Асосий мавзулар
12 апрел 2019

Сув тошқинлари қурбонлари борми?

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда сурункали ёққан ёмғирлар сабаб юзага келган селлар натижасида одамлар қурбон бўлгани тўғрисида халқ орасида турли гаплар юрганига қарамай, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) маълумотларида бунга аниқлик киритилмаяпти.

ФВВнинг яқинда тарқатилган хабарида айрим вилоятларда хонадонларни сув олгани, ҳовлилар ва томорқаларга сув киргани ҳақида сўз боради. Шунингдек, вазирлик сел оқибатларини бартараф этишга турли идоралар жалб этилганини қўшимча қилади.

Аммо одамлар орасида сўнгги селлар ваҳимаси кучли. Жумладан, сон-саноқсиз чорва моллари ўлгани, одамлар орасида ҳалок бўлганлар борлиги айтилмоқда.

ФВВнинг юқорида тилга олинган хабарида Қашқадарё вилоятининг Қамаши ва Чироқчи туманларига келган селлар ҳақида маълумот берилган бўлса-да, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларидаги селлар хусусида лом-мим дейилмаган.

Шунга қарамай, Яккабоғ туманидаги тоғли ҳудудларда юзага келган сел камида бир кишининг ўлимига сабаб бўлгани эҳтимоли бор.

“Яккабоғнинг тепа зонасида жойлашган қишлоқлардан бирида ёш келинчак “Дамас” билан бирга оқиб кетганини айтишяпти. У қандай қилиб машинада оқиб кетган, буниси маълум эмас. Ёш келинчак экан, дейишяпти. Жасадини ҳали ҳам топишмабди”, деди “Элтуз” билан гаплашган яккабоғликлардан бири.

Унинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтада келган сел кўплаб мол-қўйларни ҳам оқизиб кетган. Сел шунчалик даҳшатли бўлганки, сўнгги вақтларда Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларини ажратиб турувчи Қизилдарёда бундай сув тошқини кузатилмаган.

“Анча-мунча уйларни ҳам сув олиб кетди. Бунга одамларнинг ўзи ҳам айбдор. Сув ёқасига яқин жойларда уй қуриб олган. Кўп йил сел келмаса ҳам эски сув йўлига уй-жой қуриш яхши эмаслигидан қариларимиз ҳар доим огоҳлантириб келади. Лекин ҳозир ер йўқ уй қуришга. Шунинг учун одамлар кексаларнинг гапига кўп ҳам қулоқ солмай қўйган. Сув ўн йил келмаслиги мумкин. Аммо бир келганда ҳамма жойни ювиб кетади”, дейди яккабоғлик суҳбатдош.

Бошқа вилоятларда ҳам селлар катта талафотларга сабаб бўлгани, ҳатто қурбонлар борлиги тўғрисида турли хабарлар мавжуд.

Шунга қарамай, ФВВ бу ҳақда расман маълумот тарқатмаяпти. Ҳақиқатан ҳам қурбонлар йўқ бўлса, булар фақат миш-миш бўлса, худога шукур. Бироқ буни расман айтиб, миш-мишларга чек қўйиш керак назаримизда.

ФВВ мавжуд талафотлар тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар тақдим этмаётгани турли гап-сўзлар урчишига олиб келиши эса табиийдир.

Вазирликдаги манбанинг “Элтуз”га айтишича, бу йилги кучли ёғингарчиликлар сабаб кўрилаётган талафотлар аввалги йиллардагидан кўра анча кўп. Айни пайтда вазирлик бутун кучини сел оқибатларини тугатишга жалб қилган.

Бундан аввалроқ маҳаллий матбуотда сел Деҳқонободда темир йўлга зарар етказгани, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида маҳаллаларни сув босгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.

Суратда: Навоий вилоятининг Аччи қишлоғида сел олиб кетган “Нексия” автомобили. Телеграм каналидан

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 ноябр 2018
“Ўзбекконцерт” бирлашмаси “уятсиз” клип боис Шаҳло Аҳмедованинг лицензиясини олиб қўйди.  Рассом Туз Eltuz.com
30 апрел 2018
Президент Мирзиёев 26 апрель кунги йиғилишида Тошкент марказидаги “Истиқлол” санъат саройи ва метро бекатига “Халқлар дўстлиги” номини қайтариш қарорини ...
11 июн 2016
Гарчи бу иш тўғрисида матбуотда кам гапирилган бўлса-да, 2013 йил охирида халқаро арбитраж суд Каримов ҳукуматидаги коррупция тўғрисида кутилмаган ...
3 апрел 2018
Миллий хавфсизлик хизматининг меросхўри бўлган Давлат хавфсизлик хизмати ҳали ҳам мухолифатни мавжуд ҳокимиятнинг душмани деб билади. ДХХ раиси Ихтиёр ...
Блоглар
14 август 2019
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизовнинг Покистонга ташрифи ва “Толибон” ҳаракати вакилларининг Тошкентга сафари ...
13 август 2019
Таниқли жаноб Алламжонов раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон Президенти маъмурияти ҳузуридги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тағин ...
1 август 2019
Ўзбекистон ҳам шармандали равишда уйғур қардошларимизга бўлаётган Хитой ҳукумати зулмини қўллаб чиққан 50 та давлат ...