Асосий мавзулар
15 феврал 2018

Келажакдан умид йўлидаги ёлғонми?

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистонда 2017 йилги пахта терими мавсумига оид эълон қилинган ҳисоботидан келиб чиқадиган хулосаларни ўқиб, худди шундай савол туғилиши табиий.

Мазкур ҳисоботда «Ўзбекистон ҳукумати 2017 йилда пахта теримида мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича ўзининг катта сиёсий иродага эга эканини намойиш этгани» таъкидланади.

Унда ёзилишича, ҳисобот пахта теримига жалб этилган 2 миллион 600 минг теримчидан уч минг нафари билан ўтказилган суҳбатлар асосида тузилган, бу суҳбатлар ҳукумат расмийлари кузатувисиз ва огоҳлантирувсиз ўтказилган.

ХМТ 2017 йилда пахта теримида болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш масаласи долзарблигини йўқотгани, болалар теримга жалб қилинмаганини билдирган.

Бизнингча, халқаро ташкилотнинг бу ҳисоботи мамлакатдаги корхона ва ташкилотларнинг ўз ихтиёрига зид равишда, яъни мажбуран пахта далаларига ҳайдалган минг-минглаб ишчи-хизматчилари, биринчи навбатда, ўқитувчи ва шифокорларга нисбатан, юмшоқроқ айтганда, ҳурматсизликдир.

Бу ҳолатни ХМТ ҳукуматнинг эмас, балки «жойларда Тошкентдан мажбурий меҳнатга барҳам бериш тўғрисидаги кўрсатмалар турлича тушунилаётгани ва бу масалани ҳал этишга турлича ёндашувлар бўлаётгани оқибати» билан изоҳлаган.

Ҳолбуки, асло ундай эмасга ўхшайди. Чунки «юқоридан» қўрқадиган маҳаллий ҳокимликлар ҳеч қачон марказий ҳукуматнинг кўрсатмаларини кўр-кўрона бажармаслиги мумкин эмас.

Ҳукумат аввалги мавсумларда ҳам мажбурий меҳнат борлигини инкор этиб келган, лекин асло бундай амалиётдан воз кечмаган.

2017 йилги пахта терими мавсуми эса мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақида оғиз кўпиртиришлар кўп бўлгани, бу ҳақда ошкора ваъдалар берилгани билан эсда қолди.

Турли даражадаги ҳокимлар, биринчи навбатда, ўқитувчи ва шифокорлар теримга жалб этилмаслиги тўғрисида гапирганига қарамай, дўппи тор келиб қолганда айнан уларни далага ҳайдади.

Бу ҳолатни нафақат мустақил ОАВ вакиллари, балки маҳаллий матбуот ҳам, масалан, «кун.ўз» сайти очиқ эътироф этди. Мажбурий меҳнатга жалб этилаётганларнинг шикоятлари кўп бора жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.

Тўғри, ўтган йили Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачилик соҳасида кўплаб ўзгаришлар бўлди. Аввало, терилган пахта учун сезиларли даражада кўпроқ ҳақ тўланадиган бўлди.

Жорий йилдан эса фермерларга ҳосилни пахтани қайта ишлайдиган компанияларга тўғридан тўғри сотиш имконияти яратиладиган бўлиб турибди. Булар ҳақиқатан ҳам ҳукуматнинг сиёсий иродаси билан амалга оширилмоқда.

Шунга қарамай, юз бераётган ўзгаришлар ўтган йилги мажбурий меҳнат ҳолатларига кўз юмишга сабаб бўлмаслиги керак эди. Шунинг учун ХМТнинг ҳисоботи айнан сиёсий манфаатлардан келиб чиқиб тузилган, дейишга тўла асос бор.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 декабр 2015
Амнести тадбирлари доирасида Швеция мактабларида Муҳаммад Бекжон озодлигига бағишланган инсталляциялар ўрнатилди. “Гимназиямизнинг қоронғу бир бурчагида панжаралар ўрнатдик, панжара ортига ...
15 апрел 2019
Ўтган асрнинг 80-йиллари сўнггида мамлакатда эрк ва демократия учун бошланган жабҳада кўплар қатори жавлон ураркан, мен учун ҳам Бертольд ...
15 январ 2018
14 январь куни Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни шу пайтгача мисли кўрилмаган даражада кенг нишонланди. Президентнинг шу муносабат билан табриги ...
23 июн 2016
Фарғона вилоятининг аксарият банкларида жўнатма пулларини бериш жума кунигача тўхтатилди. Банк ходимлари бунинг сабабини валютанинг тугаб қолгани билан изоҳламоқда. ...
Блоглар
30 сентябр 2023
Шанба куни Берлин марказида айланиб юриб, тасодифан бир никоҳ тўйининг гувоҳи бўлдим. Тўй кортежи биттагина ...
27 сентябр 2023
Бугун Рауф Парфи номи эсланаркан, унинг асл шогирдлари билан бир қаторда устознинг номига суйканиб, «бир ...
25 сентябр 2023
Жонибек деган овқат элтувчининг АҚШда клиент хотинниг эмчагини эзғилагани учун қамалиб, 20 минг дўллар иштрап ...