Асосий мавзулар
26 сентябр 2019

Журъатнинг рухсат этилган даражаси

Шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб тақдири борасида Ўзбекистондаги маҳаллий журналистларнинг журъати Хоразм вилояти ИИБнинг у ҳақдаги расмий баёнотларини эълон қилишгагина етди. 

Оммабоп бўлган маҳаллий интернет нашрлари турли муаммоларни кўтариб чиқаётганлари ортидан олқишлар олишдан чарчамаяпти.

Аммо бу чиқишлар асло ҳақиқий журналистиканинг инъикоси эмаслигини Маҳмуд Ражаб иши мисолида уларнинг ўзлари ҳам тан олиши керакка ўхшайди.

Маҳмуд Ражаб, аввало, маҳаллий журналист. Унинг Муҳаммад Солиҳ китобларини олиб киришда айбланиши халқаро ташкилотларнинг ҳам, Ўзбекистондан ташқаридаги нашрларнинг ҳам эмас, биринчи навбатда, маҳаллий журналистларнинг бош мавзуси бўлиши керак эди аслида.

Аммо, афсуски, шу ўринда журъатнинг улар учун кимлардир белгилаб берган даражаси кўриниб қолди. 

Бу даража Муҳаммад Солиҳ ижодига ишқибозларнинг адабиёт мухлиси бўлгани учун жазоланиши эҳтимоли олдида жуда пастлиги аён бўлмоқда.

Ўша оммабоп сайтларнинг изоҳларида муштарийларнинг “Унинг айби нима экан? Нега Тошкентга юриш қилибди?” каби мазмундаги саволлари ҳам жавобсиз қолмоқда.

Чунки бу саволлар журъатнинг белгиланган даражасидан ошиб ўтишни талаб этади. Аммо бу даражадан сакрайдиган маҳаллий нашр топилмаяпти.

“Хабар”чилар, “дарё”чилар, ўқувчиларингиз учун расмийлар айтаётган фуқаро Маҳмуд Ражабов бошқа, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб бутунлай бошқадир.

Бошқалиги шундаки, билмаганлар учун Маҳмуд Ражабов ўз манфаати ҳимоясида ҳокимиятни шантаж қилишга уринган бир фуқаро, билганлар учун мухолифат етакчиларидан бири, шоир Муҳаммад Солиҳнинг китобларини кўтариб юргани учун ноҳақ айбланаётган шоир ва журналистдир. 

Шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг тақдири, ҳеч ким билмайдиган фуқаро Маҳмуд Ражабовдан фарқли ўлароқ, сиёсий масаладир.

Бу тақдир бугунги ҳукумат юритаётган сиёсатга тутилган лакмус қоғозидир. 

Шу кунларда оммабоп интернет нашрлар ҳимоя қилаётган (аслида бор-йўғи бу ҳақда маълумот характеридаги ахборотни тарқатаётган) “Кun.uz” мухбирининг иши сўз ва фикрлаш эркинлиги нуқтаи назаридан Маҳмуд Ражаб воқеасидан асло кам эмас. 

Лекин уларнинг битта фарқи бор. Бу фарқ сўз эркинлигининг сиёсий элитанинг бугунги кайфияти ва журъатнинг кимлардир белгилаган даражасида эканлигида кўринади.

Ҳамкасблар, унутманг, журъатнинг бугун сиз учун белгиланган даражасидан баландроқ бўлмас экансиз, бу даража эртага янада пасаяди!

СЎЗингизни ҳимоя қилинг, ФИКРингизни ҳимоя қилинг! 

Чунки сиз ҳимоя қилишингиз мумкин ва шарт бўлган бу тамойиллар амалдаги президент сиёсатининг қай даражада самимийлиги ва Ўзбекистоннинг яқин истиқболи қайси йўналишда кетишини белгилаб бериши билан ўта муҳимдир.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 март 2016
«Ҳуқуқ» газетаси мана шу комбинат билан боғлиқ навбатдаги фирибгарлик ҳақида мақола эълон қилди. Маълум бўлишича, ангренлик шахс комбинатнинг шахта ...
18 декабр 2015
Малоҳат Эшонқулова мустақил журналист, Eltuz.com Жиззахлик қонун идоралари ходимлари, хусусан «Дўстлик» туман ИИБ катта терговчи Ориф Анорбоев Ўктам Пардаевга ...
7 август 2020
25 июль куни қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров пневмония билан касалланиши оқибатида қамоқхонада вафот этди, аммо ўлим сабаби аслида ...
25 март 2022
Мамлакат мустақиллиги, эрк ва озодлик туйғуси озгина бўлса ҳам ичида борлар билан суҳбат қураëтганимга ишонаман. Улар балки минг, балки ...
Блоглар
8 феврал 2025
Шу пайтгача «Анора» деган икки фильм олинди. Биттаси етим қизнинг ашлачи бўгани ҳақида¸ яна биттаси ...
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...