Асосий мавзулар
23 ноябр 2018

Туркистон мухторияти учун жонини фидо қилган журналист

Туркистон мухторияти молия вазири Соломон Абрамович Герцфельд 1918 йилнинг 18 февралида Қўқонда большевик жаллодлар тарафидан ўлдирилди.

Соломон Герцфельд умрининг охирги дақиқасига қадар ўз вазифасини бажарди. Ватан учун, мустақиллик учун жон фидо қилди, деган калимани унга қўллаш мумкин.

Жадид боболаримиз асарларида яҳудийларга қарши ноталар кўрингани бор гап. Лекин улуғ бобомиз Беҳбудий домла Туркистон мухторияти мажлисида сўзга чиқиб, «давлат ишлари фақат бир миллат мансубларига берилмасдан, мамлакатда яшаган барча элат ва дин вакиллари тенг кўрилсин», деб айтди.

Бугун Тожикистонда фақат тожик, Туркманистонда фақат туркман, Қирғизистонда фақат қирғиз, Қозоғистонда фақат қозоқ, Ўзбекистонда фақат ўзбеклар учун ой ҳам, кун ҳам чиқаëтган пайтда Беҳбудий бобомиз гапи нақадар ўрнакли. Дарвоқе, Беҳбудийни Бухоро амири Олимхон Қаршида жадид бўлгани учун қатл қилдирган (Олимхонни улуғлагувчи баъзиларга эскартма).

Хуллас, Соломон Герцфельд 1917 йилнинг 27 ноябридан то 1918 йилнинг 18 февралигача Туркистон молия вазири бўлди. Унинг ўлими мухторият тор-мор қилинган кунга тўғри келди.

Масалан, мағлубиятдан икки кун олдин Туркистон ҳарбий вазири, профессионал ҳарбий Магди Чанишевни фитна билан четлаштириб, ўрнига ўзи вазир бўлган мулла Эргаш Қўқонни ташлаб қочиб кетгани тарихга муҳрланган.

Туркистон даъвоси учун жон фидо қилган аҳли китоб ким? Соломон Герцфельд, аввало, Туркистонда илк газеталардан бирини («Самарқанд» газетасини) чоп қилган ношир ва журналист, адвокат.

Унинг отаси Одессадаги яҳудий мактабида муаллим бўлган. Соломон Герцфельд ҳали 15 ëшидаëқ Одесса газеталарига хабарлар ëза бошлади. 1902 йилда Швейцариядаги Берн университетининг ҳуқуқшунослик бўлимида эркин тингловчи бўлди. Россияга қайтгач, Одесса юнкерлар ҳарбий билим юртига имтиҳон топширди.

Пировардида Соломон Герцфельд Самарқанддаги олтинчи Туркистон батальони ихтиëрига жўнатилди.

1904 йилдан “Самарқанд” газетасида «Альрои», «Ёш театр ишқибози» каби тахаллуслар билан хабарлар ëза бошлади.

1906 йилда маҳаллий чор ҳукумати “Самарқанд” газетасини ëпди ва унинг ношири ҳамда бош муҳаррири бўлган Соломон Герцфельдни қамоққа олди.

1907 йилнинг бошида Соломон Герцфельд хатти-ҳаракатлари “таркибида жиноят йўқлиги” боис қамоқдан озод қилинди.

Одессадаги Новороссийск университети ҳуқуқшунослик факультетининг 2-курсига қабул қилинди.

1908 йилнинг декабридан бошлаб Соломон Герцфельд «Одесское слово» газетасини нашр қила бошлади.

1913 йилда университетни битирди ва ҳуқуқшунослик дипломи билан Самарқандга қайтди. Туркистонда кенг қамровли адвокатлик фаолиятини бошлади. Жуда кўп судларда ўз мижозларининг ғолиб чиқишини таъминлади.

Лекин уни адвокатлар коллегияси аъзолигига қабул қилишмади. Шунга қарамай, 1917 йилнинг май ойида коллегия аъзолигига эришди ва фаол сиëсатга шўнғиди.

Яҳудийлар қўмитасидан Самарқанд шаҳри думасига депутат бўлди. Ўлка мусулмонлар кенгаши Соломон Герцфельдни Умумроссия ташкилий қурултойига номзод қилиш бўйича тавсия ҳам берган.

Самарқанд шаҳри думасига сайланган Соломон 1917 йили Туркистон мухторияти молия вазири бўлди.

Молия вазири янги давлат эҳтиëжлари учун хайрия маблағларини йиғиши лозим эди.

Салафларининг эслашича, Соломон Герцфельд бу вазифани қойилмақом тарзда уддалай олган.

Қўқон мухторияти қизил жаллодлар тарафидан тор-мор қилинганида Соломон Герцфельд қамоққа олиниб, отиб ташланди. Темирйўлнинг Конибодом бекатига яқин жойда кўмилди.

1918 йилнинг 16 апрелида Соломон Герцфельднинг жасади яқинлари томонидан қазиб олиниб, Самарқанддаги яҳудийлар қабристонига дафн қилинган.

Соломон Герцфельднинг уч қизи ва икки ўғли бор эди. Улардан фақат биттаси узоқ умр кўриб, 1995 йилгача Москвада яшади. Қолган фарзандлари ëшлигида ўлиб кетди.

Акмал Ризаев
Тошкентлик блогер тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 январ 2018
Ўзбекистон олтинини хорижга ташмалаш Ислом Каримов ва унинг атрофидагилар томонидан ҳали мустақилликнинг илк йилларидан бошланган эди. Мамлакатнинг биринчи ва ...
14 апрел 2017
14 апрел куни тошкентлик журналист Алексей Волосевич, Бухоронинг Ромитан туманида, Газли шаҳар милицияси ходимлари томонидан ушланди. Алексейнинг сўзларига кўра, ...
6 июл 2016
Ички ишлар ходимларига киракашлик қилган автомобил ҳайдовчиси милиция ва сапёрлар гуруҳи ҳар бир масжидни синчиклаб текширганини, куни бўйи уч ...
6 апрел 2016
Ўзбекистондаги партияларнинг нашрларини кўздан кечириб, уларнинг парламентдаги депутатларига ўз сайловчилари билан огоҳлик, ҳушёрлик, «ёт ғояларга қарши кураш» мавзуларида учрашувлар ...
Блоглар
22 апрел 2019
Қадимги туркий тилнинг иккита асосий алифбоси бор — Ўрхун-Енисей (кўктурк, руник) ёзуви ҳамда уйғур алифбоси. ...
19 апрел 2019
Фолбинларга ишонмайман, лекин уларнинг бизнес моделига қойил қоламан. Бир қарашда келажакни таваккал айтиб, мижозни бунга ...
18 апрел 2019
Аврангзеб (тож безаги) дея тарихга кирган Абул Музаффар Муҳиддин Муҳаммад Оламгир (1618—1707) Ҳиндистонда Буюк мўғуллар ...