Асосий мавзулар
4 март 2019

Чиқиндихоналарга “ўлпон” солинди

Тошкентдаги аҳолининг маиший чиқиндилари йиғиладиган шохобчаларга пластмасса ва макулатура топшириш мажбурияти юкланди.

Пойтахтдаги чиқинди йиғиш шохобчасида ишлайдиган Аброр аканинг “Элтуз”га билдиришича, эндиликда у ҳар ойда 45 килограмм пластмасса ва 20 килограмм макулатура йиғиб топширишга мажбур бўлмоқда.

“Илгари баклажка ва қоғоз тўплаб, лўлиларга ёки уларни йиғиш билан шуғулланадиган бошқа одамларга сотар эдик. Тирикчилигимиз шу эди. Чунки берадиган ойлиги урвоқ ҳам бўлмайди. Бухородан келиб, янгангиз билан шу жойда яшаймиз. Атрофларини ҳам тоза-озода тутамиз. Шу чиқиндиларни саралаб йиғиб, кейин сотиб, рўзғор ўтказаётгандик. Энди бу ҳам кимларгадир кўп кўринди шекилли”, дейди суҳбатдош.

Тошкентдаги чиқиндихоналар “Махсустранс” давлат корхонасига қарашлидир. Ҳар бир чиқинди йиғиш шохобчасига махсус одам бириктирилган.

Бу ходимларга чиқиндиларни саралаш, тозалигини назорат қилиш каби вазифалар юкланган.

Чиқиндихонада ишловчилар пластмасса ва макулатурадан ташқари нон бўлаклари, темир-терсак кабиларни ҳам йиғиб, бир-икки сўм даромад топади.

Аброр аканинг сўзларига кўра, у илгари пластмассанинг бир килограммини 3 минг сўмдан сотган. Ҳозир эса бу нарх ҳам нима сабабдандир 2 минг сўмга тушиб қолган.

“Болаларим ҳали ўзини тиклаб олгани йўқ. Ўзимизда иш бўлмагани учун узоқдан келиб, бу сассиқ жойда ҳам яшаб, ҳам ишлаб бир кунимизни кўраётгандик. Энди Россияга кетишни ўйлаб турибман”, деди Аброр ака.

Жорий йил бошидан буён Ўзбекистонда чиқинди учун тўловларни ундириш “Махсустранс” ташкилотидан Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ихтиёрига берилди.

Аммо йил бошидан бу аҳолидан чиқинди учун тўловлар қабул қилинмаяпти. МИБ ходимлари бунинг сабабини аввалги тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни ва ўзаро вазифаларни аниқлаштириб олиш зарурати билан изоҳламоқда.

Аҳолидан тўловларни қабул қилиш қачон бошланиши масаласи эса ҳамон очиқлигича қолаётир.

Сўнгги йилларда пластмасса ва қоғоз чиқиндиларини йиғиш Тошкентда жуда яхши бизнесга айланган. Дайдилар ва алкашлар, баъзан эса иқтисодий ночор оддий фуқаро ҳам бу чиқиндиларни йиғиб, уларни қабул қиладиган шохобчаларга топшириш орқали кун ўтказиб келади.

Ўз навбатида, бу ҳолат пойтахт ободончилигига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Тошкентнинг нисбатан озода шаҳар сифатида танилишига мазкур бизнес ривожининг ўрни катта.

Ҳукумат бу бизнесни бир қолипга солиш, экология ва атроф-муҳит тозалигини асраш мақсадида чиқиндини қайта ишлаш соҳасига эътибор қаратишни бошлади. Шу мақсадда махсус лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга киришилган.

Хусусан, чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлашга инвесторларни жалб қилиш саъй-ҳаракатлари бормоқда.

Аммо бу инвесторлар ҳам худди қурилиш соҳадаги (масалан, “Тошкент сити”ни қураётган ширкатлар) каби шубҳали сармоядорлар бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

“Энди чиқиндилар билан ҳам Тошкент шаҳри ҳокимининг бизнес тузилмалари шуғулланади, деган гаплар чиқяпти. Лекин бу гаплар қанчалик тўғрилигини билмайман”, дейди пойтахтдаги чиқинди йиғиш шохобчасида ишловчи Аброр ака.

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
9 сентябр 2019
«Элтуз» ҳар ҳафта ўзининг ютуб каналида Швецияда яшаётган ўзбек ошпази Дўстназар Худойназаров билан ҳамкорликда янги «Биздан жиз-з» рукнини бериб ...
3 август 2016
«Аҳмадбой Чиназский» ники остида фейсбукда микроблог очган шахснинг таъкидлашича, катта молиявий фирибгарликда Аҳмадбой иккинчи даражали шахсдир. «3-4 йил аввал ...
8 март 2021
(Рассом Туз ҳикояси) Бу қизнинг исми Ëрқиной. 27 ëшда. 7 мартда туғилган. У шу кунни ëмон кўради. Ортиқча стрессли ...
19 май 2023
Ит қувган гадойдай кунлар зув зув ўтиб яна қаршингиздаман азиз ўқувчим. Яна 10 кун чидасангизлар Қўқон тарафдан қаттиқ шамол ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...