Блогернинг адвокати мажбурий психиатрия қарорига қарши cудга шикоят киритди
Мажбурий тартибда руҳий шифохонага ётқизилган хоразмлик 32 яшар блогер Нафосат Оллошукурованинг адвокати фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилояти судлов ҳайъатига 6 ноябрь куни кассация шикояти топширди.
“Нафосатни руҳий шифохонага ётқизиш ҳақидаги суд қарори “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тўғрисидаги қонун”нинг 27-моддаси талабларига хилоф. Нафосат Оллошукурова суд мажлисига чақирилмаган. Унинг руҳий ҳолати бузилганига тўлиқ ишонч ҳосил қилинмаган. Психиатрик экспертиза хулосаси олинмаган. Суд қарорига ёлғонлардан иборат ариза асос қилиб олинган”, дея билдирилади кассация шикоятида.
Нафосат билан 6 ноябрь куни учрашган адвокат Умид Давлетовнинг сўзларига кўра, психиатрик диспансер шароитлари ва Нафосатнинг аҳволи “яхши”.
Икки фарзанднинг онаси Нафосат Оллошукурова Жаҳон тиллари университетини инглиз тили мутахассислиги бўйича тамомлаган. У ўзининг жамиятдаги фаол позицияси билан танилган. Унинг яқинлари блогер илгари ҳеч қачон руҳий касалликка учрамаганини билдиришади.
Гарчи у ноҳақликларга қарши эмоционал ва кескин чиқишлар қилса-да, адолатпарвар инсон бўлганини айтишади.
Нафосат фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг қарори билан 2019 йилнинг 30 сентябридан буён Хоразм вилояти асаб касалликлари диспансерида мажбурий сақланмоқда. Бу қарордан аввал у журналист Маҳмуд Ражаб ҳимоясига уюштирилган норозилик акциясидаги иштироки учун 10 кунлик қамоққа олинган эди.
Қатор ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари, жумладан, Халқаро амнистия, “Пахта кампанияси” коалицияси ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси блогерни руҳий шифохонадан чиқариш талаби билан баёнотлар беришган.
Eltuz.com