинчлик-осойишталикни сақлаш биринчи галдаги вазифа эканига урғу беряпти. Бу вазифа тилга олингандан кейин эса гап яна «қўлга киритилган улкан ютуқларимиз», «уларни янада кўпайтириш», «президент белгилаб берган йўлдан асло қайтмаслик» мавзулари билан давом этяпти.

Сайлов имитацияси

rasm1890
Президентликка сайловлар номигагина муқобил…

Ўзбекистон ўз замонавий тарихининг яна бир муҳим даврида турибди. Узоқ йиллар мамлакатни яккаҳокимлик, қаттиққўллик билан бошқарган президентнинг кутилмаган вафоти ортидан янги давлат раҳбарини сайлаш зарурати ўртага чиқди.

Аммо аслида бу жараённинг энг фаол иштирокчиси бўлиши лозим бўлган Ўзбекистон телеканаллари ҳозир фақат бу борадаги расмий ахборотларни эфирга узатиш билан банд.

Балки бу ҳали сайлов кампанияси фаол босқичга ўтмагани учун шундайдир, деб ўйларсиз. Аввалги сайловларни ёритиш, бу мавзуда таҳлилий кўрсатувлар тайёрлаш тажрибасидан келиб чиқилса, ўзбек телеканалларининг ўзини бундай тутаётганида ҳеч қандай янгилик йўқ.

Бўлажак сайлов мамлакат тақдири учун ўта муҳим эканини ҳисобга олсак, аслида телеканаллар ҳозирданоқ бу борада ўта фаол бўлиши лозим эди. Афсуски, яна ўша эски тешик тоғора…

Ўзбек телеканалларининг бош сиёсий ток-шоуси бўлган «Муносабат» кўрсатуви ҳам, унинг бошловчиси Қуддус Аъзамов ҳам сайлов мавзусига келганда ҳали ҳам мум тишлаб ўтирибди. Бундан хулоса шуки, ёки Қундуз амакини ток уриб карахт қилиб қўйган, ёки шу пайтгача унга сайлов тўғрисида гапиришга рухсат беришмаган.

Мустақиллик байрами арафасида Қ.Аъзамов ўз кўрсатувларига сиёсий партиялар вакилларини таклиф этиб, «эришилган ютуқлар», «партиялар томонидан демократик, ҳуқуқий давлат қуриш йўлида президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган улкан ишлар» ҳақида лоф урган эди.

Бугун эса бош ток-шоу яна эски мавзуларда гапхонлик қилиш билан банд. Яна ўша мадҳиябозлик, пахта қўйиш…

Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 декабр 2017
1 декабр куни Ўзбекистон фуқаролик жамияти ташкилотлари – Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси ва Ўзбек-герман инсон ҳуқуқлари форуми Вашингтонда ...
1 сентябр 2016
Миясига қон қуюлгани айтилган Ислом Каримовнинг туғилган уйидан 100 метр наридаги Чорраха масжиди бўладиган муҳим тадбир – дафн маросими ...
7 феврал 2017
«Адолат кўзгуси» газетаси анча вақтлардан буён пенсияси ёки нафақа пуллари ўзларининг розилигисиз пластик карточкага ўтказиб берилаётгани, бу эса турли ...
26 июн 2018
Сил касаллиги ташхиси билан «Сангород»га этап қилинган Муҳаммад Бекжон ўзининг соппа-соғ эканини эътироф этишига қарамай, даволовчи врач унга 10 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...