Cатира
12 сентябр 2019

Гўштхўр амалдор ёки бир туюр гўштга маҳтал халқ

Ўзининг “Америка касаллиги” билан оғриганини тан олган амалдор халқни кўп гўшт еб қўяётганликда, бунинг натижасида гўшт нархи кўтарилиб кетаётганликда айблади. 

Озуқа етишмаслигини гўшт нархи кўтарилиб кетаётганига биринчи сабаб сифатида келтирган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитовнинг гаплари овқатига бир бўлак гўшт солиш имкониятига эга бўлмаган кўпчиликка масхаралашдек туюлмоқда.

“Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти деб ўйлайсизлар?.. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти. Буни “Америка касаллиги” дейишади, бу касаллик менда ҳам бор, ҳаммамизнинг танамизда ортиқча гўшт бор. Мен фақат гўштни айтмаяпман, овқатланиш маданиятимиз йўқ”, деди мамлакат фермерларининг етакчиси.

У кўпгина туманларда мутасаддилар фермер хўжаликлари майдонларида озуқабоп экинлар экиш ва етиштиришга қаршилик кўрсатаётгани, фермер ўз хўжалигида экинларни эркин жойлаштира олмаслиги, озуқа захираси етишмаслиги эса ўз ўрнида гўшт ва сут маҳсулотлари нархига таъсир ўтказаётгани ҳақида мурожаатлар борлигини ҳам маълум қилди.

Совет даврида пахта майдонларида алмашлаб экиш кенг тарқалган амалиёт эди. Аммо мустақилликдан сўнг марҳум давлат раҳбарининг ҳар бир катта маърузаси ёки қабул қилган ҳужжати ортидан “ислоҳотларнинг янги босқичи”га ўтаверган Ўзбекистонда бу амалиёт йўқолди. 

А.Ҳайитов эса янги президент алмашлаб экишга рухсат берганини билдирди. 

“…бу йил биринчи бор президент қарори асосида пахтачилик хўжаликларининг 10 фоиз майдонида беда экини етиштиришга рухсат берилди. Эндиликда фермер бошқа экинлар бўйича белгиланган ҳосилдорликни таъминласин ва 10 фоиз майдонда чорва учун озуқа ҳам эксин”, деди Актам Ҳайитов.

Бу каби баёнотлар Ўзбекистонда гўшт нархининг мунтазам ошиши фонида янграмоқда. Зеро, аҳоли мазкур нарх ошишининг тўхташига умид қилмаётир.

Сўнгги маълумотларга кўра, Наманган ва Андижонда суякли гўшт 48-50 минг сўм, Фарғонада 50 минг сўмдан сотилмоқда. 

Тошкентда ҳам бундай гўшт нархи 50 минг сўм, аммо лаҳм гўшт баҳоси 60 минг сўмгача боради. 

Тўғри, махсус ташкил этилган ярмаркаларда суякли гўшт нархи 35-38 минг сўмдан. Аммо уларга шунчалик кўп суяк қўшиладики, охир-оқибатда соф гўштнинг нархи бозордагига тенг бўлиб қолади. 

Тошкентдаги қассоблардан бирининг айтишича, бунинг учун битта молнинг гўштига икки-учта молнинг суяги қўшиб сотилади. Натижада улар зарар кўришдан сақланади.

Сирдарёлик қассобнинг айтишича, қишлоқларда ҳафтасига бор-йўғи ярим кило гўшт билан рўзғор ўтказаётганлар сони жуда кўп. Чунки одамларнинг кўпроқ гўшт олишига молиявий қурби етмайди.

Бу эътирофлардан кўриниб турибдики, амалдорларнинг халқни кўп гўшт еяётганликда айблаши мавжуд муаммони хаспўшлаш, айбни аҳолининг зиммасига юклашдан бошқа нарса эмас. 

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 май 2019
Хоразмлик шоир, 56 яшар Маҳмуд Ражабнинг уйига 10 май куни соат кечқурун 18.30 да ўзларини BИБ ходимлари деб атаган ...
25 сентябр 2021
Саид Муҳаммад Раҳимхон II Россия империясига ўз юртини бой берган Хиванинг охирги ҳукмдори эди. Аммо тан олиш керак, у ...
28 ноябр 2016
Интернетда бош вазирнинг виртуал қабулхонасига оид латифанамо гап-сўзлар кўпайиб бораётган бир пайтда маҳаллий матбуот уни кўкларга кўтаришда давом этяпти. ...
9 ноябр 2023
Избоскан тумани Андижон вилояти таркибида таъсис этилганига 97 йил бўлган. Аммо, Элтуз суҳбатлашган избосканликлар, туман тарихида бирон ҳоким Серобиддин ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...