Асосий мавзулар
6 июл 2017

Ёш амалдорлар ўзгаришлар қилишга қодирми?

Июл ойининг бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «она сути оғзидан кетмаган» ёшларни ҳукуматдаги юқори лавозимларга тайинлагани ўзбек жамиятида турли мунозаралар уйғотди.

Ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари, йиғилишлар, ўзаро суҳбатлар чоғи бу тайинловларга нисбатан турли фикрлар билдириляпти. фото ижтимоий тармоқдан: (чапдан) Алишер Саъдуллаев, Олим Тўйчиев

Эслатиб ўтамиз, президент Мирзиёев қарори билан 3 июл куни 23 ёшни қаршилайдиган Алишер Саъдуллаев халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинланди. 25 ёшли Олим Тўйчиев эса Фан ва технологиялар агентлиги бош директори ўринбосари бўлди.

Мунозаралар мавзуси асоасан йигитларнинг ёши атрофида айланмоқда. Ҳар ҳолда бугун улар эгаллаган лавозим кичик эмаслиги бунга сабаб.

Бир қанча давраларда айни тайинланув борасида билдирилган фикр-мулоҳазаларда кўпчиликни қизиқтириши мумкин бўлган қарама-қаршиликлар бор.

Кузатувларимиздан маълум бўлдики, ёши ўттиз бешгача бўлган аксарият ёшлар бу тайинловларни маъқулламоқда.

Уларнинг фикрича, ёши анча катта бўлган кўплаб амалдорлар бугунги давр шиддатига жавоб бера олмаяпти.

«Ҳатто Каримов даври сиёсати билан суяги қотган Рустам Азимов каби бир қарашда истиқболи порлоқ бўлган юксак даражадаги амалдор ҳам давр талабига дош бера олмай, мансабидан айрилди. Тўғри, бунинг ҳокимият учун курашга ҳам боғлиқлик жиҳати бордир. Аммо унинг янги президент сиёсатига тўғри келмагани барибир ҳақиқат», дейди бу тоифадаги суҳбатдошлар.

Бу тоифа суҳбатдошларга кўра Алишер Саъдуллаев ва Олим Тўйчиев ёш бўлгани, фикри, дунёқараши билан бугун ҳокимиятни эгаллаб турган тепса-тебранмас амалдорлардан фарқ қилади.

“Қолаверса, таълим ва фан соҳасининг ичида юриб, мавжуд муаммоларга юзма-юз бўлиб келаётгани учун ҳам улар бу тармоқлардаги масалалар ечимини топишга кўпроқ фойдаси тегади”, дея ҳисоблашади улар .

Айримлар бундай ёшда катта лавозимни эгаллаган бу йигитлар муайян ўзгаришлар қилишга уриниш орқали ўзини кўрсатишга интилишга мажбур эканини ижобий ҳол ўлароқ баҳоламоқда.

Ўрта ва катта ёшли кишилар эса бу тайинловларни эҳтиёткорлик билан қаршилаётгани маълум бўлди.

Бу тоифадагиларнинг таъкидлашича, таълим ва фан соҳалари тизим сифатида ичидан чириб кетган. Шунинг учун мазкур соҳаларда бирор ўзгариш ясаш ёш амалдорларга оғирлик қилиши мумкин.

«Уларга бугунги тизим тепасида турганларнинг қаршилигини енгиб ўтиш учун энг юқори даражада катта ишонч керак. Агар улар ўзгаришлар қилишга уринишса, бу ўзгаришлар мазкур соҳаларни ислоҳ қилишга фойдали бўлса, бундай қўллаб-қувватловни янада кучайтириш зарур», дейди эҳтиёткорлар.

Уларнинг айтишича, гарчи Саъдуллаев ва Тўйчиев билимли ёшлар ҳисобланса-да, ҳаёт тажрибаси, бошқарув кўникмаси етишмаслиги уларга панд бериб қўйиши мумкин.

«Шунга қарамай, президентнинг қатъийлик билан бу йигитларни катта лавозимга тайинлаганини олқишлаш керак. Чунки бу қарор Каримов ҳукмронлиги етиштирган чаламулла, боқибеғам, ўз ҳаловатидан бошқасини ўйламайдиган амалдорлар юзига тарсакидир», дейди яна бир ёши каттароқ суҳбатдошимиз.

Халқ таълими вазири ўринбосарлигига тайинланган Алишер Саъдуллаев Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтини тамомлаган, кейинроқ Буюк Британияда таҳсил олган. Шу пайтгача ўзи мустақил равишда Result ўқув маркази раҳбари сифатида ишлаб келаётганди.

Фан ва технологиялар агентлиги бош директори ўринбосари этиб тайинланган Олимжон Тўйчиев эса Тошкентдаги Турин политехника университетида таълим олган. Кейин Германиядаги Ҳоффенҳайм университети магистратурасини тугатган.

Кўриниб турибдики, иккаласи ҳам Ўзбекистондаги таълим тизимига коррупция аралашмаган, порахўрлик урчимаган саноқли олий ўқув юртларини тамомлаган. Қолаверса, хориждаги таълим ва фан тараққиёти тажрибаси билан ўртоқлашган.

Мана шу жиҳатлар уларнинг янги лавозимдаги истиқболига некбинлик билан қарашга ундайди.

Улар биографиясидаги бошқа бир жиҳат борки, айнан шу омил айримларни бу тайинловларга эҳтиёткорлик билан муносабат билдиришига сабаб бўлаётир.

Яъни бу йигитларнинг иккаласи ҳам «Камолот» фаоллари ўлароқ янги лавозимга келди.

«Камолот» эса ёшлар онгига фақат мавжуд тузумга садоқат, эркин фикрлашдан қўрқиш руҳини сингдирган бир ташкилот сифатида эсланади.

Ҳар ҳолда, бу ташкилотнинг бирор бир жиддий муаммоларни кўтариб чиққани, ишсизлик, саводсизлик, институтлардаги коррупция ҳақида қачондир гапирганини биз билмаймиз. Шу пайтгача гапирмаган бўлишса, келгусида улардан буни кутиш мумкинми?

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 март 2020
Коронавирус: «Кунлар исиди. Ўлимим яқин. Алвидо, Тошкент!» Рассом Кирпи
23 январ 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 37-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Мана, алҳамдулиллоҳ, шеърларимнинг ...
13 июл 2017
15 июлдан табиий газ, иссиқлик ва электр нархлари қимматлайди. 21 июлдан эса сув нархлари кўтарилади. Ўзбекистон молия вазирлиги реестрига ...
13 май 2021
2005 йилнинг 13 майда «акрамийлар» деб аталган гуруҳ вакиллари Андижонда ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қуролларни қўлга киритишган. Кейин улар ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...