Асосий мавзулар
21 январ 2019

Одилбойнинг озодликка чиқиши Мирзиёевнинг ташвишини камайтирди

Zeromax компаниясининг собиқ раҳбари Миродил Жалоловнинг озодликка чиқарилиши Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифига боғлиқ бўлиши мумкин.

Мазкур сафар олдидан пайдо бўлган хабарлар яна шундай тахминни дадил илгари суришга имкон беради.

Президентнинг Германияга бориши ҳақида маълум бўлганидан сўнг бир қанча немис компаниялари бу ташрифдан Zeromax дан ўз қарзларини ундиришда фойдаланиш ҳаракатига тушиб қолган эди.

Германиянинг йирик нашрларидан бири Süddeutsche Zeitung (Зюддойче Цайтунг) газетаси немис ширкатлари ўн йилдан буён Тошкентдаги Анжуманлар саройи ва “Бунёдкор” стадиони қурилишидаги иштироки учун тўланиши лозим бўлган 130 миллион евро маблағни ололмаётганини ёзди.

Шу билан бирга, бу маблағни ундириш ишига бундестаг аъзоси Рената Алт ҳам қўшилиб, Германия федерал ҳукуматига президент Мирзиёев билан учрашувда қарзлар масаласини кўтариш юзасидан сўров жўнатгани билдирилди.

Эътиборлиси, Миродил Жалолов қамоқдан озод қилиниши билан немис компаниялари олдидаги қарздорлик масаласи ўз-ўзидан ҳал бўлди.

Бу компаниялар манфаатларини ифодалаётган тадбиркор Вальдемар Киснер “Озодлик” билан суҳбатда эски қарзлар масаласида Ўзбекистоннинг янги раҳбариятига талаби йўқлигини маълум қилди.

Қолаверса, у Zeromax нинг немислар олдидаги қарзи миқдорига ҳам ойдинлик киритди. Бу қарздорлик 130 миллион евро эмас, балки 72 миллион еврони ташкил этади.

Ўзбекистон ҳукумати илк бор кредиторларнинг озодликка чиққан Миродил Жалолов билан учрашувига ҳам рухсат берди.

“Мен Миродил Жалолов билан Тошкентда учрашдим. У билан музокаралар ўтказдим… Ўзбекистон ҳукуматига ҳуқуқий тарафдан ҳам, маънавий тарафдан ҳам эътирозу шикоятимиз йўқ. Шу боис, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Германияга келганида бу масала кун тартибига киритилмаслигини истаймиз”, деган Вальдемар Киснер.

Интервьюнинг эътиборни тортадиган жиҳатларидан бири айнан шу сўзларда. Яъни немис тадбиркорлари Германияга отланган ўзбек делегациясига мазкур қарздорлик сабабли босим ўтказиш уринишларини бас қилган.

Бунинг эвазига, биринчидан, Ўзбекистон томони билан музокараларда немис компаниялари мамлакатдаги янги қурилиш лойиҳаларига иштирок этиш имкониятини қўлга киритишга эришди.

Иккинчи томондан, Миродил Жалоловнинг озод этилиши уларнинг ўз пулларини қайтариб олишини таъминлаши эҳтимоли ҳам ошди.

Бундай дейишга тўлиқ асос бор. Зеро, ўтган йилнинг октябрида Zeromax собиқ раҳбарининг рафиқаси Фотима Жалоловага тегишли экани айтиладиган фейсбукдаги саҳифада 2016 йилда Жалолов ўзига активларидан бири қолдирилса, кредиторларнинг талабларини бажаришни кечиктириш ёки уларнинг айримлари билан келишувга эришишга ваъда бергани ёзилганди.

Ф.Жалолова ўз эрига нисбатан янги айбловлар илгари сурилаётгани сабабли шундай фактларни ошкор қилишга мажбур бўлаётганини билдирганди.

Воқеалар ривожи немис ширкатларининг қарз масаласига Ўзбекистоннинг янги раҳбариятини аралаштириш ниятидан қайтишига Миродил Жалоловнинг озодликка чиқарилгани ҳам муҳим роль ўйнаганини кўрсатади.

Бу билан Мирзиёевнинг Германияга ташрифи арафасида ўзбек расмийлари камида иккита ижобий мақсадга эришишига йўл очилди.

Биринчидан, узоқ йиллар бошоғриқ бўлиб келган қарздорлик масаласида томонлар учун мақбул ечим топилди.

Иккинчидан, немис инвесторларининг Ўзбекистон ҳукуматига ишончини тиклаш, демакки, мамлакатга янги сармоялар келишига замин яратилди.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 январ 2017
Каримов даврида йирик молиявий жиноятларда айбланиб 18 йилга қамалган Зеромакс ширкати ижро директори Миродил Жалолов озодликка чиқди, илгари Тошкент ...
17 июл 2018
Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг нафақат қонунчиликни, балки энг юқори даражада берилган буйруқларни ҳам назар-писанд қилмаётгани ҳақида кўп ва ...
25 март 2017
Доллар нархи ошиши билан айниқcа картошканинг нархи ошгани одамларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.
6 июл 2017
Президент Мирзиёевнинг 29 май кунги қарори билан «Ўзбекэнерго» 6 562 нафар электромонтёрни, “Ўзтрансгаз” эса 4 255 нафар газ текширувчини ...
Блоглар
2 июл 2020
6-синфда ўқирдим, Кампучияда давлат тўнтариши бўлиб ҳукуматга Пол Пот раҳбарлигидаги “Қизил кхмерлар” келганини, улар бутун ...
25 июн 2020
​​Халқаро пресс-клубда матбуот анжумани бўлиб ўтибди, унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ...
21 июн 2020
(бўлган воқеа) Таржимон сифатида Россиянинг милиция бўлимларидан бирига чақиришган эди. Бўлимда жиноятчи сифатида гумон қилинган ...