Асосий мавзулар
31 март 2017

Тошкентлик имом эркак гинекологларга қарши чиқди

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов
Юнусобод туман имом хатиби

Тошкентдаги «Мирза Юсуф» масжиди имом хотиби, 42 ёшли, Раҳматуллоҳ Сайфуддиновнинг эркакларнинг доялик қилишига қарши тарғиботи ижтимоий тармоқда ва турли сайтларда зиддиятли фикрларга сабаб бўлди. (Фото: generation.uz)

“Бу шармандачиликка мустабид тузум даврида мубтало бўлганимиз етади. У пайтлар кўпгина қадриятларимиз оёқости қилинган, қадримиз топталган давр эди. Бу ишлар бизнинг ихтиёримизда эмасди, шунинг учун эркак кишининг доя бўлишига оддий нарса деб қаралди, аёллар орасида эса эркакнинг қўли енгил бўлар экан, деган гап ҳам тарқаб, эркак дояларга мухлислик кўпайди”, дея ёзди hilol.uz Раҳматуллоҳ Сайфуддиновнинг фикрларидан иқтибос келтириб.

Ўзбек имоми кўтарган бу мавзу юзасидан Элтуз мухбири бир қанча ўзбек фаоллари фикрини ўрганди.

Гинекология билан имомлар шуғулланмагани маъқул

Ҳуқуқшуносликдан таҳсил олаётган, канадалик Дилсора Фозилова масжид имомининг фикрига мутлақо қўшилмаслигини билдиради.

“Шифокорлик улуғ ва машаққатли касб. Уни ҳар ким ҳам қилолмайди”, дейди у.

Унинг фикрича, қурувчи учун қурилаётган уй, инженер учун янги лойиҳа режаси, ўқитувчи учун синф тўла талаба бўлгани каби, шифокор учун инсон танаси унинг касби объектидир.

Дилсора Фозилова
Канадалик ҳуқуқшунос

“Қори акаларга бир бошқа мутахассис дин ёки қуръондан маслаҳат бериб кўрсинчи қандай қабул қилишаркан? Ҳар бир соҳанинг ўз билимдони бор ва уларнинг соҳасида нима энг муҳимлигини фақат уларгина билишади.”

Фозилова шунингдек, тиббиёт соҳасидаги вазият бугунги кунда Сайфуддинов ўйлаганидек эмаслигига ҳам эътибор қаратади.

«Ҳамма гинекологлар эркаклар эмас, шундай экан аёлларда танлаш имконияти бор, модомики улар эркак шифокор кўришини истамаса», дейди у Элтузга берган интервьюсида.

Унинг фикрича, қайси шифокорни танлаш беморнинг ўз ҳуқуқидир, ҳақ қандай беморни даволаш шифокорнинг бурчидир.

“Шармандалик бу менимча аёлнинг имкониятларини чеклашга ҳаракат қилиш ва шу билан унинг ҳаётини ва соғлиғини ҳавф остида қолдиришдир.

Мунозара шифокорнинг аёл ёки эркак бўлиши ҳақида эмас, малакали мутахассислик ҳақида бўлиши лозим”, дейди канадалик ҳуқуқшунос Фозилова Дилсора.

Умида Аҳмедова
Таниқли фоторассом

Уларнинг аёллар авратидан бошқа муаммоси йўқми?

«Аёл ва эркак-тонгдан шомгача» фотоалбоми ва «Бокиралик юки» ҳужжатли филми муаллифи, таниқли фоторассом,  Умида Аҳмедова Тошкентлик имомнинг “Эркаклар доялик қилмасин!” деган чақириғини «Дўппи ўрнига калла олиб келиш» дея атайди.

«Уларга йўл қўйиб бериса ҳамманинг бошини қотириб ташлашади. Шифокорни эркак ва аёлга ажратиб бўладими? У врачку!

Масалан, қон кетиб қолаётган бўлса-ю, аёлнинг ҳаёти ҳавф остида бўлса, эркак доктор келмасин, деб ўтириладими?

Ахир «калтакнинг икки томони бор», дейишадику.

Жуда ақлли бўлса, нима сабабдан аёлларимиз мардикорлик қилаётганини гапиришмайди? Совет даврида ҳеч қачон аёллар мардикорлик қилмаган. Нима сабабдан аёлларимиз иш қидириб тарқаб кетишаяпти?

Муллаларнинг ўзлари хаста хотинларни қабул қилиб кўришлари, боласиз аёлларнинг “дам солдириш” учун муллага боришлари ҳақида нега гапирилмайди. Бунга чек қўйиш керакмасми?

Бу аҳмоқгарчиликнинг олди олиниши керак, бу ҳавфли тенденция”, дейди Умида Ахмедова имомнинг эркакларнинг доялик қилишига қарши чақириғига жавобани.

Камолиддин Йўлдош
таҳлилчи

Шунчаки популистик чиқиш

Бугунги кунда Ўзбекистонда «ëлғон ҳадислар асосида дин тижорати билан шуғулланаëтган» расмий муллаларни танқид қилиб келгани ортидан ўзи ҳам уларнинг тазйиқига учраган таҳлилчи Камолиддин Йўлдош, имомнинг сўзларини шунчаки популистик чиқишга ўхшаб кетишини айтади.

«Биздаги имомлар, афсуски, ўз мавзусидан ташқарида сайр этишни хуш кўришади, айниқса гап аёллар ҳақида кетганда», деди у Элтуз мухбирига берган интервьюсида .

Камолиддиннинг фикрича, имомнинг вазифаси акушер-гинекология мавзусида ваъз ўқиш эмас, балки ҳар жума халққа намоз ўқиб беришдир.

«Агар имомнинг нияти қатъий ва самимий бўлса, яъни эркак дояларга чек қўйишга қасд қилган бўлса, унинг кейинги қадами – буни ҳуқуқий ташкиллаштиришга киришиш бўларди.

Бунга киришиши даргумон, чунки тепадагилар бир калтак билан жойига ўтқазиб қўяди.

Шу билан қаҳрамонлик қиссасиям тугайди», дейди Камолиддин Йўлдош .

Бошқа тарафдан, Камолиддиннинг фикрига кўра, эркак дояларниг кўпайишига сабабчи ўша муллаларнинг ўзларидир.

«Қизларни ўқиши, илм олишига, айниқса балоғат ёшига етган қизларни касб хунар ўрганишига қарши тарғибот қилишади.

Исломда бирор нарсани таъқиқлашдан олдин унинг муқобили юзага келтирилади» дейди Камолиддин Йўлдош.

Касб жинс танламайди

Маҳмуд Йўлдошев
Психолог олим

«Масалани кўтарганда ҳамма кўнгилга ёқмаган ишларни собиқ тузумга ағдармаслик керак», дейди ўзбекистонлик психолог олим ва ёзувчи Маҳмуд Йўлдошев.

У шифокорларни аёл ва эркакка ажратиш масаласи ўз ҳақиқатини олиши керак деган фикрда.

«Агар бу масалага фақат жинс жиҳатидан қарасак, Ибн Синони врач сифатида, медицинамизнинг отаси сифатида гўрида тинч ётишига қўймаган бўламиз», дейди у.

«Кишининг ўлим ва ҳаёт масаласи турганда бу инсон ўзига, яъни жинсига қараб врач танламайди. Менинг фикрим Муллалар мўллалигини қилсин, дунёвий ишларга аралашмасин. Бизнинг давлатимиз дунёвий давлат. Агар улар дунёвий ишларга бурнини суқадиган бўлса албатта уларнинг бурнини қонун йўли билан қисқартиришга, яъни Ўзбекистон республикасининг асосий қонуни Конституция билан чеклашга тўғри келади.

Ўша қонунимизда касб танлашда касб жинсга қараб танланади дейилмаган. Демак, менинг, ёки бошқа бирон кишининг врач гинеколог бўлишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ким хоҳламаса фалончига даволанишга боришни , бошқасига бораверсин. Ҳеч ким фалон дўхтирга борасан деб мажбурланмайди», дейди Маҳмуд Йўлдошев.

Эслатиб ўтамиз, эркакларни доялик қилишини шармандалик дея атаган Раҳматуллоҳ Сайфуддинов 2016 йилнинг 28 апрелида Юнусобод тумани “Бодомзор” даҳасидаги “Мирза Юсуф” жоме масжидига имом хатиб қилиб тайинланган эди.

Бундан илгари унинг қизиқчи артистларни танқид қилган видеоси тармоқда тарқалган, бунда имом “Миллион” ва “Дизайн” жамоаси артистларини “миллат тарбиясини бузадиган шайтонлар” дея атаган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 август 2020
Ўлимидан бир-икки йил бурун ҳам Каримовнинг ўлгани ҳақида ҳар хил хабарлар тарқалган. Жумладан, 2015 йили 17 ноябрга ўтар кечаси ...
29 май 2019
Тошкентлик қўшиқчи Абдулла Қурбоновнинг Умра сафари пайтида хоразмлик қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов шаънига ёғдирган ҳақоратлари акс этган аудио 27 май ...
25 октябр 2017
Ижтимоий тармоқда Алишер Усмоновдан бир миллион рубл мукофот сўраган ўзбекнинг видеоси овоза бўлди. Видеода ўзининг оддий бир ишчи эканини ...
20 май 2016
Ҳа, чойхўрликда бизнинг олдимизга тушадигани йўқ экан дунёда. Блогимни бир чойнак аччиқ чой ичиб олиб кейин ёзаман деб ўйладиму, ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...