Асосий мавзулар
6 апрел 2017

Мирзиëев ишораси билан ўзгараëтган матбуот

Президент Мирзиёевнинг «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» телеканалларини, хусусан, «Ахборот» кўрсатувини «ура-урачилик замони ўтгани» тўғрисида огоҳлантиргани ортидан ўзбек оммавий ахборот воситаларида ўз-ўзини танқид қилиш тенденцияси кўзга ташланмоқда.

Жумладан, Кun.uz сайти блогер Беҳзод Қобуловнинг ўз блогида эълон қилган «Сабабларнинг сабаблари» мақоласини «Ўқитувчига осилмаган сен қолувдинг ўзи!». “Журналист ўзига тупурганда» сарлавҳаси остида чоп этди.

Блогер «Маданият ва маърифат» телеканалида Қашқадарёдаги бир мактабнинг «асоссиз» танқид қилинишини қоралаб чиққан.

Мақолада лавҳани тайёрлаган мухбир «анойироқ» эканига ишора қилиниб: «Мактабда конференция ўтказилаётган пайтда ўқитувчиларни хоналардан излаш мантиққа тўғри келадими?.. Оғайни, ўқитувчини намунча титкилайсан, унга осилмаган сен қолувдинг ўзи!.. Аслида дарс ўтилаётган бинони, шароитни кўриб, ўша қашқадарёлик ўқувчию устозларни бирма-бир қучиб йиғлагинг келади-ю, уларга ҳайкал қўйиш керак-ку!..», дейилади.

Шунингдек, блогер президент танқидидан сўнг «Ахборот» Марказий банк ёки молия соҳаси мутасаддиларини кўрсатиб, пулимизни нима қиляпсизлар, деб сўрашини, тест маркази раҳбари «бункер, калла, РГ, шпаргалка, X вариант учун халқимиздан узр сўрайман», деб астойдил кўзёш тутаётганини кўришни хаёл қилгани, бунинг ўринга эса бу кўрсатувда «олимадан кўра актрисага ўхшайдиган бир опанинг мактабда номутахассислар дарс ўтишини гапиргани»дан нолийди.

Биз ўзбек ОАВ юзасидан шарҳларимизда деярли ҳар бир мақола, лавҳа, кўрсатувлар «муҳтарам президентимиз раҳнамолигида», «юртбошимиз ташаббуси билан», «президентимизнинг бевосита раҳбарлигида» каби эпитетлар билан тўлиб-тошишини кўп ёзганмиз.

Энди маҳаллий журналистларнинг ўзи бизнинг бу танқидларимизни қўллаб-қувватлаб мақолалар ёза бошлади.

Бир вақтлар «Ахборот» дирекциясида жавлон урган таниқли журналист Комилжон Шамсиддиновнинг Кun.uz сайтида эълон қилинган мақоласи гапимизнинг исботидир.

«Ўз давлатидаги у ёки бу вазирнинг қилаётган иши тугул афти-ангорини ҳам кўрмай, танимай, бутун бир авлод ўтиб кетгани»дан гап очган журналист бугун матбуот орқали баёнот бера бошлаган ҳукумат аъзолари, вазирларнинг чиқишларини танқид остига олади.

У президентнинг Навоий вилоятига амалга оширган ташрифини ёритган телевидениенинг бош информацион кўрсатувига интервью берган енгил саноат бўйича раҳбарнинг бир дақиқа нари-берисида “муҳтарам юртбошимизнинг ташаббусларига кўра”, “у кишининг кўрсатмаларига биноан” қабилидаги ҳамду санолари нақ беш марта янграгани»ни «пахта қўйиш», деб баҳолаган.

Унинг ёзишича, бу тахлит хушомадлар ортида икки сабаб ётади: «биринчиси, интервью бераётган одам “юқори”даги кимнингдир ёки кимларнингдир ғазабидан қўрқиб, имкон қадар вазиятни юмшатишга интилиши ёхуд вазиятдан айнан хушомад орқали чиқиб кетиши, бу билан эса кимларгадир ёқишга интилиши;

иккинчиси, тилга олинаётган, амалга ошираётган ишлардаги асосий масъулиятни ўзидан соқит қилиб, бошқаларга юклаш. Яъни бу ўринда “асосий масъулият менда эмас, бу ишнинг ташаббускорида” деган бир даъво ҳам ўз-ўзидан қалқиб чиқмоқда».

Журналист Ислом Каримов даврида ҳамду санолар йўллашнинг ҳадисини олган раҳбарлар билан боғлиқ воқеаларни келтириб, ўзи истамаса-да, бундай хушомад марҳум президент томонидан завқ билан кутиб олинганига ишора қилади.

Муаллиф раҳбарлар янги президентга нисбатан ҳам «муҳтарамбозлик» ўйинини бошлаётгани, лекин бу ҳолат бугунги давлат раҳбарига ёқмаслигига умид қилаётганини яширмаган.
«Жамият» газетаси эса (05.04) «Журналистларни нега ёқтиришмайди», деган саволга жавоб қидирган.

Мақоланинг мазмуни шуки, раҳбарлар журналистлар билан учрашишдан қочади. Имкон қадар улардан узоқроқ юришга ҳаракат қилади. Журналистларни ёқтирмайди.

«Хўш, жамиятимизда журналистларни ёқтирмаслик муҳити қандай пайдо бўлиб қолди», деган саволга излаган муаллиф бу муаммонинг сабабини «айрим раҳбарларнинг оёғи ердан узилиб, ҳаволангач, улар билан қалам аҳли ўртасидаги алоқа узила бошлагани»да кўради.

Шунингдек, «бунга журналистлар ҳам айбдор экани, чунки «тўртинчи ҳокимият» вакили сифатида етарлича шижоат, жасорат, фидойилик кўрсата олмаётгани, халқимизнинг дардига дармон бўлишга ярамаётгани»ни таъкидлайди.

Унинг фикрича, «одатда қаерда камчилик ва нуқсон кўп бўлса, ўша ерда журналистларни хушламаслик кайфияти қарор топади».

Назаримизда муаллифда муаммонинг асл сабабларини кўрсатишга, ўзи айтганидек, бунинг учун керак бўладиган жасорат ва жасурлик, ҳақ сўз ва холис фикр айтиш фазилати етишмаган.

Чунки бугунги ўзбек матбуоти, телевидениесининг асл қусури аслида оммавий ахборот воситалари ҳукуматнинг оммавий тарғибот воситасига, халқ муаммоларини ёзиш ва кўрсатиш имкониятидан маҳрум этилган журналистиканинг «силлиқ» соҳага айлантирилганидадир.

Президент танқидидан кейин маҳаллий журналистика бугун ўралиб қолган қобиғини ёриб чиқишда ўзида куч топа оладими?

Фикримизча, ҳали бунинг учун ҳали кўп қовун пишиғи бор. Чунки авваллари ҳам марҳум президент ОАВни жасурликка ундаши ортидан журналистикамиз «валломатлари» дарҳол бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, қатор-қатор мақолалар, кўрсатувлар тайёрлар, аммо вазият ўша-ўшалигича қолиб кетарди.

Амалдаги давлат раҳбарининг танқидлари ортидан кетма-кет чоп этилаётган мақолалар ҳам ана шундай анъананинг давоми эмаслигига эса ҳозирча ҳеч ким кафолат бера олмайди!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 март 2018
Канадалик ўзбек ҳуқуқшуноси Дилсора Фозилова 8 март куни «Элтуз» канали орқали юнусободлик имом Раҳматуллоҳ Сайфуддиновнинг «турк сериалларини кўрган аёллардан ...
16 феврал 2017
13 январ куни кечга яқин Стокгольмнинг жанубида 35 ёшлардаги чимкентлик Шуҳрат исмли ўзбек мухожири жанжал ортидан пичоқлаб ўлдирилди. Воқеа ...
1 апрел 2021
(Рассом Туз аудиоҳикояси матнининг давоми) Ўқувчида Қўйлига хиëнат қилган Уллибийининг кейинги ҳаëти нима бўлди, деган савол туғилиши табиий. Бу ...
19 апрел 2019
Фолбинларга ишонмайман, лекин уларнинг бизнес моделига қойил қоламан. Бир қарашда келажакни таваккал айтиб, мижозни бунга ишонтириш жуда қийинга ўхшайди. ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...