Асосий мавзулар
17 январ 2019

16 январь – Талабалар шаҳарчасидаги исён бостирилган кун

1992 йилнинг 16 январида Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида стихияли намойиш Ислом Каримов буйруғи билан шафқатсиз бостирилган эди.

Исён бостирилгач, ётоқхона балконидаги талаба шиор билан

Шу куни мен одатдагидек ҳамкасбим Муҳаммад Бекжон билан бирга “Эрк” газетасини саҳифалаётган (вёрстка қилаётган) эдик… Газетанинг шу кунги сони мутлақо бошқа фотосуратлар ва материаллар билан босилишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.

Расмий маълумотларга кўра, қўзғолонни тарқатиш чоғида икки талаба ҳалок бўлган, ўнлаб намойишчилар яраланган.

Бироқ ўша куни газетамиз фотографи Абдуғанининг авзойини, унинг юзидаги қўрқинчли титроқни кўрибоқ воқеа кўлами анча катта эканини тасаввур қилдим.

Гарчи талабаларнинг чиқишига нон ва бошқа озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши сабаб бўлгани айтилса-да, бу воқеага мамлакатда демократиянинг таназзули бошланган нуқта дея баҳо бериш мумкин.

Сиёсий фаолият ўчоғининг тугатилиши

16 январь намойишидан видеокадр.

16 январь воқеасигача Тошкентдаги Талабалар шаҳарчаси мамлакат ёшларининг сиёсий фаолиятини белгиловчи норасмий марказ вазифасини бажариб келаётган эди.

1988 йили бошланган норасмий ҳаракатлар – ўзбек тилига давлат мақомини бериш, мустақиллик учун намойишлар, парламент ва президент сайловларидаги оммавий фаолликни бунга мисол келтириш мумкин.

Қайта қуриш шиддати билан Болтиқбўйи мамлакатларида бошланган мустақиллик учун кураш тўлқини бу пайтда Тошкентга етиб келганди.

1987 йили ётоқхонада уч-тўрт ҳамфикр курсдош ғояси ўлароқ тузганимиз “Ўзбекистон эркин ёшлари” ҳаракати тезгина бутун Талабалар шаҳарчаси бўйлаб кенгайди.

Уюшма низоми узоқ-яқин бошқа ўқув юртлари бўйлаб яшиндай тарқала бошлаганини кўпчилик сафдошларим бугун ҳам эслайди.

Кейинчалик бу ҳаракат мамлакатдаги демократик мухолифат – яъни “Бирлик” ва “Эрк”нинг асосий таянч кучига айланди.

Шу боис, талабаларнинг 1992 йилги исёни ҳукуматнинг улардан, кейин эса мамлакатдаги мухолифатдан биратўла қутулишига баҳона бўлиб хизмат қилди.

Воқеадан сўнг Тошкентдаги талабалар зудлик билан режадан ташқари таътилга чиқарилди, вилоятлардан келиб ўқиётган талабалар эса автобусларга солиниб, пойтахтдан олиб кетилди.

Талабаларни пойтахтга қайтармаслик чоралари

17 январь куни вилоят талабалари автобусларда мажбурий таътилга жўнатилди

Айни воқеадан сўнг Каримов ҳукумати тузган комиссия вилоятлардаги талабаларнинг пойтахтга қайтмаслиги чораларини кўра бошлади.

Тошкентга вилоятлардан келиб ўқиш квоталари кескин қисқартирилди.

Сиёсий фаолият ўчоғи саналган ТошДУ журналистика факультети Талабалар шаҳарчасидан анча узоқда жойлашган эски ҳуқуқшунослик кафедраси ўрнига кўчирилди, ҳуқуқшунослик кафедраси эса бутунлай тугатилди.

Вилоятларда илмий мутахассислар, профессор домлаларнинг камлиги, олий таълим сифатининг пасайиши каби муаммолар ҳеч кимни ўйлантирмади.

Талабалар шаҳарчасидаги олий ўқув юртлари ва ётоқхоналар атрофида баланд панжаралар пайдо бўлди.

Кейинги ўзгаришлар эса демократик қадриятлардан бирин-кетин юз ўгириш билан давом этди.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 май 2018
Президент Мирзиёевнинг Андижонга сафари шаҳарни бегона кўзлардан тўсиш, ошиқча эҳтиёт чоралари ва мулозимларнинг одатий лаганбардорликлари билан ўтди. Президент ўтадиган ...
20 август 2018
Муҳаммад Бекжон 2000 йилнинг 29 ноябрида Ўзбекистоннинг энг катта қамоқхонаси ҳисобланган Навоий зонасига этап қилинади. Тағин карантин, ломка, турма ...
9 апрел 2018
Президент Шавкат Мирзиёевнинг келишига йўл четидаги уйи деворини сариққа бўямагани учун сирдарёлик ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаев уч миллион сўм ...
3 май 2017
Каримов даврида шаҳар чеккасига чиқариб ташланган Шомаҳмудовлар ҳайкали яна марказга қайтарилмоқда. “Санъат асари ўлароқ мен бу ҳайкал мажмуасини ҳеч ...
Блоглар
14 ноябр 2019
Кеча Лоланинг клипидан сўнг қўштирноқ ичидаги «маънавият» яна долзарб мавзуга айланди. Кўпчилик Лоланинг «исён»ини олқишлаган ...
6 ноябр 2019
Яқинда “Шарқ зиёкори” китоб дўконидан улуғ рус ёзувчиси Лев Толстойнинг “Жахон бестселлерлари” ( аслида “жаҳон” ...
3 ноябр 2019
1906 йилнинг 3 ноябрида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтган Халқаро радиотелеграфия анжуманида SOS сигнали ҳалокатни билдирувчи ...