Асосий мавзулар
20 феврал 2017

Андижонда ўтин йўқлиги учун сумалак дўкондан сотиб олинмоқда

Андижондаги тижорат дўконларида одатда одамлар баҳор пайти уйда пиширадиган сумалак сотила бошланди. Баъзи одамлар бу таомни сотиб олиш имкони пайдо бўлганидан хурсанд бўлишса, баъзилар одатда ҳадя сифатида улашиладиган таомнинг тижорат менюсидан ўрин олганидан ҳайрон.

Андижонлик аëл Элтуз мухбири билан суҳбатда кейинги пайтларда сумалак пиширадиган хонадонлар камайиб кетганлигини айтади:
– Мана 3 йилдирки, сумалак тайёрламаймиз. Чунки сумалакка жуда кўп ўтин кетади. Бизда эса ёқишга чўп ҳам қолмаган, – дейди Г.Ҳасанова. – Айниқса бу йил жуда қийналдик.Газ йўқ, свет йўқ. Ҳатто ёқишга нарса қолмаганидан болаларнинг эски ботинка, калишларини ҳам ёқиб юбордик.
Ўтин-кўмир аллақачон тугаган.

Етишмовчилик сумалак бизнесига доя бўлди

Шифокорларнинг таъкидлашларича, буғдой донини ундириб тайёрланадиган бу таом “илик узилди” пайтида организмни дармондориларга тўйинтиради.

Шунинг учун уни баҳорда истеъмол қилиш жуда фойдали экани айтилади.

Бироқ бугунги кундаги шароитлар сабаб сумалак пишириш ҳам аста-секин камаймоқда.

  • Сумалакни бир сутка давомида пишириш керак. – дейди кекса ёшли момо Т.Обидова. – Тагидан тўхтовсиз ўт ёқиб турилади. Бир қозон сумалак тайёрлаш учун 100 минг сўмга яқин ҳаражат қилинади. Бундан ташқари бир мошина ўтин кетади. Ўзи қишдан зўрға чиқиб олган одамлар сумалакка ўтинни қаердан топсин. Шунинг учун ҳам магазиндан тайёрини олиб қўя қолаяпмиз. Пиширгандан арзон тушаяпти.

Андижон шаҳрида яшовчи Х.С. мана бир неча йилдирки оиласи билан сумалак бизнесини йўлга қўйган. У январнинг охириданоқ буғдой ундиришни бошлайди. Кунора сумалак тайёрлаб уни дўконларга тарқатади.

Х. сумалакни бир марта ишлатиладиган пластик идишлар ва шиша бутилкаларга қадоқлайди.

  • Махаллаларда кўпчилик халфана қилиб (шевада халфана “ўртада пул йиғиш” маъносида келади) сумалак тайёрлашади, аммо битта оила ўзи учун атай сумалак пиширмайди. – дейди Х.С. – Биринчидан молиявий шароит, иккинчидан, кўп вақт ва кенг жой керак. Буғдойни ундиришгаям бир хафта вақт кетади.Шунинг учун баҳор арафасида аҳоли дастурхонига бу шифобахш неъматни етказиб беришни хоҳладик. Тўғри, бу мавсумий даромад. Бироқ биз буни фақат даромад топиш учунгина қилаётганимиз йўқ. Сумалак пишириш ҳам бир эҳсон ҳисобланади.

Сумалакни сотиш мумкинми?

Дўконларда бир литр сумалакнинг нархи 12 минг сўмни ташкил этмоқда. Бир пиёла сумалак нархи эса 4 минг сўм. Сотувчиларнинг айтишларича, табиий тоза маҳсулот жуда харидоргир бўлиб улгурган, шу сабаб бу бизнес эгаларининг ҳозирча қўли-қўлига тегмаяпти. Гарчи уларнинг ўзи буни унча даромадли бизнес деб ҳисобламасада, сотувчилар бир қозон сумалакдан энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида фойда қолиши мумкинлигини айтишмоқда.Ўзбекистонда эса энг кам ойлик иш ҳақи – ойига 149 775 сўм.

Кўпни кўрган андижонлик муаллима Муножот опадан “Сумалакни сотиш мумкин эмас” деган ирим сабабини ҳам сўрадик:

  • Муқаддас саналгани сабаб, халқ орасида “сумалакни сотиб бўлмайди”, деган иримлар юрарди, аммо ҳозирги замонда ҳамма нарсани сотиш мумкин бўпқолди, – дейди ўқитувчи Муножот Ҳакимова. – Агар савоб учун бўлса, сумалакни сотиш эмас, бепул тарқатиш керак. Аммо тирикчилик шунга мажбур қилган бўлса, нимаям дея оласиз? Ҳарқалай одамлар ҳам бундан наф кўришяпти-ку.

Отини дерлар сумалак

Ишбилармон Х.С. нинг таъкидлашича, сумалакни консервалаш орқали исталган муддатгача сақлаш мумкин. Бунинг учун таомни қайноқ ҳолда шиша банкаларга ёпиш кифоя. Шунда сумалакни йилнинг исталган фаслида ҳам ейиш мумкин.

Дарвоқе, шу орқали одамлар хориждаги яқинлари учун сумалак сақлаб қўйиш имконига ҳам эга бўлади. 19-асрда яшаб ижод қилган шоир Махмур Қишлоқ аҳлининг оч-яланғоч ҳаёти, ўлкани қуршаган вайронагарчилик, харобазорларга айланган қишлокларнинг аянчли манзараси «Ҳапалак» сатирасида сумалакни йўқсиллар овқати дея ëзган эди.

Ажириғ томирини ўғурида майда туюб,
Қайнатиб кунда ичар, отини дерлар сумалак…

Шоҳида Саидова
Андижонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Eltuz.com
Тағин ўқинг
11 декабр 2017
5 декабрда Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўлими ва уларнинг ўлдирилиши ҳолатлари кўпайиши тенденцияси мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳисоботини ...
9 июн 2020
“Uzauto Motors”нинг Асакадаги заводида автобуслар гаражида навбатчи механик бўлиб ишлаган, икки ўғилнинг отаси, 53 ёшли Аҳрорбек Сайфиддинов кўричакнинг зўрайиши ...
4 феврал 2024
2019 йил Юсуф Хос Ҳожибнинг 1000 йиллиги, «Қутадғу билиг»нинг 950 йиллиги Қозоғистон ва Туркия ташаббуси билан ЮНЕСКО томонидан дунёда ...
1 август 2023
Сўнгги ўқув йили давомида умумтаълим мактабларининг педагогларига 50 фоиз устама имтиёзи берадиган APTIS (British Council Aptis) имтиҳонларининг 1 августдан ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...