Асосий мавзулар
30 октябр 2017

Собиқ спикер «эсдан чиққани» эслатилди

Марҳум президент Ислом Каримов замонида жиноий жавобгарликка тортилган жуда кўп амалдорлар амалдаги давлат раҳбари даврига келиб юксак лавозимларга тайинланмоқда.

Энг салмоқли мисол – бугунги ҳукумат раҳбари Абдулла Орипов. Бош вазир ўринбосарлигидан қувилиб, йўли турма сари тушганида кўринмас қудратнинг ғойибона кучи билан аллақайси ўқув муассасасида кафедра мудири лавозимида кун кўриб келаётганида кутилмаганда бошига қайтадан бахт қуши қўнди.

Ўзбек автомобиллари билан қилган фирибгарликлари учун эрта-индин қамалиб, энди юлдузи сўнади, деганимизда яна бир-икки амалдор қайтадан амал курсиларига ўтирди.

Лавозимидан четлатилган Козим Тўлаганов бир «Дамас» пулни банкка олиб топшириб, видеога олиниб, инидан чиқарилмай юрган бир пайтда янги президент уни ҳам янги юксак лавозим билан сийлади.

Мисолларни жуда кўп келтириш мумкин ва бундай ҳолатлар бошқа кўплаб коррупционерларнинг яна лавозимларга қайтишга бўлган умидини алангалатиб юборган кўринади.

«Дунё ўзбеклари» сайтида эълон қилинган «Юксак дидли ўзбек ҳуқуқшуноси» сарлавҳали мақолани ўқиб, «юлдузи сўнмаган» собиқ амалдорлардан яна бири ҳокимият осмонида қайтадан порлашни истаётганини сезмай илож йўқ.

Тўғри, у ўз истагини ўзи баён этаётгани йўқ, бошқалар қўли билан тандирнинг тафтини билишга, биз қолиб кетяпмиз, деган ишора беришга уринмоқда.

Бу кишимиз бир вақтлар ёшлар ўртасидаги оддий маиший жанжал туфайли ўғлини урган «жиноятчилар»ни узоқ йилларга қаматиб юборган, бунинг ортидан гап-сўз кўпайгани учун марҳум президент ўз қўриқчиларига калтаклатиб (шундай эшитмалар бор), мансабидан қувиб солган Эркин Халилов бўлади.

Мақола муаллифининг мақсади ана шу шахсни яна юксак мартабаларда кўриш. Тўғрироғи, Халиловнинг ўзи биров орқали ўзининг борлигини эслатиб қўйишни истаётгандек таассурот уйғотади мақола.

Муаллиф «президентимиз адолатни тиклаш учун тинмай ҳаракат қилаётгани»ини айтиб, гапни узоқдан олади. Кейин эса Халиловни мақташга, у яна юксак лавозимларни эгаллашга муносиблигини уқтиришга ўтади.

«Эркин Ҳамдамович Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бўлиб ишлаган 2005-2008 йилларда Ўзбекистондаги энг демократик даргоҳ мана шу ерда эди десам адашмайман», дейди муаллиф камтарликни йиғиштириб қўйиб.

Гўёки Э.Халиловнинг сиёсий саҳнадан қувилганига сабаб Ислом Каримовнинг самимий бўлмаганлиги, кейинчалик бу унинг амалида билинганини қистириб ўтади.

Мақола сўнггида муаллиф андишани ҳам унутиб қўйиб: «Мен ўйлайманки, Эркин Ҳамдамовични Президентимиз Шавкат Миромонович мендан-да яхши биладилар ва яқин орада ўз ёнларига чақириб, Қонун ижодкорлиги билан шуғулланишларига имкон яратиб берадилар», деб ёзади.

Мана шундай кунларга ҳам етдик. Собиқ коррупционерлар ҳокимиятга қайта бошланганидан илҳомланган қолганлари президентга мени ҳам қайтаринг, дея очиқ илтижо қилинадиган замонда яшаяпмиз…

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 ноябр 2020
Ўзбекистон мактабларида дарсдан олдин мадҳия куйланиб, танаффусда махсус радиокарнайлардан ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирила бошланди. Жорий қилинган бу ...
13 май 2016
Махалланинг сирини юқорига сим қоқиб турадиган кампирларга маҳаллаларнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ато қилинди. ...
30 июн 2016
Шу кунларда ижтимоий тармоқда чинозлик Аҳмадбой лавҳалари овоза бўлмоқда, бу ҳодиса бундан уч тўрт йил бурун президентнинг коррупционер қизи ...
3 август 2018
Бир пайтлар нефтбазадан бензин, солярка олиб чиқиб сотар эдик. Яширинча олиб чиқар эдик, ишчиларига пул берсак, ҳеч ким йўқлигида ...
Блоглар
8 феврал 2025
Шу пайтгача «Анора» деган икки фильм олинди. Биттаси етим қизнинг ашлачи бўгани ҳақида¸ яна биттаси ...
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...