Асосий мавзулар
7 март 2018

Бобомуроднинг суди унга қўлланган қийноқлар экспертизаси чиққунига қадар тағин қолдирилди

Тошкент шаҳри судида 7 март куни бошланган биринчи суд йиғилиши Бобомурод Абдуллаевга терговда қўлланилган қийноқ аломатларини аниқлаш ва экспертиза натижасини кутиш сабабидан тағин қолдирилди.

Суд мажлисининг бошида Бобомуроднинг адвокати Сергей Майоров ўз мижозининг тергов пайти ҳукуматнинг янги амалдорларига қарши компромат уйдириш учун қийноққа солингани ҳақида гапирди.

6 март куни мижози билан учрашган Майоров Бобомуроддан иқтибос келтириб, МХХ терговчиларининг уни ҳибсга олишдан асосий мақсади яқинда МХХ раҳбари бўлган Ихтиёр Абдуллаев ва ички ишлар вазири этиб тайинланган Пўлат Бобожоновга қарши компромат олиш бўлганини билдирган эди.

Судья Зафар Нурматов адвокатнинг талабини қондириб, суд тиббий экспертизаси тайинлаш тўғрисида қарор чиқарди.

Майоровга кўра, Бобомурод Абдуллаев ҳам жисмоний, ҳам руҳий қийноққа солинган.

“У муттасил қийноққа солинган. Қийноқлар “Бобомурод, сен нега янги президентни қўллаб-қувватлаяпсан?”, “Хўш, сенинг президентинг нима ҳам қила оларди?” (Мирзиёев назарда тутилган), “Янги президент қўл остида ҳамма ўғирлик қилади. Фақатгина МХХнинг шарофати билан ҳокимлар ўғирлик қилолмайди”, “Ҳақиқий ҳокимият МХХда ва президент ҳеч нарса қилолмайди”, деган гаплар остида кечган”, – дея маълум қилди адвокат Сергей Майоров.

Шунингдек, Майоровнинг мижози билан 6 март кунги учрашувига таяниб ёзишича, Бобомурод унга нисбатан қийноқлар қўллаган МХХ ходимларининг исмларини келтирган.

Уни бевосита калтаклаганлар Қобил, Элмурод ва энг шафқатсизи Мажид бўлган. МХХ ходимлари Ўлмас ва Володя исмли шахслар эса унга руҳий босим ўтказишган.

Улар Бобомуродни МХХ деворлари ичида ўлдирмасликларини, бу МХХ фаолиятига доғ туширишини, уни Тоштурма ёки зонада ўлдириб юборишларини айтишган.

Бобомурод айни қийноқлар остида “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма беришга ҳам мажбур бўлганини адвокатига билдирган.

Журналистнинг ўзи гарчи 2003 йилдан “Усмон Ҳақназаров” номи остида мақолалар ёзганини таъкидласа-да, уни 2013 йилдан бошлаб Муҳаммад Солиҳ топшириғи билан мақолалар ёзгани ҳақида кўрсатма беришга мажбурлашган.

Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан шу йилнинг 27 сентябрида ўғирлаб кетилган Бобомурод Абдуллаев ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланиб судланмоқда.

«Элтуз» нашри суд жараёнини кузатишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 май 2019
Ҳақиқатга қайси томонидан қарасанг ҳам бир хил кўринади, дейишади. Маҳмуд Ражаб -шоир, ёзувчи, шу миллатнинг чин бир фидоийси, Матназар ...
30 сентябр 2019
Тошкентнинг “Малика” маиший техника бозорида соқоллиларнинг қиртишланишидан кишти келган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев соқол ва ҳижобга қарши “уруш” ...
12 август 2018
Бугун рассом Туз ўзбек тиббиёт тизимида авж олган коррупцияни ҳажв остига олади. Расман бепул бўлса-да, Ўзбекистонда тиббий хизмат амалда ...
21 декабр 2017
18 декабрь куни Open Source Investigations (OSI) гуруҳи Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов оиласига тегишли кўчмас мулкларга оид мақолани ...
Блоглар
9 декабр 2019
Абдували Қутбиддин 8 декабрь куни 59 ёшида Тошкентда вафот этди. Замондошлари наздида у ўзбекнинг далли ...
9 декабр 2019
7 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев, ҳар йилги анъанага кўра, Ўзбекистон Конституциясининг 27 йиллигига бағишланган ...
4 декабр 2019
(Муҳаммад Солиҳ ва Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон суҳбатларини тинглаб) 1980 йиллар бошида раҳматли отам Мадамин Бек ...