Асосий мавзулар
18 ноябр 2016

Абдулла Орипов номи норасмий тақиқда эканига асос бор…ми?

Абдулла Ориповнинг вафоти халқимизнинг севимли шоири сўнгги вақтларда норасмий тақиқ остида яшагани, бундан бир қанча вақт илгари «Озодлик» радиоси орқали чиқишида бекорга «Машраб осилганда жим ўтирган бу халқдан яна нимани кутиш мумкин?» қабилида ёзғирмаганини кўрсатиб берди.

Биз бу гапларни ичимиздан тўқиб ёзаётганимиз йўқ. Расмий нашрларни кузатиб шундай хулосага келдик. Бунинг учун етарли асосларни маҳаллий матбуотнинг ўзидан олдик.

Шоир вафотидан буён деярли икки ҳафта ўтди. Интернетдаги сайтларда унинг вафоти муносабати билан ўнлаб хотиралар, марсиялар чоп этилди. Ўзини адабиётга дахлдор билган кўпчилик бу ғамни интернет орқали бошқалар билан баҳам кўрди.

Аммо расмий матбуот тўғрисида бундай деб бўлмайди. Уларни кузатиш чоғида эътиборни тортадиган биринчи жиҳат расмий таъзиянинг кечиккани бўлди. Расмий таъзия шоир вафотидан нақ бир ҳафта ўтиб чоп этилди (интернет сайтларда 6 кун ўтиб).

Баъзилар ҳатто нега ҳукуматнинг расмий таъзияси эълон қилинмаяпти, дея ҳақли равишда бир-бирига савол ҳам берганига гувоҳмиз.

Балки буни дафн маросимининг объектив сабабларга кўра кечикканига боғлаш мумкиндир. Ҳар ҳолда давлатнинг биз билмайдиган расмий тартиб-таомили шуни талаб этар. Бироқ оддий халқ буни қандай тушунсин?

Иккинчи жиҳатни эса «Ўзбекистон адабиёт ва санъати» газетасидан қидирдик. Бу нашр аслида ўзбек адабиёти ва санъати вакилларининг минбари вазифасини бажариш учун ташкил этилган.

Севимли шоирнинг вафотидан бир ҳафта ўтиб (газета ҳафтада бир марта чоп этилади) унда Абдулла Орипов вафоти сабаб расмий таъзиядан бошқа бир сатр ёднома жойлаштириш учун ҳам жой топилмади.

«Буюк шоир» деймиз, «Ўзбекистон мадҳияси муаллифи» деймиз, шундай одам ҳаққига газетадан бир оғиз яхши хотира учун жой топилмаса-я!

«Шахсан бош вазиримизнинг ўзи жанозада қўл боғлаб турдилар, бу адабиётимизга кўрсатиган эҳтиром белгиси», дея интернетни тўлдираётган маҳаллий шоир ва ёзувчиларнинг А.Орипов тўғрисидаги хотиралари йўқмиди?

«Юзлаб йилларда бир туғиладиган даҳо» ҳақида Ёзувчилар уюшмаси аталмиш салтанатда бугун ҳукм юргизаётган «шоҳу вазирлар»нинг шоирга аталган икки оғиз ёдномаси йўқмидики уни ўзи муассис бўлган газетада бостира олмаса?

Шундай шоир учун газетанинг бутун бир сонини бағишласа ҳам бўларди-ку? Нега унда расмий нашрлар, хусусан, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» оғзига мум тишлаб ўтирибди?

Аслида, бизнинг назаримизда, Абдулла Орипов хотирасига айтилмоқчи бўлган гаплар, ёдномаю марсиялар жуда кўп. Буни интернет сайтларидаги фаолликдан ҳам кўрдик.

Демак, ҳамма гап сиёсатда. Таъзиясида давлатнинг деярли барча раҳбарлари иштирок этган, дафн маросими ҳукумат даражасида ташкил этилган шоир вафоти муносабати билан маҳаллий матбуотда расмий таъзиядан бошқа ҳеч нарса эълон қилинмаса, яна қандай хулосага келиш мумкин?!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 июл 2022
Элтуз порталига келган навбатдаги бешта шикоятнинг дастлабкиси бўйнида 38 миллиард доллардан ошиқ ташқи қарзи бор мамлакатнинг қимматбаҳо машиналар минаётган ...
25 март 2022
Мамлакат мустақиллиги, эрк ва озодлик туйғуси озгина бўлса ҳам ичида борлар билан суҳбат қураëтганимга ишонаман. Улар балки минг, балки ...
19 август 2022
Бугун 19 август тарихий кун. 1991 йилнинг айнан 19 августида Ўзбекистоннинг мустақил бўлиши учун Москвада замин хозирланган кун. Ўша ...
6 ноябр 2019
Яқинда “Шарқ зиёкори” китоб дўконидан улуғ рус ёзувчиси Лев Толстойнинг “Жахон бестселлерлари” ( аслида “жаҳон” бўлиши керак) туркуми остида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...