Асосий мавзулар
24 феврал 2020

Андижондаги оммавий қирғиннинг Ўзбекистондаги камдан-кам эътирофи

Брюс Панье, RFERL.ORG

2005 йил 13 май куни эрталаб яқиндагина қамоқхонадан қочиб чиққан бир гуруҳ қуролланган шахслар Ўзбекистон шарқидаги Андижон шаҳрида ҳукуматнинг баъзи амалдорларини ўлдириш билан бирга, бошқаларни ҳам гаровга олишди.

13 май воқеаларидан бир неча кун олдин Андижонда юзлаб маҳаллий аҳоли иштирокида тинч норозилик намойиши бўлиб ўтди. Жамоат тартибининг бузилиши натижасида шаҳар кўчаларини эгаллаган қуролли гуруҳ аъзолари ва тинч норозилик намойиши иштирокчиларига қизиқувчан одамлар ҳам қўшилиб кетишди.

Ушбу воқеалардан етти ҳафта олдин Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Қирғизистон президенти Асқар Акаевнинг ҳокимиятдан қандай қилиб четлатилганини, март ойи охирида рўй берган халқ инқилобини катта ташвиш билан кузатган эдилар. 

Ўзбекистоннинг авторитар президенти Ислом Каримов Қирғизистондаги воқеалар такрорланмаслигининг олдини олиш мақсадида Андижонда издан чиққан тартибни тиклаш учун у ерга ҳарбийларни сафарбар этди. Бу қонли қўзғалонни вужудга келтирди.

Ўзбекистон ҳукуматига кўра, 187 киши ҳалок бўлган. Уларнинг аксариятини аскарлар ва намойишчилар ташкил этади.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, ҳалок бўлган 60 га яқин киши тинч норозилик намойиши иштирокчилари бўлган. Аммо гувоҳликлар шуни кўрсатмоқдаки, тинч аҳоли орасида қурбон бўлганлар сони бир неча баравар юқори. 

Баъзи маълумотларга кўра, қурбонлар сони 1000 кишидан кўп. Шу билан бирга, оммавий қабрлар ковланиб, жасадлар Россияга олиб кетилгани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалган. Холис суриштирувлар ўтказиш бўйича халқаро мурожаат ва талаблар рад этилган. 

Лом-лим дейилмаган фикрни эсга тушириш

Ўзбекистон ҳукумати ушбу воқеа ҳақида ҳикоя қилувчи саҳифани аллақачон буклаб ташлаган. Хунрезликлар содир этилган кундан то бугунгача зўравонликлар ҳақида очиқ-ойдин гапиришдан тийилмоқдалар. 

Бироқ яқинда жуда кўпчилик орзиқиб кутган хабар тарқатилди. 2005 йилда Андижонда рўй берган даҳшатли воқеа ҳақида гапирилди ва хатоларга йўл қўйилганлиги тан олинди.

7 февраль куни Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова “Qalampir” ўзбек ахборот агентлигига интервью берди. 

Андижондаги қонли қўзғалон натижаларини текширишда иштирок этган Ортиқова 2005 йил 13 май куни шаҳарда “бегуноҳ” одамларнинг отиб ўлдирилганлигини алоҳида таъкидлади. 

Шу тариқа Ўзбекистон ҳукумати мулозими томонидан биринчи марта бундай айб тан олинди.

Светлана Ортиқова бундай деди: “Аоқа воситалари яхши ишламаган, вақтида командир у ёки бу топшириқларни англамаган, тайёргарлик бўлмаган … Биз ҳам хатоларга йўл қўйдик”. 

Ортиқова қўзғалон учун масъул бўлган айрим ҳарбий хизматчиларнинг исми-шарифларини айтмасдан, уларнинг қамоққа маҳкум этилганини, ҳатто жазосини ўтаб келиб, тинч ҳаётда яшаётганини таъкидлади. 

Мухбирнинг “Нега энди бу маълумотлар ошкор қилинмоқда?” деган саволига Ортиқова бундай деб жавоб берди: “Ўзбекистон Каримов вафотидан кейин, Шавкат Мирзиёев мамлакат президенти сифатида иш бошлагандан сўнгги уч йил ичида ўзгаришларга юз тутди”.

“Ўша пайтларда (Каримов даврида) Ўзбекистон ёпиқ давлат эди, – деди Ортиқова. – Ҳозир янги Ўзбекистон. Эндиликда сиёсатнинг янги услублари пайдо бўлди. Энди янги сиёсий иродалар пайдо бўлди”.

Ҳа, Ортиқова ҳозирча ўз суҳбатида Андижон воқеалари ҳақида батафсил маълумотлар бермади. Лекин унинг йиллар давомида муҳокама қилинмаган ушбу масалани кўтариши барибир муҳим аҳамиятга эга. 

Ортиқова бутун касбий ҳаётини совет давридан бошлаб прокуратура тизимида ўтказган. Шу пайтда у Андижон шаҳри яқинидаги Наманган шаҳар прокуратурасида ишлаган. Кейинчалик у парламент аъзоси бўлган. 

Бош прокурор ўринбосари этиб тайинланишидан олдин Ортиқова Сенат раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган, Ўзбекистон парламентининг юқори палатасида ишлаган.

2005 йил май ойида Ортиқова Бош прокуратуранинг матбуот котиби лавозимида ишлаган. У ўз вақтида Андижондаги қатлиомларга кимлар жавобгар экани, у ерда нималар содир этилгани ҳақида кўпчилик олдида очиқ гаплар айтган. 

Шунинг учун Ортиқованинг Qalampir сайти мухбири саволларига жавобини қандайдир эҳтиётсиз амалдорнинг оғзидан тасодифан чиқиб кетган изоҳ сифатида қабул қилиш керак эмас. Бу ҳукуматнинг Андижон воқеаларига оид хатоларни тан олишга тайёрлигини англатадими?

Кўпчилик Ортиқованинг баёнотидан ҳайрон. Унинг Андижон воқеалари пайтида йўл қўйилган хатоларни эътироф этиши нималарни англатади? Бу ўзбек ҳукуматининг ушбу хунрезликларни тан олишга тайёргарлик кўраётганидан далолатми? 

Яна кўп масала, шу жумладан, аслида 2005 йилда Андижонда нималар бўлган эди, деган савол кўндаланг қолмоқда.

Фожеали воқеаларни мустақил тергов қилишга йиллар давомида даъват қилиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан оммавий қотилликлар содир этилган заҳоти ўтказилган текшириш натижаларидан ялпи норози эканликларини таъкидладилар. 

Ортиқова ўз суҳбатида ушбу тергов ишларида иштирок этганини таъкидлаган. Гарчи Каримов 2016 йилда вафот этган бўлса ҳам 2005 йилдаги оммавий қотилликларнинг асосий “раҳнамо”лари бўлмиш айрим амалдорлар ҳали тирик.

Зокир Алматов 2005 йил май ойида Ўзбекистон ички ишлар вазири бўлган. Кўпчилик Андижондаги қуролли қўшинлар ҳаракатларида уни бош айбдор деб ҳисоблайди. 

Алматов Андижондаги хунрезликлардан бир неча ой ўтиб соғлиғи ёмонлашгани сабабли нафақага чиққан, аммо у 2018 йил февраль ойида ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси сифатида яна пайдо бўлди.

Рустам Иноятов 2005 йил май ойида Миллий хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган. У 2018 йил январда ушбу лавозимдан озод қилинган ва ҳозир 75 ёшда, истеъфога чиққан. 2005 йил май ойида амалдаги президент Шавкат Мирзиёев бош вазир эди.

Ҳеч бўлмаганда, Ортиқова ушбу кўп йиллик сукутдан кейин Андижондаги фожеали воқеаларни муҳокама қилиш имконини тақдим этди. 

Шунга қарамай, деярли 15 йил олдин Андижонда ҳақиқатан нималар юз бергани ҳақида кўп масалалар очиқлигича қолмоқда ва балки ўзбек амалдорлари бу каби саволларга жавоб беришга ҳали тайёр эмас.

Мақола Озод Европа ва Озодлик радиоси журналисти Брюс Панье томонидан ёзилган, инглиз тилидан Элтуз таржимаси

Тағин ўқинг
9 январ 2018
6 январдан инстаграм ва фейсбук саҳифаларида стихияли тарзда ўзбеклар дўппи флешмобини бошлашди. Унга тармоқда бошқа миллатлар ҳам қўшилишди. Зардўзию ...
27 феврал 2018
Андижон вилоят Анкология диспансерига Олтинкўл туманидан кўкрак бези саратони ташхиси билан ётқизилган беморлар сони кўпаймоқда. Аҳолиси 155 минг киши ...
13 апрел 2017
Ўзбекистонда давлат тилига катта эътибор ҳақида кўп гапирилаётганига қарамай, мамлакатда ўзбек тилини мустақил ўрганиш бўйича қўлланмани топиш анқонинг уруғидек ...
26 март 2020
“Вақт машинаси” рукни остидаги бугунги ҳикоямиз Россия истибдоди остидаги Туркистонда ижтимоий танглик ҳукмрон бўлган давр – ўтган аср бошларида ...
Блоглар
30 март 2020
Туман марказига бориб келдим. Ишим бор эди. Қалампир ва помидор кўчатлар сотяпти экан. “Помидор кўчати ...
30 март 2020
(Эпистоляр эссе) Марҳабога Кўпинча адабий муҳитдан чарчаганимда сенга сим қоқаман. Балки опамдек яқиним бўлганинг учундир ...
23 март 2020
Ўзбек кинорежиссёри Сарвар Каримов 21 март куни ўзининг фейсбук саҳифасида “Сарвиқомат дилбарим” фильмидаги ўпишиш саҳналари ...