Асосий мавзулар
17 май 2019

Cайловми ё тайинлов?

Шу кунларда Ўзбекистонда давом этаётган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови кўпроқ тайинлов тусини олаётгандек.

Чунки, жойлардан олинаётган маълумотларга кўра, номзодлар олдин ҳокимият органлари  тасдиғидан ўтиб, сўнг сайловда иштирок этишига рухсат берилмоқда.

Сирдарёнинг Оқдарё туманида тўрт йил маҳалла раиси бўлган  50 яшар Ширингул Тўхтаева “Элтуз”га берган интервьюсида туман ҳокими Дилмурод Фозилов бу йилги сайловда ўз номзодини қўйишига тўсқинлик қилганини айтди.

“Кўпчилик менинг номзодим кўрсатилишини кутган эди, лекин ҳеч бир асоссиз туман ҳокими Дилмурод Фозилов номзодимни олиб ташлатди. Мен судга мурожаат қилдим. Аммо суд қарорини ҳам инобатга олмасдан, ўзи истаган одамни қўйдирди”, деди “Элтуз”га оқдарёлик собиқ маҳаллақўм Ширингул Тўхтаева.

Сурхондарёлик эндиликда собиқ маҳалла раисларидан бири ҳам “Элтуз”га қаторасига уч муддат маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлгани, бу сафар эса унинг қайта сайланишига тўсқинлик қилинганини билдирди.

“Тўғриси, раисликдан анча чарчаганман. Шунга қарамай, қишлоқдошлар ишни давом эттиришим тарафдори. Сайловдан олдин Тошкентдан келган вакиллар чақиришди.

Ўшалар мен билан суҳбатлашди. Қилган ишларимни айтдим, ҳозирги шароитда қандай ишлаш кераклиги ҳақидаги тасаввурларимни гапирдим. Халқ сайласа, ишлайверамиз, дедим. 

Бунинг устига, пенсия ёшига ҳам 2-3 йил қолди. Ҳеч бўлмаса, пенсияга чиққунимча ишлаш ниятида эдим. Акс ҳолда шу ёшимда бирор ишга олишмайди мени”, дейди суҳбатдош. 

Ҳаммаси ана шу суҳбатдан кейин бошланди. Суҳбатдошимиз сайлов масалалари билан ҳокимликка борганида, ҳоким унинг номзодини сайловга қўйишга қарши экани маълум бўлиб қолди. 

“Ҳоким сени ўтказмайман, Тошкентдан келганлар номзодингни маъқулламади, деган гапларни айтди. Ҳайрон қолдим. Аввалроқ ҳоким сайловда қатнашишимга рози эканини айтганди”, деди “Элтуз” суҳбатдоши. 

Унинг сўзларига кўра, сайлов комиссияси ҳам ҳокимнинг рухсатисиз унинг ҳужжатларини қабул қилишдан бош торган. Шундан сўнг сайловда қатнашишдан этак силкиган. 

Сайловда кўпинча ҳокимлик танлаб олган номзодлар ғолиб чиқаётгани ёки нохолислик бўлаётгани ҳақида мустақил ОАВларда ҳам бир қанча мақолалар чоп этилди.    

Умуман, бу сафарги фуқаролар йиғинлари сайлови аввалги сафардагилардан бирмунча очиқроқ ўтаётгани айтилаётир. Маҳаллий матбуот мазкур сайлов муқобил номзодлар иштирокида шаффоф тарзда ўтказилаётганидан оғиз кўпиртирмоқда. 

Шунга қарамай, фуқаролар йиғинлари сайлови кўпроқ тайинловга ўхшаши, у ҳокимият органларининг кучли назорати ва бевосита аралашувидан холи эмаслиги ҳақидаги иддаолар пуч эмаслигига асослар бор. 

Масалан, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунда мазкур сайловни ўтказувчилар орасида Марказий сайлов комиссияси умуман тилга олинмаган. Асосий ишни эса Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси бажаради. 

Юқорида “Элтуз” суҳбатдоши айтган “Тошкентдан келган вакиллар” айни шундай комиссия аъзолари бўлиши эҳтимоли кучли. 

Ўзбекистонда барча сиёсий ва йирик ижтимоий жараёнлар ҳукумат назоратисиз ўтмаслиги инобатга олинса, комиссиянинг “кўмаги” нимани англатишини тахмин қилиш қийин эмас.

Шунингдек, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунга кўра, раисни сайлашда шу ҳудудда яшовчи барча эмас, балки фуқаролар йиғини, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса фуқаролар вакиллари иштирок этади. 

Бу эса фақат керакли одамлар вакилликка танлаб олиниб, аввалдан келишилган номзодни сайлаш учун яхшигина имконият ҳамдир… 

Мамлакатда навбатда парламент сайлови турибди. Фуқаролар йиғини раислари сайлови мана шу йирик ва муҳим тадбир олдидан бир репетиция вазифасини ўтаб бериши лозим эди. 

Лекин “репетиция”дан кўринадики, Ўзбекистон ҳаётининг қанчалик демократлашаётгани кўзгуси бўлиши кутилаётган парламент сайлови ҳам расмийлар назарида “очиқ ва шаффоф”, демократик ҳамжамият нуқтаи назаридан эса тайинлов сайлови бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Сардор Азим
eltuz.com

Тағин ўқинг
16 октябр 2018
Москвада Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш ишлари 15 октябрга ўтар кечаси тунда олиб борилди. Ёдгорлик 16 октябрь куни очилиши кутилмоқда. ...
21 август 2018
Ҳукуматнинг кўнгилочар масканларга рейдлари ортидан ўзбек матбуотида “тунги клублар”ларни ёмонотлиқ қилиш авж олди. Айни тенденциядаги кўрсатувларни “Ёшлар” телеканали узатди. ...
6 октябр 2016
Сўнгги вақтларда маҳаллий нашрларда Ўзбекистоннинг марҳум президенти хотирасига машҳур кишиларнинг ёдномаларини чиқариш анъанаси кузатилмоқда. “Қишлоқ ҳаёти” газетаси (04.10) бу ...
4 апрел 2018
«Ўзбекконцерт» давлат муассасасида 30 март куни санъаткорлар иштирокида «Тўй-ҳашамларни тартибга солиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда мажлисда ...
Блоглар
19 ноябр 2019
Матбуот хизматлари ва жамоатчилик билан алоқалар соҳаси бўйича таҳлиллар рукнимизнинг янги сонига катта эҳтиёж пайдо ...
14 ноябр 2019
Кеча Лоланинг клипидан сўнг қўштирноқ ичидаги «маънавият» яна долзарб мавзуга айланди. Кўпчилик Лоланинг «исён»ини олқишлаган ...
6 ноябр 2019
Яқинда “Шарқ зиёкори” китоб дўконидан улуғ рус ёзувчиси Лев Толстойнинг “Жахон бестселлерлари” ( аслида “жаҳон” ...