Асосий мавзулар
21 октябр 2016

Журналистлар сайловни қандай ёритишга ўргатилмоқда

«Халқ сўзи» газетаси (19.10) Ўзбекистонда 4 декабрда бўлиб ўтадиган президент сайлови кампаниясида иштирок этаётган журналистлар учун амалий семинар ўтказилгани тўғрисида хабар берди.

Мақола Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов «раҳнамолигида мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида демократик стандартларга тўла мос бўлган сайлов тизими яратилгани»ни иддао қилиш билан бошланади.

Кейин эса сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича қабул қилинган тадбирлар дастурини амалга оширишда иштирок этаётган ташкилотлар номи санаб ўтилади. Улар орасида ҳукуматнинг айтганидан бир қадам ҳам чиқмайдиган Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» фонди кабилар бор.

Демак, улар сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ҳукмрон доира манфаатларига мослаб юксалтиради, оддийроқ айтганда, маъмурий ресурс вазифасини бажаради, деган хулоса учун замин бордек назаримизда.

Шунингдек, мақолада сайлов кампанияси бошлангандан бери Ўзбекистон ОАВда 4,5 мингга яқин материал эълон қилингани, Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий ОАВнинг 500 дан ортиқ вакили аккредитациядан ўтказилгани билдирилган.

Биз ҳам баҳоли қудрат ОАВдаги сайлов билан боғлиқ материалларни кузатиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Эътиборли жиҳати шуки, улар деярли бир хил мазмунда бўлиб, президентликка номзодлар ҳақида (фақат «энг муносиб номзод»дан ташқари, албатта) бирор янги гап топа олмайсиз.

Сайловолди кампанияси деб кўп ёзилаётган бўлса-да, бечора партиялар ўз номзодларини (яна ўша битта «энг муносиб номзод»дан бошқалари ҳақида гап бормоқда) очиқ-ойдин тарғибот-ташвиқот қилишга кимдандир ҳайиқаётгандек таассурот уйғонмоқда.

Бу ёқда сайловни ёритишга ўргатилаётган журналистлар эса «демократик сайлов тизимимиз»ни мақташдан нарига ўта олмаяпти. Балки масъуллар уларни фақат шу нарсага ўргатаётгандир фақат. Яна ким билади дейсиз…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 декабр 2017
14 декабрь куни таниқли фоторассом Умида Аҳмедова ўзининг фейсбук саҳифасида бузилаётган Киночилар уйи ҳаробаларини суратга олишга боргани ҳақида ёзди: ...
1 август 2017
Июль ойида Ўзбекистон телевидениеси ҳаётида рўй берган энг муҳим ҳодиса, шубҳасиз, «Ўзбекистон 24» телеканалининг фаолият бошлагани бўлди. Гарчи мамлакат ...
26 октябр 2015
Қудрат Бобожон Eltuz.com Ижтимоий тармоқда жавлон ураётган дўстларимдан бири ёзғириб қолди. “Группамда роса “тролл” кўпайибди, иккиюзтачасини “блок” қилдим!” Бир ...
26 март 2019
Ўзбекистонлик шоир, 56 яшар Маҳмуд Ражаб 26 март куни эрталаб 8.30 ларда Гуржистоннинг Тифлис шаҳридан қайтаётганида Тошкент аэропортида ўзбек ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...