Асосий мавзулар
20 июн 2019

Манба: Бош прокурор Отабек Муродов ДХХнинг қамоқдаги раиси билан боғлиқ тергов доирасида ишдан олинди

Республика бош прокурори Отабек Баҳриддинович Муродовнинг вазифасидан озод этилгани ва унинг ўрнига Ўзбекистон Сенати раиси бўлиб келган Ниғматилла Йўлдошев тайинлангани ҳақидаги хабар 20 июнь куни президентнинг фейсбукдаги саҳифасида очиқланди.

“Элтуз”нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, Отабек Муродов жорий йилнинг 17 июнь куни ишдан бўшатилган. У кейинги икки ой ичида кузатувда («наружное наблюдение»да) бўлган.

Манбанинг айтишича, Отабек Муродов шу кунларда устидан тергов бораëтган ДХХнинг собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев билан боғлиқ жиноят иши фигурантидир.

Иддаога кўра, бир ҳафта олдин қатор мулозимлардан Отабек Муродовга қарши кўрсатмалар олинган.

“Отабек Муродов шу кунда феълан уй қамоғида ва унинг қамоққа олиниши эҳтимоли катта”, дея иддао қилди “Элтуз” суҳбатлашган манба.

Президент дағдасидан олти ой ўтиб ишдан олинди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев жорий йилнинг 10 январь кунги кенгайтирилган селектор йиғилишида: “Эй, прокурор, эшит, агар жиноят камаймаса, Бойсунга прокурор қилиб юбораман. Юрасан сургунда”, дея дағдаға қилган эди.

Бу гап ортидан бош прокурор Отабек Муродов ишдан олингани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди.

“Элтуз” манбаларига кўра, Отабек Муродовнинг ишдан олиниши ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев тергови билан боғлиқ жараённинг давомидир.

“Элтуз” шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон бош прокурори Отабек Муродов президент қабулида бўлиб, унинг коррупция ва бошқа кирдикорларига алоқадор қудратли шахсларнинг таъсири остида ДХХнинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевни ҳимоя қилишга интилгани ҳақида ёзган эди.

Эски мақоладан парча

7 январь куни Ўзбекистон бош прокурори Отабек Муродов президент қабулида бўлиб, олий бош қўмондонга ДХХнинг бир гуруҳ ходимлари томонидан содир этилган жиноятларда генерал Ихтиёр Абдуллаевнинг қўли йўқлиги ҳақида ҳисобот берди.

“Лекин оз сонли одамлар бош прокурорнинг нега бундай ҳисобот беришга мажбур бўлганини билади,” дейди МХХ зобити.

Унинг ёзишича, бир кун муқаддам президент администрацияси молия-хўжалик департаменти раҳбари Зелимхон Ҳайдаров билан бўлиб ўтган суҳбат Отабек Муродовнинг фикрини ўзгартириб юборган эди.

МХХ ходимининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг энг яқин одами сифатида кўрилган ва яқин-яқингача мамлакатдаги энг қудратли шахслардан бири ҳисобланган Зелимхон Ҳайдаров ёш бош прокурорга кўндаланг шарт қўяди – ё президентга Ихтиёр Абдуллаевнинг ДХХ раҳбарлари кирдикорларига мутлақо алоқаси бўлмаганини айтасан ёки ўтмишдаги қилмишларинг фош этилади.

Лекин мактуб муаллифи Отабек Муродовнинг ўтмишдаги қилмишларига тўхталгани йўқ.

“Бундай таҳдидга Отабек Муродов дош бера олмадими ёки бош прокурор этиб тайинлангунигача билвосита раҳбари бўлган шахс жиноятларини очиб ташласа, ўзига ҳам осон бўлмаслигини сездими, нима бўлганида ҳам, девонбоши шартига кўнди”, деб ёзади ДХХ ходими.

Отабек Муродов ва Зелимхон Ҳайдаров учрашуви, “Элтуз”нинг хулоса қилишича, ҳукумат коридорларида Шавкат Мирзиёев сиёсатига яширинча қарши чиқаётган ва унинг ислоҳотларини саботаж қилмоқчи бўлган қудратли шахсларнинг борлигини кўрсатади.

ДХХ ходими йўллаган электрон мактубда ҳам айнан шу ҳолатга алоҳида тўхталган.

“Элтуз”га электрон мактуб йўллаган МХХ ходимининг иддао қилишича, Ўзбекистонда биринчи президент ҳукмронлиги йилларида амалда мамлакатни бошқарган бир гуруҳ шахслар Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсатдан норози бўлиб, уни халқ кўзи ўнгида ёмонотлиқ қилиш ва алал-оқибат ҳокимиятдан ағдариш режасини тузиб чиқиб, бу режани 2018 йилдан бошлаб босқичма-босқич амалда татбиқ этиб келмоқда.

2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ, президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Отабек Муродов Ўзбекистон Республикаси бош прокурори этиб тайинланган эди.

“Элтуз”ни кузатишда давом этинг.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 июл 2016
Сурхондарëнинг Қумқўрғон туманида туғилиб Беҳзод номли рассомлик институтини тугатган 26 яшар Адолатхон Тошкентда яшаб ижод қилади. Асосан китоб графикаси ...
2 сентябр 2019
Ислом Каримов августдаги путч ва Ўзбекистон Мустақиллик декларациясини қабул қилганидан кейин ҳам СССР тарафдори бўлиб қолган. Айни икки воқеадан ...
4 июл 2017
Ўтган июн ойида Ўзбекистон телеканалларида ОАВ ҳақидаги чиқишларга бой бўлди. Бунинг биринчи сабаби 27 июнда ўзбек журналистларининг касб байрами ...
1 август 2018
“Талқончи” нон ушатишда давом этади… Ўзбек маҳбуслари учун чақимчи камерадош билан яшаш қандай ёқимсиз… Собиқ сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон ...
Блоглар
4 декабр 2019
(Муҳаммад Солиҳ ва Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон суҳбатларини тинглаб) 1980 йиллар бошида раҳматли отам Мадамин Бек ...
27 ноябр 2019
Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ижтимоий тармоқда тарқалгани аудиоёзувидаги ҳолатларни текшириш юзасидан ...
19 ноябр 2019
Матбуот хизматлари ва жамоатчилик билан алоқалар соҳаси бўйича таҳлиллар рукнимизнинг янги сонига катта эҳтиёж пайдо ...