Асосий мавзулар
21 октябр 2019

Ҳукумат диний сиёсатни қайта кўриб чиқяптими?

Сўнгги вақтлардаги воқеликлар Ўзбекистонда диний масалалар устидан назорат яна кучайиш сари юз тутганидан дарак бермоқда. 

Зеро, жамиятда диний эркинликнинг аввалги даврдагига нисбатан ортиши дунёвий ва диний гуруҳлар ўртасида ҳозирча сезилар-сезилмас бўлган қарама-қаршиликларга сабаб бўлмоқда. 

Расмийлар сўнгги уч йил давомида диний айблар билан қамоққа ташланган ва жазони ўтаган минглаб фуқаролар қора рўйхатлардан чиқарилгани, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига имконият яратилгани тўғрисида ҳисоботлар бермоқда. 

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда ҳам диний блогерлар фаоллашуви, ҳатто баъзилар томонидан радикал фикрлар билдирилаётгани ҳам кузатилди. 

Аммо Ўзбекистонда дин соҳасида сўнгги вақтларда юз бераётган воқеалар ҳукумат диний эркинлик соҳасидаги сиёсатини қайта кўриб чиқаётганини кўрсатмоқда.

Жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти ўзгартирилди, муфтийнинг ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур бошқа ишга ўтказилди. 

Мана шу воқеалар фонида Ўзбекистон президентининг 4437м рақамли махфий қарорига оид тафсилотлар мустақил матбуотга сиздирилди.

Бу қарор марҳум президент Ислом Каримов давридаги диний сиёсатга қайтишга ишорат қилувчи нуқталарга тўлалиги билан эътиборни тортади.

Хўш, бу жараёнлар нималардан дарак беради?

Таҳлилчи Акбар Ориповнинг “Элтуз” билан суҳбатда таъкидлашича, салгина диний эркинлик ҳам жамиятдаги радикал кайфиятдаги диндорларнинг жилови қўлдан кетишига олиб келишини  кўрсатмоқда. 

“Каримов турмаларида йиллаб ётса-да, ўз қарашларидан, эътиқодидан қайтмаган ашаддий диндорлар бор. Бугун уларнинг ҳам анчагинаси озодликка чиққан. Бир хиллари тинчгина ибодатини қилиб, радикалликдан узоқлашди. Бироқ баъзилари радикал қарашларидан қайтгани йўқ. 

Энг ёмони, улар бу қарашларини жамият орасида ёйишга киришиб кетяпти. Улар берилган имкониятни ўзларининг ғалабаси сифатида кўра бошлади”, дейди таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, айни шу сабабли ҳукумат сўнгги вақтларда юритаётган диний сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда. 

Каримов жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз, деб қанча оғиз кўпиртирган бўлмасин, аслида жаҳолатга қарши жаҳолат билан курашган эди. Минглаб оддий намозхонлар радикал кайфиятдаги диндорлар қаторида турли айблар билан қамоқхоналарга ташланганди.

Аммо президент Шавкат Мирзиёев даврига келиб диний йўналишда таълим берадиган ўқув муассасалари сони кўпайиб, турли диний марказлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. 

“Бу ҳаракатлар аввалги режим хатоларини такрорламай, диний сиёсатни халқаро ҳамжамият фикрига мувозанатли шаклга келтиришга йўналтирилган. Сўнгги вақтларда диний айблар билан ушланиб, қамалаётганлар ҳақида тарқалаётган хабарлар эса ҳукумат радикалларга нисбатан муросасиз бўлиш йўлини танлаганини кўрсатади”, дейди Акбар Орипов “Элтуз” билан суҳбатда. 

Масаланинг яна бир жиҳати бор. Шу пайтгача турли таҳдидлар билан жамиятни қўрқувда ушлаб келган хавфсизлик тизимлари бу вазиятни ўз фойдасига ағдариб, яна ўзи хон, кўланкаси майдон даврларни яратишга уринмайдими? 

“Воқеаларнинг шу йўналишда ривожланишини ҳам эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди. Эски замонларга қайтмаслик учун мавжуд ҳокимиятнинг сиёсий иродаси талаб этилади”, деди таҳлилчи бу масалада фикр билдириб.

Eltuz,com

Тағин ўқинг
15 апрел 2024
Ўзбек тили ва элининг эркин бўлиши учун курашган, умрининг сўнгига қадар демократиянинг Ўзбекистон учун энг маъқул тизим эканини айтиб ...
27 декабр 2017
Президент Мирзиёевнинг Олий Мажлисдаги танқидидан сўнг Молия вазирлигидаги 500 дан зиёд ходим бўшатилди. «Молия тизимининг номига доғ тушираётган “каламушлар”ни ...
2 октябр 2015
29 сентябр куни ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева ва Малохат Эшонқуловалар Хоразм вилоят Хазорасп ТИИБ милиционерлари томонидан ушланган ва ...
6 сентябр 2023
2023 йил 3 август куни “Indorama Agro” компаниясида инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ерларнинг ноқонуний тортиб олинаётгани юзасидан Ўзбекистон инсон ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...