Асосий мавзулар
25 ноябр 2016

Каримов даври тарихий шахсларга адолатли эдими?

Сўнгги кунларда Ўзбекистон президентлигига номзодлар вилоятларга сайр қилиб, сайловчилар билан учрашувларни авж олдириб юборди. Бу учрашувларда эса улар қўлидан келадиган, келмайдиган ишлар ҳақида қоп-қоп гапирмоқда.

Биттаси Қорақалпоғистонга бориб, экологиясини яхшилаб беришни ваъда қилса, бошқаси Хоразмга бориб, мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантириш ҳақида фалсафа сўқиб келяпти.

«Халқ сўзи» газетаси номзодларнинг сайловолди учрашувлари тўғрисида ёзар экан, «сиёсий хато»га йўл қўйиб қўйишдан қўрққанидан бўлса керак, Шавкат Мирзиёевнинг учрашувларини ёритишда фақат ЎзАнинг материалларига таянмоқда. Бошқа номзодлар учрашувлари ҳақида бемалол ўз мухбирларининг мақолалари орқали хабар бериб ётибди.

Аввал ҳам бир эслатгандик, Ш. Мирзиёев марҳум президент Ислом Каримовнинг номидан фойдаланиш ҳуқуқини хусусийлаштириб олган кўринади. Унинг учрашувлари ҳақидаги барча мақолаларда биринчи президентнинг номи бор, бошқа номзодлар эса ҳатто марҳумни эслаб ҳам қўймаяпти.

Яна бир жиҳат шуки, бу учрашувларни ёритишда Ўзбекистонда фаолият юритадиган норасмий интернет сайтлари жудаям эмас-ку, аммо бирмунча эркин экани кўриняпти. Масалан, «Кун.ўз» сайти Ш.Мирзиёевнинг Жиззахдаги учрашувига бағишланган мақоласида муваққат президент Ўзбекистонни узоқ йиллар бошқарган арбоби Шароф Рашидов номини тилга олиб, совет даврида унинг хотирасига беҳурматлик қилингани ҳақида гапирганини ёзди. Ҳолбуки, ЎзАнинг худди шу мавзудаги мақоласида бу ҳақда бирорта ҳам сўз йўқ эди.

«ЎзЛиДеп номзоди “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик” нақлига амал қилган ҳолда собиқ Иттифоқ тузумида Ўзбекистонда кўпчилик олиму-фузалолар, юртнинг энг сара фарзандлари, давлат арбобларига нисбатан, гарчи улар ўзлари яшаган тузумга хизмат қилган бўлса-да, адолатсизлик қилингани ҳақида куюнчаклик билан сўз юритди.

Хусусан, шундай тарихий шахслардан бири Шароф Рашидов бўлиб, у ўз халқига ва собиқ тузумга садоқат билан хизмат қилганига қарамай, вафот этганидан сўнг унинг қабри кўчирилгани, хотираси беҳурмат қилингани, оила аъзолари таҳқирланганини таъкидлади», деб ёзди «Кун.ўз»

Шу билан бирга, мазкур сайт Ш.Мирзиёев «Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан ёзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидов номи оқланганини қайд этгани»ни ҳам маълум қилган.

Бош вазир келгуси йили Шароф Рашидов таваллудининг юз йиллигини бутун мамлакат бўйлаб кенг миқёсда нишонлаш, ўзи туғилиб ўсган Жиззах туманига унинг номини бериш ва ёдгорлик мажмуаси барпо этиш мақсадга мувофиқлигини ҳам айтибди.

Албатта, халқимиз ҳаётида ўзига хос ижобий из қолдирган тарихий шахсларнинг хотирасига ҳурмат билан қараш мақтовга сазовор. Аммо яқин тарихдаги, яъни Каримов давридаги айрим ҳолатларни эслаб, Ш.Мирзиёевнинг Ш.Рашидов баҳона айтган гаплари носамимий эмасмикин, деган хавотир келади кўнгилга.

Чунки генерал Собир Раҳимов, давлат арбоби Акмал Икромов, шоир Ҳамзанинг номи қатағон қилингани, уруш йиллари 14 та етим болани ўз бағрига олиб, одамийликнинг буюк тимсолига айланган Шомаҳмудовлар ҳайкали пойтахтнинг қаровсиз бир четига чиқариб ташлангани ана шундай хавотирга асос бўлади.

Ахир бу пайтда ҳам Ш.Мирзиёев ҳукумат тепасида ўтирганди-ку. Балки у ўз раҳнамосининг сўзидан чиқа олмай, гарчи бу хатти-ҳаракатларни маъқулламаса ҳам жим ўтирдимикин?! Энди бу хатоларни тузатиш йўлини тутармикин?…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 октябр 2020
Президентнинг куëвлари бир-бири билан низолашмоқда. Президентнинг хотини Зироат Ҳошимова эса Иноятов назоратида. Бу иддаолар устига қурилган тахминлар бугунги кўрсатувда. ...
5 июн 2017
«Ўзбекконцерт» бирлашмасида президент девонидан келган вакил иштирокида ўтказилган шошилинч йиғилишда ижтимоий тармоқда пайдо бўлган “Султонимиз омон бўлсин!” қўшиғи кескин ...
6 феврал 2016
Ҳар бир ўқув йили, чораги Ўзбекистон мактабларининг эски анъанаси бўлган макулатура, темир-терсак, обуна, турли жамғармалардан ташқари, туғилган кун, арча, ...
27 ноябр 2017
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент «Шаршара» савдо белгиси остидаги колбасалар эшак гўшти қўшилган ҳолда савдога чиқарилишининг олдини олганини маълум қилди. ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...