Асосий мавзулар
18 июн 2018

Ёшлар Қуронбоевсиз қоладиганга ўхшайди

Жорий ой сўнггида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (ЎЁИ)нинг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтади ва унда мазкур ташкилот раҳбари, президентнинг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг истеъфога чиқарилиши кутилмоқда.

УЁИнинг бу ҳақда “Элтуз”га маълум қилган манбасининг айтишича, президент Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг собиқ “Камолот” каби иш юритаётгани ва Қаҳрамон Қуронбоевнинг популистик хатти-ҳаракатлардан норози бўлмоқда.

“Камолот” ташкил топгандан кейин бир йил давомида деярли сезиларли ишларга қўл урмаган бўлса-да, бунча қисқа давр ичида ўзини Ёшлар иттифоқи каби дискредитация қилмаган эди”, деди манба.

Унинг сўзларига кўра, Қ.Қуронбоевнинг водийда тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни таксига ўтирғизиб жўнатиб юборгани ҳақидаги баёноти ижтимоий тармоқда жуда катта шов-шувга сабаб бўлгани президентнинг ундан норозилигини янада кучайтирган.

“Президентнинг ЎЁИ фаолиятидан кўнгли тўлмаётган эди. Шунинг учун қурултойда Мирзиёев қатнашиши ва Қуронбоев масаласи ҳал этилиши кутилаётганди. Менимча, тўй кортежи воқеаси шундай ҳам тақдири қил устида турган Қуронбоев масаласида узил-кесил қарор қабул қилинишига сабаб бўлиши табиий”, деди ЎЁИ тизимидаги манба.

Ҳақиқатан ҳам Ш.Мирзиёев яқинда Фарғонада ўтказилган йиғилишда тўй кортежи воқеасига тўхталар экан, Қ.Қуронбоевни президентга хиёнатда айблаганди.

“Тўйларни йўлда тўхтатгандан кўра, ёшларнинг сенга ўхшаган катталари, дунёқарашларингни ўзгартиринглар. …Президент айтди деб тўйни тўхтатиш президентга хиёнат”, деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Ёшлар иттифоқи раҳбарини тўғридан-тўғри истеъфога чиқишга чақирди.

“Ёшлар билан ишлашда фақат қуруқ гап, мажлисбозлик, тўй кортежини тўхтатиш қилинмоқда. Бошқа нарсани билмайди. Бу ишлар сиёсатга хиёнат. Биласизларми, тўйни тўхтатишдан олдин тўй маънавиятини ота-онасига тушунтириш керак. Қўлингдан келмаса, президент маслаҳатчиси, ўрнингни бўшатиб қўй”, деди президент.

Ўтган йил августда президент ўзбек тўйларидаги исрофгарчилик, кимўзарга баҳслашувларни кескин танқид қилган эди. Бунинг ортидан Тошкент шаҳрининг эндиликда собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов тўйхоналарни ёпишга тушиб кетганди.

Шундан сўнг президент “Мен тўйхоналарни ёпиш керак демадим, тўйларни тартибга келтириш керак дедим”, дея ундан норози бўлганди. Орадан бир неча ой ўтиб, “калласи борларни ёнига йиғишни” уддалай олмаган Р.Усмонов ишдан олинганди.

Қуронбоевнинг эҳтимолий истеъфосига ҳам у раҳбарлик қилаётган тизимда ишлар кўнгилдагидек эмаслигидан президентнинг жиддий норозилиги сабаб экани айтилмоқда.

Ёшлар иттифоқининг хурмача қилиқлари анчадан буён кўпчиликда ташвиш уйғотиб келаётган эди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ЎЁИ фаолиятидан қониқмаслик ҳисси
тобора кучайиб бормоқда.

“Чиндан ҳам, ҳижоб, соқол, поездларда “катайса”, тўй кортежи – бир йилга кўплик қилди. Мадда бойлаб келаётган яра ёрилди: ичидан жуда кўп нарсалар чиқяпти”, деб ёзди, жумладан, филолог ва блогер Шаҳноза Тўрахўжаева.

Яқинда Ёшлар иттифоқи Бухоро вилоятида мақсади 1-2 сўм пул топиб, рўзғорини тебратиш бўлган мардикорларга футбол ўйнатиб, ғолибга 1 баклашка ёғ совға қилгани ҳақида тарқалган хабар бу ташкилотнинг юзини кўрсатадиган яна бир далил сифатида қабул қилинмоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 сентябр 2017
Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида 19-25 сентябрда ўтадиган олий сиёсий музокараларида маъруза қилиши кутилмоқда. Бу унинг ...
6 март 2018
“Бош вазирдан тортиб, ҳокимларгача тўй маросимларига бориши ман этилади”, деди Шавкат Мирзиёев 2 март куни ижтимоий тармоқда пайдо бўлган ...
7 сентябр 2017
Ўзбек расмийларининг мамлакатда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги, шифокор ва педагоглар теримига жалб этилмаслиги ҳақидаги иддаоларига қарамай, бу йил ҳам ...
21 январ 2019
Ўзбек адабиётининг забардаст ёзувчиси Анвар Обиджон 25 январь куни 72 ёшга тўлади. Адибнинг 1983 йил ёзилган “Эй, ёруғ дунё!” китоби мазмуни ...
Блоглар
18 сентябр 2019
Шу кунларда ЎзА журналисти Анора Содиқова ўзбек тилининг Ўзбекистонда ривожланишини қўллаб чиқишлар қилди. Таниқли ўзбек ...
11 сентябр 2019
Ибтидосида айтай, мен шоир ёки бастакор, ё-да ҳофиз эмасман. Шеърга ўхшаган бир нарсаларни ёзиб, уларга ...
6 сентябр 2019
“Орамиздан чиқса гар миллатни яхши севгувчи, биз они душмон билиб, таффонча бирлан отамиз”. Бу мисраларни ...