Асосий мавзулар
27 январ 2020

Қарсакларга мойил бўлиб бораётган президент

Бугунги замондаги ўзбекнинг қўллари қарсаклардан қавармайдиган бўлиб кетди. Аслида илгари ҳам миллатимизнинг қўли қарсаклардан қавармаган. 

Инқилобгача бўлган даврда халқимиз амир ёки хоннинг нутқини қарсак билан қарши олганини, тўғриси, ўқимаганман.

Қарсакбозлик анъанаси совет давридан бошланганди. Бугун авжига чиқди. Президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси бунинг далилидир.

Совет даври газеталарини ўқиганлар яхши эслашади, уларда “қарсаклар”, “гулдурос қарсаклар”, “давомли қарсаклар” каби эслатмалар компартия раҳбарларининг нашр этиладиган маърузаларида қавс ичида алоҳида келтириларди.  

Бугунги кунимизнинг воқелиги шундаки, маърузалар ўхшаш, лекин қарсаклар қаерда янграгани тўғрисида нашрларда эслатиб ўтилмайди. 

Лекин давлат раҳбарининг ўндан ошиқ ТВ каналлари орқали олиб эшиттирилган маърузасида қарсаклар қаерда янграганини аниқ кўришингиз мумкин. 

Эътибор бериладиган битта нуқтаси бор. Давлат раҳбарининг нутқида қаерда қарсак чалиш кераклиги алоҳида оҳанг билан билдириладиган жойлар бор.

Эсингизда бўлса, марҳум президент Ислом Каримовнинг маърузаларида “нима дейсизлар”, “мана, сизларга таянаман”, “қўллаб-қувватлайсизлар деган умиддаман” каби жумлалар бўларди. 

Бу жумлалар президент томонидан ўқилганидан сўнг қарсак чалиш шарт эди. Президент ҳам бу жумлаларни қарсакка даъват оҳангида ўқир эди. Ана кейин қарсакбозликни кўринг.

Куни кеча президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида айнан шундай қарсакка даъват этувчи жумлаларни, оҳангни кўрдик. 

Худди Каримов маърузасида бўлганидек, худди Каримов замонидагидек. Афсуски, бугун ўзгараётгани айтилаётган жамият вакиллари, парламент аъзолари худди ўша замонлардагидек қарсакбозлик анъаналарига содиқлигини кўрсатди. 

Мурожаатномадаги қарсакларга даъват жумлалари Каримов давридагига ўхшаб кетаётгани бежиз эмас. Чунки унинг ҳам, жорий президентнинг ҳам спичрайтери, ўзбекча айтганда, маърузаларини ёзиб бергичи ҳали ҳам битта одам. Шунинг учун нутқлар ўхшашлигига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. 

Мурожаатномани жонли эфирга кўрган танишим билан таассуротларимизни ўртоқлашдик. Албатта, қарсаклар борасида ҳам фикр алмашдик. 

“Президент қарсакларга мойил бўлиб бораётганга ўхшаб қолди. Боз устига, ўзи қарсакбозликка даъват қилаётгандек кўринди. Унинг бу истаги олдида тўпланганлар истар-истамас қарсакбозлик томошасига қўшилишга мажбур бўлаётгани аниқ кўриниб турди”, деди танишимиз.

Худди шу жойда “гўштхўр” спикер ўринбосари Актам Ҳайитовнинг ўзини тутиши бир мисол ўрнида ўта олади. 

Навбатдаги қарсакбозлик учун ҳамма қатори ўрнидан турган “гўштхўр” ўзига камера тутилишини кутмаган шекилли, аввалига совуқ башараси кўринди. Кейин эса камера тутилгани заҳоти совуқ башара сохта табассумга қоришди. 

Кўпчилик бу ўринда президентнинг ташаббусларига нисбатан чин муносабатни кўрди. Қарсакбозлик бор, лекин амалий ҳаракат тобора камайиб бормоқда. 

Энг асосийси, халқнинг президент сиёсатига икки йил олдингидаги каби ишончи кундан кун сўниб бораётир. Бу ҳақиқат. 

Балки қарсакбозлик ва мақтовлар соясида президент бу ҳақиқатни кўрмаётгандир. Чунки мақтов Аллоҳга ҳам ёққан экан. Бандасига эса тем более.

Президент ҳам банда. Шунинг учун қарсакбозликларни, айниқса, унинг қарсакбозликка даъватларини кўриб, ўша йўқолаётган ишонч ойлар ўтган сари янада камайиб кетиши равшанлашаётгандек. 

Бугун қарсакбозлик қилган бу қўлларнинг аксарияти амалдаги президент ёзғираётган Каримов даврида ҳам чапакка зўр берарди. Улар ҳозир ҳам шу анъаналарида содиқдирлар.

Мурожаатнома тақдим этилган залдаги қарсакбозлик замонавий кўринишда ОАВ орқали давом этди. 

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси танқид қилинганда қуёнчиғи тутадиган Акмал Саидов президентнинг Олий Мажлисдаги маърузаси юзасидан фикр билдириб, уни “Ўзбекистон халқига ва жаҳон ҳамжамиятига мурожаат деб баҳолаш мумкин”, дея замонавий қарсакбозлик қилди. 

Яна Сенат раисининг биринчи ўринбосари мақоми билан сийланган Содиқ Сафоев эса ундан ўтиб тушди. 

У “Ўзбекистон муҳташам 10 йиллик даврига кирди”, деб эълон қилиб юборди. Кейинги 10 йилда ҳам аҳолиси дунёда энг қашшоқлар қаторидан чиқиши ҳозирча даргумон бўлган мамлакат ҳақида бундай дейиш учун маддоҳларга сардор бўлиш керак.

Шавкат Мирзиёев замонни, мамлакатни ўзгартиришга астойдил бел боғлагандир балки. Сўнгги айрим ўзгаришлар бунга ишора беради. 

Лекин қарсакбозлик ва қарсакбозлар ўзгармаган. Ўша эскичасига давом этмоқда. Бу эса ҳар қандай янги ижобий ўзгаришларга нисбатан ишончни ўлдиради. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 август 2018
Швециянинг Telia трансмиллий коммуникация компанияси собиқ бошқарувчилари 4 сентябр куни Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнорага пора беришгани ...
6 декабр 2021
«Албатта, керагидан кўп хато қилганмиз, улардан жуда афсусдаман. Энг катта хатоим суд, жин урсин, мустақил суд тизимини туза олмаганимиз ...
17 март 2017
16 март куни эрталаб, иммиграция қоидаларини бузганлик айби билан ушланган Россиянинг «Новая газета» мухбири 30 яшар ўзбекистонлик Худоберди Нурматов ...
22 октябр 2022
Мухбир: Тўлиқ асарлар тўпламингиз чиқаётган экан. Адашмасам, 9 том. Бу жуда катта ҳажм! Мен ҳурсанд бўлдим. Турклар буни «Куллиёт» ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...